“Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий маданият, адабиёт кунлари” 1 декабрь куни Озарбайжон Республикасида бошланди. 2 декабрдан эътиборан мазкур тарихий воқеликка мамлакатимиз мезбонлик қилмоқда.
Уч кун давом этадиган туркум илмий-бадиий тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Ўзбекистон-Озарбайжон Дўстлик жамияти, Ўзбекистоннинг Турон кутубхонаси ҳамкорлигида ўтказилмоқда. Туркум тадбирлар Низомий Ганжавийнинг 880, Алишер Навоийнинг 580 йиллигига бағишланган.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директори, тарих фанлари доктори, профессор Баҳром Абдуҳалимов нутқ сўзлаб, озарбайжонлик олимлар билан илмий ва гуманитар ҳамкорлик ҳолати ҳамда истиқболлари ҳақида фикр билдирди. Жумладан, “Ўзбек ва озарбайжон халқлари – бир-бирига яқин, қардош халқлар. Адабиётимиздаги уйғунлик эса бизларни янада яқинлаштирмоқда. Дарҳақиқат, Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий қаламига мансуб бебаҳо мерос нафақат Марказий Осиё, балки бутун дунё томонидан тан олинган. Бу икки мутафаккир асарларини ўқиш, ўрганишга интилиш ўз давридан то ҳозиргача давом этмоқда. Хусусан, 1945 ҳамда 1947 йилларда улар меросини тарғиб қилишга бағишланган тадбирлар катта миқёсда ўтказилган бўлиб, бу анъанага йиллар оша ҳам содиқ қолинган. Юртимизда устозларни етиштиришга ихтисослашган педагогика университети ҳам Низомий номида экани бежиз эмас. Низомий ва Навоий мероси келажак авлодлар томонидан ҳам ардоқланиб, ўз маърифат нурини улашишига шубҳа йўқ” – дея таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистондаги Озарбайжон Маданият маркази директори, фахрий маданият ходими Самир Аббосов сўзга чиқиб, Низомий ва Навоий асарлари озарбайжон халқи адабиётининг ажралмас қисми эканлигини таъкидлади. “Озарбайжон ва ўзбек халқларининг дунёга танилиши Навоий асарларидан бошланган. Бугун Алишер Навоийнинг “Хамса” ва “Беш рисола” асарларининг озарбайжон тилига таржима қилинган вариантини кўргазмага қўйдик. Низомий ва Навоий ижодларига назар ташласак, мудом туркий миллат орзуларини қаламга олганига гувоҳ бўламиз. Улар меросини ўрганиш бўйича ҳамкорлигимиз давом этади” – деди у.
Тадбир доирасида Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий қўлёзма асарлари кўргазмаси ҳамда нашрлари тақдимоти ташкил қилинди. Озарбайжонлик меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган қўлёзмаларнинг асл нусхалари билан танишиб, катта таассуротга эга бўлдилар. Филология фанлари номзоди, мазкур институтнинг катта илмий ходими Салимахон Эшонова томонидан маълумот берилганидек, ушбу даргоҳ хазинасида Низомий Ганжавийнинг 70 дан ортиқ, Алишер Навоийнинг 200 га яқин қўлёзма асарлари сақланади. Қўлёзмаларнинг аксарияти инжа нақшли зарварақ, унвонлар билан безатилган, гўзал хат намуналарида кўчирилган. Ҳар икки шоир “Хамса” достонлари гўзал унвонлар билан ажратилган. Муқоваларига турунж, бурчак нақшлари, ички муқоваларига абри баҳор ишланган асарлар китобат санъатининг юксак намунлари ўлароқ тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Кўргазмадан сўнг бошланган нашрлар тақдимотида олимлар, нашр муаллифлари ўз маърузаларида Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий адабий мероси, бу икки шоир, икки халқ ўртасидаги адабий алоқалар тарихи ва аҳамиятини атрофлича ёритиб бердилар.
Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг “Турон” кутубхонаси ахборот-ресурс маркази ва Озарбайжоннинг Шуша тумани Марказлаштирилган кутубхонасининг ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
https://adolat.uz/news/navoij-va-nizomij-merosini-organish-qardosh-halqlarni-yanada-yaqinlashtirmoqda