(Ҳиндистон, Пуна шаҳри, 28 – 30 январь)
2020 йилнинг 28 – 30 январь кунлари Ҳиндистоннинг Пуна шаҳрида “Образы Индии в России и образы России в Индии” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унинг очилиш маросимида Россия Федерациясининг Ҳиндистондаги консуллари Кристина Бойка ва Сергей Фадеев ҳамда Савитрибай Пхул Пуна Университети профессорлари Нитин Кармалкар, Парфулла Павар, Ража Диксит каби олимлар иштирок этишди.
Мазкур халқаро конференцияда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳрн Беруний номидаги Шарқшунослик институти таянч докторанти Умида Куранбаева “Место русского перевода “Индии” Беруни в межкультурном диалоге” мавзусида маъруза қилди. Тадқиқотчи ўз маърузасида буюк қомусий аллома Абу Райҳон Берунийнинг “Ҳиндистон” асари ва уни рус тилига таржима қилган шарқшунос-олимлар, шунингдек мазкур асар юзасидан илмий ишлар олиб борган тадқиқотчилар тўғрисида сўз юритиб, Беруний илмий меросинининг ҳозирги вақтда ҳам катта илмий аҳамият касб этишини алоҳида таъкиблади. Бундан ташқари маърузада, Беруний илмий меросининг Ҳиндистон тарихига таъсири ҳақида ҳам маълумот берилди. Маъруза якунида конференция қатнашчилари ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олдилар.
Конференция ёпилиш маросимида Умида Куранбаева Савитрибай Пхул Пуна Университети ректори профессор Натин Р. Кармалкар томонидан сертификат билан тақдирланди.
Анжуман якунлангандан сўнг, тадқиқотчи Савитрибай Пхул Пуна Университети кутубхонаси ва у ерда таҳсил олаётган университет талабалари билан яқиндан танишиб, мулоқот олиб борди. Айни вақтда талабаларнинг Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тараққиёт жараёнлари ва илмий ютуқлар тўғрисидаги саволларига қисқача маълумот берди. Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти томонидан Пуна университети кутубхонасига китоблар тақдим этилди.