SJ News II - шаблон joomla Авто

"ADOLAT" SOSIAL-DEMOKRATIK PARTIYASI

Tuesday, 28 September 2021 04:58

Муҳташам «сити»ларга ружу қўйиш экологик тангликни кучайтиради

Rate this item
(0 votes)

Сўз устаси Ҳожибой Тожибоев «Чанг бўлмаса, жанг бўлмаса, инсон минг йил яшайди» деган сўзни ҳазиломуз тарзида айтган бўлса-да, жон бор экан.

Дунё мутахассислари томонидан ўлимга олиб келувчи ҳолатлар таҳлил этилганида аён бўлдики, инсониятнинг ҳалокатига уруш, очарчилик, касалликлардан ҳам кўра экологиянинг ифлосланиши кўпроқ сабаб бўлар экан. Ўлимнинг асосий айбдори сифатида айнан нотоза атроф-муҳит кўрсатилмоқда. Буни бошқача қилиб заҳарланиш, деб атаса ҳам бўлади. Бинобарин, бузуқ экологик муҳит инсонни заҳарлаб, хавфли касалликларга эшик очиши тиббий жиҳатдан исботланган.

Бироқ, бу омил инсониятнинг диққат марказига ўрнашиб улгурмади. Экологиянинг ифлосланиши сабаб ўлимга юз тутганлар сони ОИТС, безгак, сил қурбонларидан 3 баробар кўпдир. Урушда ҳалок бўлганлар эса экологик муаммо боис вафот этганлардан 15 марта кам экан. Ҳатто ер юзини титратган коронавирус вабоси ҳам экологик муаммолар олдида ҳолва. Нотоза атроф-муҳит киши билмас ҳолда зарарни сингдириб улгуради.

Шунингдек, ҳавонинг ифлосланиши натижасида баъзи саратон касалликлари келиб чиқиши аниқланган. Жумладан, атроф-муҳит ва ҳавонинг тамаки тутуни, асбест, кварц, эритувчилар, дизель мойи чиқиндиси, кўмир маҳсулотлари, бўёқ ёки ёғоч чанглари билан ифлосланиши, ҳавода радон газининг мавжудлиги ўсма касалликлари ривожланиш хавфини ошириши мумкин. Ичимлик сувининг таркибида кўп миқдорда маргимушнинг бўлиши тери, қовуқ ва ўпка саратонини ривожлантириши аниқланган.

Экологик муаммолар болалар ҳаётини ҳам хавф остида қолдиради. Зарарли экологик муҳит сабабидан хромосомаларда норасолик вужудга келган бўлса, ақлий ва жисмоний ривожланишдан орқада, ногирон болалар дунёга келади. Онкологик хасталикларнинг сабаблари кўп, аммо унга асосан ёмон экология айбдордир. Қайси ҳудудда экологик ҳолат танг бўлса, ўша ернинг болаларида хавфли ўсмалар кўп кузатилади.

Экологик носозлик нафақат онкология, балки бошқа касалликлар, масалан аллергик ва инфекцион дардларга сабабчидир. Мутахассисларнинг янги изланишларига кўра, ҳар учинчи ҳолатда тўсатдан ўлим синдромига атроф-муҳитнинг автомобиль газлари билан ифлосланиши сабаб бўлмоқда.

Ҳаводаги чангга қарши қандай курашиш мумкин? Бунинг йўллари кўп, масалан сунъий кўллардан фойдаланиш. Ундаги сув ҳавонинг намлик миқдорини мўътадиллаштириб, атмосферани тозалаб туради. Лекин юртимизда сув ҳавзалари кўпайтирилишнинг ўрнига уларни йўқ қилишга ҳаракат қилинаётгани таассуфли ҳолатдир. Бундан анча йиллар аввал пойтахтдаги Ўзбекистон давлат консерваторияси биноси ўрнида катта кўл бўларди, ҳозир ундан асар йўқ. Яқинда Миллий боғдаги кўл ҳам таг-туги билан йўқ қилиниб, ўрнига аллақандай «сити» қаққайтириб қўйилди. Ғафур Ғулом номидаги истироҳат боғи ҳам шундай режалар чангалида турибди.

