SJ News II - шаблон joomla Авто
Thursday, 12 September 2019 03:31

Давридан минг йиллар илгарилаган аллома

Written by
Rate this item
(1 Vote)
Америка қитъасини Колумбдан неча аср аввал айтиб кетган, мероси башариятга тааллуқли бу алломани жаҳоннинг кўплаб халқлари ўз олими деб билади. Ўз давридан минг йиллар илгарилаб кетган, тадқиқотлари ҳануз жаҳон олимларининг баҳсига, ҳайратига, янги-янги кашфиёту тадқиқотларга сабаб бўлаётган Абу Райҳон Беруний асарлари мазмунини чуқурроқ билиш барчамиз учун шарафли ишдир.
 
Шу мақсадда Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида ташкил этилган “Беруний ўқишлари“ деб номланган дастлабки илмий-амалий анжуманга турли вазирлик ва идоралар, олимлар, талабалар, маҳаллий ва хорижлик тадқиқотчилар таклиф этилди.
 
Дарҳақиқат, Беруний наинки Ўзбекистон, балки жаҳон илм-фани ривожида бениҳоя улкан ҳисса қўшган. Аллома асарларини тобора кўпроқ илмий муомалага киритиш, “Беруний ўқишлари“ анжуманининг нуфузи ва қамровини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади. Зеро мазкур анжуман олимларимиз учун муҳим илмий ва ғоявий фикр алмашиш майдончаси бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Унинг изланишлари география, сферик тригонометрия, геодезия, фалсафа, термофизика, квант физикаси, астрономия, математика ва бошқа кўплаб изланишларга асос бўлган.
 
– Беруний ниҳоятда мураккаб, қонли тўқнашувлар авжига олган даврда шу қадар чуқур фикр юритиб, ўз ғояларини, янгича дунёқарашни ифода этиб катта-катта асарларни, янги илмий методларни яратган олим, – деди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси бўлим бошлиғи Бахтиёр Каримов. – Берунийшуносликка оид бу конференция физиклар, математиклар, биологлар, шарқшунослар, тарихчилар, манбашунослар, геологлар, фармакогнозия, геодезия, ҳиндшунослар, қадимий Турон тарихини ўрганувчиларни ўзига жамласа айни муддао бўларди. Олим кўплаб асарлар ёзган бўлса-да, улардан айримлари илмий муомалада. Алломанинг қолган асарларини топиш, уларни пухта ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. Америкалик ёзувчи, таҳлилчи ва тарихчи олим Фредерик Старр “Американи Колумб эмас, Беруний очган. Унга АҚШда ҳайкал қўйса арзийди“ деганди. Юртимизда 1998 йилда қурилиши бошланган Беруний уй-музейидаги ишларни охирига етказиш, бобомизнинг меросини ўрганиш, хотирасини эъзозлашга оид ишларни кучайтириш зарур, деб ўйлайман.
 
– Берунийнинг “Осор ал-боқия ан ал-қурун ал-холия“ (“Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар“) асари халқлар, инсоният, эралар тарихига оид қимматли маълумотларга бой бўлиши билан бирга унинг нечоғли қомусий олимлигини намоён этади, – деди берунийшунос олим Ашраф Аҳмедов. – Ўтган йили Афғонистонда аллома фаолиятига бағишланган анжуманда Беруний ижоди бутун инсониятга тааллуқли экани алоҳида таъкидланди. Буюк аждодимиз асарларининг қадр-қиммати ҳамон долзарблигида, фанларни ўрганишда у яратган методологиянинг ўзгармаганида намоён бўлади. Бугунги замонавий илм-фаннинг илдизлари Беруний асарларига асосланади, дейиш ҳам мумкин.
 
– Бу анжуманда иштирок этиш мен учун катта фахр ва шараф, – деди Қирғизистоннинг Ала-Тоо халқаро университети тадқиқотчиси Нурлан Шеримбеков. – Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий сингари даҳоларнинг ижодини ўрганишга қизиқаман. Ҳозирда Беруний асарларида келтирилган миқдор ва ўлчовга оид терминларнинг изоҳи, этимологияси юзасидан тадқиқот олиб бораяпман. Бу изланиш халқлар, цивилизациялар, маданиятлараро мулоқотни, уларнинг ўзаро таъсирини, тарихни ўрганишда алоҳида аҳамият касб этади.
 

 

1 543
Назокат УСМОНОВА, ЎзА
 
 
Read 106 times

BIZ BILAN BOG'LANISH

Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…