SJ News II - шаблон joomla Авто

"ADOLAT" SOSIAL-DEMOKRATIK PARTIYASI

Saturday, 29 May 2021 03:53

Ёш шарқшуносларнинг халқаро анжумани

Rate this item
(0 votes)

 Бугун Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида «Ўзбекистонда ислом маданияти, тарихи ва санъатини ўрганишнинг янги истиқболлари» мавзуида академик Убайдулла Каримов хотирасига бағишланган халқаро онлайн ва оффлайн конференция бўлиб ўтди. Мазкур халқаро анжуманнинг ташкилотчилари - Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA, Туркия).

Ўзбекистонда сўнгги йилларда ислом тарихи, маданияти ва санъатини ўрганишга бўлган эътибор ва ёндашувлар ўзгарди ва бунинг натижаси ўлароқ бу жабҳада амалга оширилаётган ишлар ҳам янги сифат босқичига кўтарилди. Бунга мисол тариқасида республикамизда кейинги йилларда ташкил этилган ва бугунги кунда самарали фаолият олиб бораётган Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Имом ал-Мотуридий халқаро илмий тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини келтириш мумкин.

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) мазкур ташкилотлар билан исломшуносликнинг турли масалалари бўйича яқиндан ҳамкорлик қилиб келади. Кейинги йилларда шу ташкилот иштирокида республикамизда исломшунослик ва ислом цивилизацияси тарихига доир бир нечта халқаро конференциялар ўтказилди, шу марказлар кутубхоналарига алломаларимиз илмий мероси намуналарининг нашрлари, қўлёзмаларининг электрон нусхалари келтирилди.

Бугун бўлиб ўтган “Ўзбекистонда ислом маданияти, тарихи ва санъатини ўрганишнинг янги истиқболлари” мавзуидаги халқаро конференция ҳам IRCICA ташкилотининг ислом фани ва маданияти тарихини ўрганишга ўз ҳиссасини қўшиб келаётган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти билан ҳамкорликдаги катта бир тадбири бўлди. Бу конференция таниқли шарқшунос олим, ар-Розий, Беруний, Ибн Сино каби энциклопедист алломаларнинг илмий меросини халққа етказиш ишига ўз ҳиссасини қўшган академик Убайдулла Каримов хотирасига бағишланди.

Ёш шарқшуносларнинг академик Убайдулла Каримов номидаги конференцияси Шарқшунослик институти учун анъанавий бўлиб, 2004 йилдан бери ўтказилади. 2019 йилдан эса у республика миқёсидаги тадбирдан халқаро даражага кўтарилди. 

        Тадбирнинг расмий қисмидан аввал иштирокчилар учун Институт қўлёзмалар фондидаги манбаларнинг нодир намуналари қўйилган кўргазма уюштирилди.

       Конференция иши  Ислом тарихи, маданияти ва санъатини тадқиқ этиш маркази (IRСIСА) бош директори профессор, доктор Маҳмуд Эрол Қилич ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директори, профессор, тарих фанлари доктори Баҳром Абдуҳалимовнинг кириш сўзлари билан очилди. Шундан сўнг конференция иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси  президенти академик Б. С. Юлдашев, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Ш. Ш. Миноваров, Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори  профессор З. Исломов, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази, ҳамда Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Имом ал-Мотуридий халқаро илмий тадқиқот марказлари директорлари ўз табрик сўзлари билан мурожаат қилдилар.

       Конференциянинг ялпи мажлисида академик Убайдулла Каримов тадқиқотларининг Ўзбекистон шарқшунослигидаги ўрни, Мовароуннаҳрнинг ислом цивилизациясидаги ўрни ва аҳамияти, ХIХ аср охири-ХХ аср бошларидаги Ўрта Осиё ижтимоий ҳаётида мусулмон уламоларининг роли ҳамда Жанубий Иссиқкўлнинг ислом даври қайроқлари мавзуларига доир Ўзбекистон, Туркия ва Қирғизистон олимларининг маърузалари тингланди.

       Ялпи мажлисдан сўнг конференция ўз ишини 7 та шўъбада давом эттирди. Ҳар бир шўъбада ислом цивилизацияси тарихи, Марказий Осиё тарихи ва тарихшунослик масалалари, манбашунослик ва матншунослик, исломшунослик, фан ва санъат тарихи, алломалар илмий мероси ҳамда филологик тадқиқотларга бағишланган 12 тадан, жами 84 та маъруза тингланди.

       Анжуман ишида Фанлар академиясининг ижтимоий-гуманитар институтлари ва музейлари, соҳага ихтисослашган олий таълим муассасалари вакиллари, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Россия Федерацияси, Туркия ва АҚШнинг университет ва илмий-тадқиқот марказлари олимлари он-лайн тарзда иштирок этдилар.

       Ислом цивилизацияси тарихи, манбашунослик, тарих ва тарихшунослик, исломшунослик ҳамда филология номинацияларида энг яхши деб топилган бешта маъруза соҳиблари конференциянинг махсус дипломи ва совғалар билан тақдирландилар. Конференцияга тақдим қилинган материаллар “Ўзбекистонда ислом маданияти, тарихи ва санъатини ўрганишнинг янги истиқболлари. New Perspectives for the Study of Islamic Culture, History and Art in Uzbekistan” номли конференция тўпламида нашр этилди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган ёш шарқшуносларнинг академик Убайдулла Каримов номидаги конференцияси ёш тадқиқотчилар фаолиятини кучайтиришга ҳамда уларнинг жаҳон илм-фанига интеграциялашувига хизмат қилмоқда.

Read 1045 times Last modified on Saturday, 29 May 2021 05:16

BIZ BILAN BOG'LANISH

Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…