2021 йил 2 август куни Ўмон Султонлигидан профессор Муҳаммад бин Салим ал-Ҳарисий “Маҳалаба” қабиласи ҳақидаги китоби учун қўлёзмалардан маълумотлар тўплаш мақсадида Институмизга келди. Ташриф асносида меҳмон Институтнинг янги биноси билан яқиндан танишди ва масъуллари билан учрашди. Учрашув асносида томонлар келгусида ўзаро ҳамкорликни бундан-да кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар. Профессор Муҳаммад бин Салим ал-Ҳарисий Ўзбекистонда қадимий ёзма ёдгорликларни авайлаб-асраш ва ўрганиш борасида қилинаётган ишларнинг алоҳида таҳсинга сазовор эканлигини мамнуният билан қайд этди. Шундан сўнг Институт фондидаги ўзини қизиқтирган ва келгусида ўзаро ҳамкорликда нашр этиш мумкин бўлган айрим қўлёзмаларни кўздан кечирди. Хотима ўрнида таъкидлаш жоизки, дўстона ва самимий вазиятда ўтган ушбу учрашув томонларда катта таассурот қолдирди ва ўзаро ҳамкорликни бундан-да кенгайтириш учун қулай замин яратишга хизмат қилади.