SJ News II - шаблон joomla Авто

"ADOLAT" SOSIAL-DEMOKRATIK PARTIYASI

Saturday, 18 April 2020 13:29

Шарқшунослик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида​

Rate this item
(0 votes)

​Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қ а р о р и


Тошкент давлат шарқшунослик институти томонидан Ўзбекистоннинг Шарқ мамлакатлари билан икки ва кўп томонлама сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилувчи малакали мутахассисларни тайёрлаш, жаҳонда рўй бераётган жараёнларни тўғри талқин қила оладиган таҳлилий тафаккурга эга кадрларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш, шарқ тиллари бўйича синхрон таржимонларни етиштириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, институтда шарқшунослик соҳасида халқаро стандартлар даражасида олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўйиш, илмий-педагогик салоҳиятни ривожлантириш, таълим жараёнининг ўқув-услубий ва ахборот таъминотини яхшилаш, моддий-техник базани замон талабларига мос равишда янгилашда ўз ечимини кутаётган долзарб муаммолар сақланиб қолмоқда.
Шарқшунослик соҳасида халқаро стандартларга мувофиқ комплекс билимларга эга малакали кадрлар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш, илм-фанни жадал ривожлантириш, профессор-ўқитувчиларнинг салоҳияти, педагогик маҳоратини узлуксиз ошириб бориш, талаба-ёшларни шарқона қадриятлар асосида тарбиялашни такомиллаштириш мақсадида:
1. Тошкент давлат шарқшунослик институти негизида Тошкент давлат шарқшунослик университети (кейинги ўринларда –Университет) ташкил этилсин.
2. Университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
Шарқ мамлакатларининг тиллари, тарихи, маданияти, моддий ва маънавий мероси, иқтисодиёти, сиёсати, халқаро майдондаги нуфузи, уларнинг замонавий антропология ва этнологияси, таржимашунослик, шунингдек, туризм ва гид ҳамроҳлиги соҳаларида замонавий билимларни мукаммал эгаллаган, меҳнат бозори учун рақобатбардош бўлган кадрларни тайёрлаш;
Шарқ мамлакатларининг ривожланиш омиллари, улардаги замонавий ижтимоий-сиёсий, иқтисодий жараёнлар, шарқ маданияти ва мероси, қадимий ёдгорлик ва қўлёзмаларни илмий жиҳатдан ўрганиш, мазкур йўналишда илмий-педагогик ходимларни тайёрлаш ҳамда маҳаллий ва хорижий ҳамкорлар билан биргаликда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш;
республикада шарқ тиллари ва адабиёти, тарихи, маданияти, фалсафаси, сиёсати ва иқтисодиётини ўқитиш бўйича таянч олий таълим муассасаси сифатида хорижий мамлакатларнинг тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда шарқ тилларини билиш даражасини баҳоловчи методикаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш, тил таълими соҳасида ҳамда Шарқ мамлакатлари бўйича ахборот берувчи замонавий медиа маҳсулотлар ва электрон ўқув адабиётларни ишлаб чиқиш;
Шарқ мамлакатларидаги замонавий тенденциялар, тарихий жараёнлар, шарқ халқларининг маданий алоқалари ва меросини тадқиқ қилиш, таҳлилий маълумотлар тайёрлаш ҳамда мазкур соҳада илмий-оммабоп адабиётлар, дарслик ва монографиялар чоп этиш;
талаба-ёшлар ва профессор-ўқитувчиларда Ватанга муҳаббат, унинг тақдирига дахлдорлик, касбга садоқат ҳиссини мустаҳкамлаш чора-тадбирларини амалга ошириш, таълим-тарбия жараёнлари ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириб бориш;
шарқшунослик ва шарқ маданий мероси соҳаларида профессор-ўқитувчиларнинг республика ҳамда хорижий мамлакатларда стажировка ўташ ва уларнинг малакасини ошириш ишларини мунтазам ташкил этиш;
хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда республика учун истиқболли бўлган янги йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш ҳамда халқаро лойиҳаларни амалга ошириш.
3. Белгилаб қўйилсинки, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб:
Университетга таълим стандартларини ишлаб чиқиш, малакавий талаблар, ўқув режалари ва дастурларини, шунингдек, илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда талабаларнинг билимини баҳолаш ҳамда ўқув жараёнининг амалиёт билан интеграциялашувини таъминлаш тизимини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳуқуқи берилади;
Университетда таълим жараёни босқичма-босқич кредит-модуль тизими асосида амалга оширилади;
хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этиладиган қўшма таълим дастурларининг ўқув режалари ва фан дастурлари Университет томонидан хорижий ҳамкорлар билан келишилган ҳолда мустақил тасдиқланади;
Университетда шарқ тиллари ўқитиладиган таълим муассасалари ўқитувчилари учун доимий фаолият юритувчи қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ташкил этилади ҳамда курслардан муваффақиятли ўтган педагог кадрларга белгиланган намунадаги сертификат берилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг:
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Университетга ўқишга қабул қилишда шарқ тилларидан (турк, араб, форс, дари, ҳинд, урду, хитой, корейс, уйғур, япон тиллари) топшириладиган кўп балли тизим бўйича имтиҳонлар ўрнига тест синовлари ўтказилишини йўлга қўйиш;
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ушбу тажрибани бошқа тиллар (испан, итальян, тожик, қозоқ, туркман, қирғиз тиллари ва бошқалар) бўйича республикадаги барча давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда тест синовлари базасини ва керакли инфратузилмани ўз муддатида ва сифатли шакллантириш чора-тадбирларини кўрсин.
5. Университет, ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтаётганини ҳисобга олиб, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб:
профессор-ўқитувчиларнинг ўқув юкламасини илғор хорижий тажриба асосида қайта кўриб чиқсин ҳамда уларнинг иш фаолиятини дарсларга сифатли тайёргарлик кўришга ва илмий салоҳиятини кучайтиришга қаратсин;
илмий лойиҳаларни бажариш жараёнига иқтидорли талабалар, магистрантлар ва докторантларни жалб қилишни кенгайтирсин;
иқтидорли талабалар, магистрантлар ва докторантларнинг илмий, инновацион ва стартап лойиҳаларини танлов асосида молиялаштириш чораларини кўрсин;
факультетлар таркиби ва кафедралар йўналишларини кўриб чиқсин ҳамда уларнинг фаолиятини етакчи хорижий олий таълим муассасалари тажрибаси асосида қайта ташкил этсин;
таълим сифатини ошириш, ўқув ва илмий фаолиятни илғор хорижий тажриба асосида ташкил этиш мақсадида нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари иштирокида онлайн курслар, маърузалар ва маҳорат дарсларини мунтазам ташкил этсин;
профессор-ўқитувчилар ва масъул ходимлар учун, зарурат туғилганда, тажрибали маҳаллий ва хорижий мутахассислар иштирокида кредит-модуль тизимига ўтиш бўйича семинар-тренинглар туркумини ташкил қилсин;
нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда салмоқли илмий нашрлар эълон қилган, “устоз-шогирд” тамойили асосида иқтидорли талабалар, магистрантлар, докторантлар ёки ёш профессор-ўқитувчилар билан ҳаммуаллифликда юқори импакт-факторли халқаро журналларда илмий мақолалар чоп этган профессор-ўқитувчиларни рағбатлантириш тизимини жорий этсин.
6. Қуйидагилар:
а) 2020-2023 йилларда Тошкент давлат шарқшунослик университетини комплекс ривожлантириш дастури (кейинги ўринларда – Дастур) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин ва унда, шу жумладан, қуйидагилар назарда тутилсин:
ўқув режаларида амалий ва сайёр машғулотларни ўтказишни кенгайтириш, талабаларда амалий компетенцияларни ривожлантиришга йўналтирилган фанларга ажратилган соатлар улушини ошириш;
таълим мазмунини креатив фикрлаш, инновацион ғоя ва ишланмаларни шакллантиришга хизмат қилувчи таълим технологиялари билан бойитиш;
илғор хорижий тажриба асосида бошқарув ходимлари ва профессор-ўқитувчилар фаолиятини комплекс баҳолаш индикаторлари асосида моддий рағбатлантириш тизимини яратиш;
Университет салоҳиятини босқичма-босқич ошириш мақсадида Университет докторантурасига қабул квотасини кўпайтириш, янги ихтисосликлар бўйича олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлашни ташкил этиш;
профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар, талабалар учун бадиий, илмий ва ўқув адабиётлари электрон каталоглари ҳамда жаҳон таълим ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;
хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш, Университетнинг халқаро миқёсдаги рақобатбардошлигини таъминлаш;
б) 2023 йилгача Тошкент давлат шарқшунослик университетини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлари) (кейинги ўринларда – мақсадли кўрсаткичлар) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:
2020 йил 1 июлга қадар Университет ҳузуридаги академик лицей фаолиятини танқидий ўрганиб, унинг фаолиятини такомиллаштириш, қабул жараёнига қўйилган талабларни қайта кўриб чиқишни ўз ичига олган чора-тадбирлар дастурини тасдиқласин;