Америка натуралисти Генри Давид Торо кўлларга «Ернинг кўзи» дея таъриф берган. Афсуски, ҳозир бизда муҳташам «сити»ларга ружу қўйилиб, ҳаёт ва соғлиқ учун фойдали манбалардан воз кечилмоқда. Юртимизда соҳа мутахассислари етарли бўлишига қарамай уларнинг ҳукумат қарорлари пайти фикр билдирмай, қўл қовуштириб ўтириши таажжубланарли.

Сув ресурсларини муҳофаза қилиш зарурлиги сўнгги ўн йил мобайнида бир қатор глобал ва минтақавий музокараларда муҳокама қилинган. Масалан, бу мавзу 1992 йилда Сув ва атроф-муҳит бўйича халқаро конференцияда (Дублин конференцияси) тақдим этилган бўлиб, унинг хулосалари Дублин тамойиллари деб аталган.

Бу 1992 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳит ва барқарор ривожланиш конференцияси («Ер саммити»)да ҳам ушбу масала кўтарилган. 1999 йилда Бутунжаҳон сув кенгаши «Сувнинг умумий кўриниши» деб номланган ҳужжатни ишлаб чиққан бўлиб, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича асосий кўрсатмалар берилди.

2002 йилда Ёханнесбургеда бўлиб ўтган Барқарор ривожланиш бўйича жаҳон саммитида сув ХХI асрнинг глобал устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Ичимлик суви – алоҳида катта мавзу, ҳозир сўз юритаётганимиз сунъий сув ҳавзалари ҳам муҳим масала бўлиб, жиддий эътиборни талаб қилади.

Орол денгизи - Марказий Осиёдаги ёпиқ ҳавзада жойлашган катта кўл. Совет тузумидаги нотўғри сиёсат – пахта далаларини суғоришдаги хўжасизларча муносабат, яъни Орол денгизига оқиб тушаётган дарёлардан катта миқдордаги сувнинг бурилиши туфайли сувнинг майдони ва ҳажми сезиларли даражада камайган, оқибатда шўрланиш даражаси ошган. Бу хатонинг азобини ҳалигача тортяпмиз. Мамлакатимизда денгиз йўқлиги боис Ўзбекистон ёд танқислигига учраган ҳудудлар рўйхатида туради, аҳолининг катта қисми турли даража ва кўринишлардаги эндокрин касалликлар билан юрибди.  

Шунга ўхшаш хатоликка Хитойда ҳам йўл қўйилган. 1950 йили Хубей провинциясида гуруч майдонларини кўл сувлари ҳисобидан мелиорация қилиш мамлакатдаги кўллар сонини камайтириб юборди. Шунингдек, Ухан шаҳрида уйлар қуриш учун ерларни ўзлаштириш кўлларга ва уларнинг сувларидан фойдаланишга катта таъсир кўрсатди. Тарихда сабоқ чиқаришга ундовчи воқеалар кўп. Форс шоири Рудакий айтганидек, «Кимда-ким ҳаётдан олмаса таълим, Унга ўргатолмас ҳеч бир муаллим».

Ўзбекистон Экологик партияси «навниҳол» сиёсий куч бўлишига қарамай, экологик муаммолар ҳажман унга мослашмаслиги табиий. Балки мазкур ташкилотнинг фаолияти атроф-муҳитдаги вазиятдан келиб чиқиб, салмоқ касб этиши шарт.

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси

 

https://uza.uz/uz/posts/muhtasham-sitilarga-ruzhu-qoyish-ekologik-tanglikni-kuchaytiradi_303686

Read 968 times

BIZ BILAN BOG'LANISH

Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…