SJ News II - шаблон joomla Авто

""Adolat" sosial-demokratik partiya Siyosiy Kengashi raisi"

Thursday, 14 April 2022 03:12

Фанлар академиясида Ўмонлик талабалар иштирокида семинар бўлди

Rate this item
(0 votes)

Бугун, 13 апрелда Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида Ўмон Мудофаа вазирлиги Қўмондонлик-штаб факультети талабалари ташриф буюрди. Ташриф доирасида меҳмонлар Институт фаолияти билан яқиндан танишди ҳамда «Ўзбекистон тарихи ва унинг Ўрта Осиё минтақасидаги қўлёзмаларни асрашдаги ўрни» мавзусида семинар ташкил этилди.

Маърузани ЎзР ФА Шарқшунослик институти директори тарих фанлари доктори профессор Баҳром Абдуҳалимов ўқиди. Маъруза араб тилида бўлди. Олим маърузасида Ўзбекистон тарихининг минтақадаги ўрни ҳақида қимматли маълумотлар берди. Жумладан, араблар орқали кириб келган Ислом динининг мамлакат ва минтақа тарихидаги ўрни ҳақида ҳам гапириб, Ўрта Осиё етиштириб берган қомусий олимлар, дин уламоларининг дунё цивилизациясига қўшган ҳиссасини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон тарихининг хронологик ривожланиш босқичлари, унда ҳукм сурган давлатларнинг ривожланиш ва тараққиёт босқичлари ҳақида хорижлик меҳмонларга қимматли маълумотларни улашди.

Шунингдек, Шарқшунослик институтида сақланаётган қўлёзмалар фонди ҳамда Институтнинг Ўмон давлати билан олиб бораётган фаол ҳамкорлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.

Маъруза сўнггида меҳмонлар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олди.

Маълумот ўрнида, Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фонди 1943 йилда, ўша пайтдаги халқ кутубхонаси (ҳозирги Миллий кутубхона)нинг Шарқ бўлими асосида ташкил этилган. Шундан бошлаб бу фондда қўлёзма манбаларни ўрганиш ишлари бошланган.

Фонд таркибида 26 минг жилд қўлёзма, 40 минг жилдга яқин қадимги тошбосма услубидаги китоблар сақланади. Бундан ташқари, 5 мингдан зиёд асл нусхадаги тарихий ҳужжатлар бор. Шунингдек, хориждаги фондларда сақланаётган китоблардан олинган микрофильм ва фотокопиялар фондларимиз ҳам бор.

Бу улкан мерос фаннинг турли соҳаларига оид. Хусусан, табобат, кимё, математика, тарих, ислом илмлари — аждодларимиз шуғулланган барча фан соҳаларига доир манбалар ўрин олган. Қўлёзма манбалар IX асрдан бошлаб ХХ асргача бўлган даврга оид бўлиб, араб, форс, қадимги туркий ва бошқа шарқ тилларида ёзилган, деб хабар беради Ўзбекистон фанлар академияси матбуот хизмати.

Read 677 times

BIZ BILAN BOG'LANISH

Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…