чора-тадбирлар дастурида академик лицейга ўқувчилар хорижий тилни билиш даражасига қараб қабул қилинишини ҳамда Университет кафедра мудирлари ва етакчи олимларининг академик лицей ўқув гуруҳларига бириктирилишини назарда тутсин.
8. Шарқ тиллари соҳасида ўрта бўғин профессионал кадрларни тайёрлаш, шунингдек, истеъдодли ёшлар селекциясини амалга ошириш мақсадида Наманган ва Хива шаҳарларида шарқ тиллари бўйича техникумлар ташкил этилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2020 йил 1 августга қадар Наманган ва Хива шаҳарларида ташкил этилаётган шарқ тиллари бўйича техникумларни шарқ тилларини ўқитишга мослаштириш, уларни малакали педагог кадрлар билан тўлдириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, битирувчиларга қўйиладиган малака талаблари, ўқув режа ва дастурларини ишлаб чиқиш бўйича тегишли чораларни кўрсин.
9. Таълим сифатини ошириш, кадрлар тайёрлашда инновацион усулларни жорий этиш мақсадида Университет тузилмасида юридик шахс мақомига эга бўлмаган:
шарқ тиллари бўйича малакали таржимонларни замонавий усуллар асосида амалиёт билан уйғунликда тайёрлашга қаратилган Синхрон таржима лабораторияси;
талабаларда мустақил таълим компетенцияларини ҳамда шарқ тиллари бўйича электрон таълим ресурсларини шакллантиришга хизмат қиладиган замонавий техник воситалар билан жиҳозланган Мультимедиа маркази ташкил этилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар Академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Маданият вазирлигининг Университет ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Шарқ маданияти ва меросини тадқиқ этиш илмий-тадқиқот маркази ҳамда Шарқ мамлакатларининг ривожланишини тадқиқ этиш илмий-таҳлил марказини (кейинги ўринларда – марказлар) ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
Қуйидагилар:
шарқ халқларининг маданияти, шарқ тилларидаги адабий, тарихий, фалсафий манбаларни ҳар томонлама чуқур ўрганишга йўналтирилган илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда юртимиз қадриятлари ва миллий маданий меросимизни дунё миқёсида тарғиб этиш Шарқ маданияти ва меросини тадқиқ этиш илмий-тадқиқот марказининг;
Шарқ мамлакатлари тарихи, ривожланиш босқичлари, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий тараққиёти хусусиятлари ва ривожланиш моделларини комплекс тадқиқ этиш, Ўзбекистон Республикасининг Шарқ давлатлари билан ўзаро муносабатларини ривожлантириш нуқтаи назаридан ўрганиш Шарқ мамлакатларининг ривожланишини тадқиқ этиш илмий-таҳлил марказининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин.
Белгилаб қўйилсинки, шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар, илмий-техник дастурларга ажратилган бюджет маблағлари, Университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар марказлар фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади.
11. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг:
ёзма ёдгорликлар бўйича мақсадли илмий тадқиқотларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланаётган қўлёзма ва тошбосма манбаларнинг факсимиле, фото, сканер нусхалари билан Университетни бепул таъминлаш;
Фанлар академияси илмий-тадқиқот институтлари ва музейлари ҳузурида Университетнинг адабий ва тарихий манбашунослик йўналишларида кадрлар тайёрловчи кафедраларининг филиалларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Фанлар академияси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда ҳар йилги илмий фаолиятга оид давлат дастурларини шакллантиришда уларда шарқшунослик соҳаси бўйича мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳалари амалга оширилишини назарда тутсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Университет билан биргаликда:
Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Маҳмуд Замахшарий ва бошқа буюк аждодларимиз томонидан яратилган Шарқ мамлакатларининг ижтимоий-сиёсий ҳаёти, тили, маданияти ва тарихига оид ёзма манбаларни;
Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатлари тарихи, антропологияси, тили ва адабиёти, ижтимоий-сиёсий жараёнлари, ички ва ташқи сиёсатини ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга оширсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Молия вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳрида “Санкт-Петербург давлат университети” федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳасини ўрнатилган тартибда киритсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлигининг Университет халқаро обрўсини мустаҳкамлаш, хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлигини кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш, илғор тажрибаларни ўқув ва илмий жараёнга татбиқ этиш мақсадида чет эллик мутахассислар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотларнинг малакали ходимлари томонидан Университетда маърузалар ўқиш ва амалий машғулотлар ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
16. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги Университет буюртмаларига биноан дарс бериш, илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш, илмий-назарий маърузалар ўқиш учун таклиф этиладиган чет эллик профессор-ўқитувчилар, олимлар ва мутахассисларга кўп марталик кириш визаларининг берилиши ва узайтирилишини, Ўзбекистон Республикасидаги вақтинча яшаш жойида вақтинча рўйхатдан ўтказилишини таъминласин.
17. Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институтининг Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Амир Темур шоҳ кўчаси, 20а-уй манзилида жойлашган бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди билан биргаликда Университетга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида беғараз ўтказиб берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2021 йил 1 августга қадар мазкур бандга мувофиқ Университетга берилган ҳудудда Университетнинг янги 9 қаватли биноси ва спорт мажмуасини қуриш ва фойдаланишга топшириш чораларини кўрсин.
18. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда Университетнинг янги биноси ва спорт мажмуасини қуриш ҳамда жиҳозлаш учун зарур маблағларни жалб қилсин ва ўз вақтида ажратсин;
Ҳисоб палатаси билан биргаликда Университетнинг янги биноси ва спорт мажмуасини қуриш ҳамда жиҳозлаш учун ажратилган маблағларнинг оқилона ва мақсадли сарфланиши юзасидан доимий назорат ўрнатсин.
19. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси Университетнинг асослантирилган таклифлари асосида юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида профессор-ўқитувчилар, раҳбар ходимлар ва тадқиқотчиларнинг хорижда амалиёт ўташи ва стажировкасини ташкил этиш чораларини кўрсин.
20. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
21. Мазкур қарор ижросини ташкил этишнинг қуйидаги тартиби ўрнатилсин:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов – мазкур қарорнинг ижросини сифатли, тўлиқ ва ўз вақтида таъминлаш, белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил қилсин ҳамда мувофиқлаштирсин, ҳар чоракда улар раҳбарларининг бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини қабул қилсин ҳамда аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этсин;
Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У.Маджидов – шарқшунослик соҳасида етарли билимларга эга малакали кадрлар тайёрлаш сифатини яхшилаш, Университет фаолиятини лозим даражада ташкил этиш, шарқ тилларини билиш даражасини баҳолаш тизимини жорий қилиш, мақсадли кўрсаткичларга эришиш, Дастурни ижро этиш юзасидан барча зарур чоралар кўрилишини таъминласин, мазкур қарорда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишда масъул ташкилотларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатсин ҳамда унинг ижроси бўйича ҳар ойда Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсин;
масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари – мазкур қарорда назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ бажариш, шарқшунослик соҳасида малакали кадрларни тайёрлаш ва илмий салоҳиятни яхшилаш юзасидан барча чораларни амалга оширсин;
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.К.Кўчимов ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси А.Д.Хаджаев – мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятини ёритишга оид мақолалар, брифинглар, матбуот анжуманлар, тематик телекўрсатувлар ташкил этсин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти


Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 16 апрель

Read 2865 times

BIZ BILAN BOG'LANISH

Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…