SJ News II - шаблон joomla Авто

"ADOLAT" SOSIAL-DEMOKRATIK PARTIYASI

Tuesday, 31 December 2024 11:04

Илм-фан вакиллари олдига қўйилган бир қатор вазифаларга назар...

Rate this item
(0 votes)

Сарҳисоб

2024 йил ўзига хос залворли воқеалар, ҳаётбаxш ташаббус ва элу юртга манфаатли ислоҳотларга гувоҳ бўлди. Жумладан, инсон қадрини юксалтиришга бўлган уриниш бу йил давомида ҳам кенг қулоч ёзди. Аҳолининг розилигини ошириш, фаровон турмуш яратишга доир интилишларимиз бесамар кетмади.  

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига бўлиб ўтган сайлов муҳим сиёсий воқеалар сирасига киради. Ушбу сайлов Янги Конституция ва янгича тизим асосида амалга оширилди ҳамда демократик тараққиётнинг янги даври ва босқичига сабаб бўлди.  

2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг кўрсатмаси билан Фанлар академияси тизимида Миллий археология маркази ташкил этилган эди. Ўтган давр мобайнида мазкур илмий муассаса мутахассислари сезиларли ютуқларга эришди. Ўзбек археологларининг асосий илмий ютуқлари “Nature”, “Science”, “Nature Communications”, “Scientific Reports”, “PLOS ONE” ва “Antiquity” каби жаҳоннинг энг нуфузли журналларида чоп этилди.  

2024 йил октябрь ойида ўзбекистонлик ва америкалик археологларнинг ҳамкорликда олиб борган илмий изланишлари натижаси “Nature” журналида Миллий археология маркази директори Фарҳод Мақсудовнинг “Large-scale medieval urbanism traced by UAV–lidar in highland Central Asia” номли илмий мақоласи чоп этилди. Унда ўзбекистонлик ва америкалик бир гуруҳ археологлар томонидан Зомин тоғларида қадимги Буюк ипак йўлидаги номаълум шаҳарлар топилгани баён қилинган. Мазкур изланиш Марказий Осиё археологиясидаги айрим масалаларга ойдинлик киритгани учун “New York Times”, CNN, BBC, “National Geographic” ва “Le Figaro” каби жаҳон нуфузли ОАВ саҳифаларида ҳам кенг ёритилди. Ушбу тадқиқот иши “National Geographic” талқинига кўра, 2024 йилда археология соҳасида қилинган 7 та энг яхши кашфиётлардан бири сифатида эътироф этилди.  

Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Асосий фондидаги 13000 жилддан зиёд қўлёзмаларнинг инглиз тилидаги электрон каталоги яратилди ва интернет тармоғига жойлаштирилди. Бундай каталог дунё фондларида жуда кам бўлиб, нафақат республика, балки хориждаги тадқиқотчилар учун ҳам институт манбаларидан фойдаланишни осонлаштиради.  

Филолог олимлар томонидан “Ўзбек фольклори ёдгорликлари” 100 жилдлигининг 31-40 жилдлари “Ренессанс пресс” нашриётида чоп этилди. “Ўзбек адабиёти тарихини тадқиқ этиш” давлат дастури асосида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди атрофлича тадқиқ этилган 4 жилддан иборат “Алишер Навоий энциклопедияси” чоп этилди.  

“Ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихи манбалари. Туркистон мухторияти миллий матбуотда” номли китоб нашр этилгани ҳам соҳадаги ютуқлардан бири бўлди. Китобда жадидларнинг миллий давлатчиликни тиклаш йўлидаги қарашлари ва курашлари, Туркистон мухториятининг пайдо бўлиши, фаолияти, тугатилишига оид тарихий жараён бирламчи даврий манба – миллий матбуот негизида таҳлил этилди ҳамда тегишли ҳужжатлар изоҳлари билан берилди.  

“Қарақалпақ фольклоры» кўп жилдли нашрида эса қорақалпоқ халқ оғзаки ижоди намуналари ҳисобланган халқ қўшиқлари ўрин олган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 16 июлдаги қарори асосида XIX аср қорақалпоқ адабиётининг етук намояндаси Ажинияз Қосибай ўғлининг асарлар тўплами қорақалпоқ ва ўзбек тилларида чоп этилди.  

Фанлар академияси олимлари Шарқнинг буюк алломалари: Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллиги, Аҳмад Фарғоний илмий мероси, Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллигига бағишланган халқаро конференцияларни ташкил этиш ва ўтказишда фаол иштирок этдилар.  

Шунингдек, олимларимиз Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказининг янги концепцияси ва шу асосида янги экспозицияни ишлаб чиқишда фаол қатнашмоқдалар.  

Давлатимиз раҳбари ўзбек илм-фани олдига ҳам бир қатор янги вазифаларни қўйдилар. Айниқса, хорижда таҳсил олаётган, илм билан шуғулланаётган ёшларимиз учун мамлакатимизда шароитлар яратиш, уларнинг интеллект ва қобилиятидан унумли фойдаланиш механизмни ишлаб чиқиш масаласи – долзарб вазифа бўлиб турибди. Академик таълим сифатини янада ривожлантириш зарурати туғилмоқда. Академия негизида илғор хорижий тажрибалар асосида магистр ва докторантларни тайёрлашга ихтисослаштирилган Фанлар академияси университетини ташкил этиш ҳам жуда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу “2+3” дастурини ишга туширишимизга асос бўлиб хизмат қилади (яъни икки йиллик магистратура ва уч йиллик докторантура), ҳар жиҳатдан етук олимларни тайёрлашга замин яратди.  

Бу каби ислоҳотлар натижаларини тил билан ифодалашга вақт етмайди. Бир сўз билан айтганда, ўтаётган йил ҳам тарих зарварақларига залворли ўзгаришлар ила муҳрланишига ишонамиз.  

 Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,  

ЎзРФА Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик  

институти директори, тарих фанлари доктори, профессор.  

ЎзА

Read 20 times Last modified on Tuesday, 31 December 2024 11:07

BIZ BILAN BOG'LANISH

Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…