SJ News II - шаблон joomla Авто

"ADOLAT" SOSIAL-DEMOKRATIK PARTIYASI

Saturday, 26 November 2022 10:54

100 жилдлик муҳташам мажмуа

Rate this item
(0 votes)

Т а қ д и м о т

Маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2019 йил 15 октябрь куни Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгашининг еттинчи саммитида ташкилотга аъзо давлатлар адабиётининг энг сара намуналаридан иборат 100 жилдлик китоблар туркумини ҳар бир мамлакатнинг она тилида нашр этиш ғоясини илгари сурган эди.  

Ана шу эзгу ташаббус асосида юртимизда “Туркий адабиёт дурдоналари” номли 100 жилдлик асарлар мажмуаси нашр этилди. Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида жамиятимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида муҳим воқеа бўлган ушбу муҳташам мажмуанинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимот маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Хайриддин Султонов сўзга чиқиб, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган янги маънавий-маърифий ташаббуслар, эзгу ва инсонпарвар лойиҳалар, хусусан, “Туркий адабиёт дурдоналари” номли 100 жилдлик асарлар мажмуаси нашр этилишининг Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги адабий дипломатияни шакллантиришдаги ижтимоий-сиёсий ва маънавий аҳамияти, туркий халқлар ўртасида ягона тарих ва умумий қадриятлар тимсолига айланган адабий алоқалар ҳақида фикр билдирди.  

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев ушбу йирик мажмуани яратиш билан боғлиқ жараёнлар, олиб борилган илмий ва ижодий изланишлар ҳақида маълумот берди.  

Мажмуага умумтуркий адабиётнинг қадимги давридан то бугунги кунимизга қадар яратилган асарлари, жумладан, Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, шунингдек, Туркманистон ва Венгрия  давлатларининг мумтоз ва замонавий адиблари ижодидан энг сара намуналар киритилган.

Мажмуанинг “Умумтуркий адабиёт намуналари” деб номланувчи дастлабки 5 жилдидан Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит-турк”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибат ул-ҳақойиқ”, Аҳмад Яссавий ва Сулаймон Боқирғонийнинг “Ҳикматлар”и ҳамда Носируддин Рабғузийнинг “Қиссаси Рабғузий” каби мумтоз асарлари ўрин олган. 28 жилдни ташкил этган “Ўзбек адабиёти намуналари” Алишер Навоийнинг сайланма ғазаллари билан бошланиб, қорақалпоқ адабиёти намуналарини ҳам ўз ичига олади.

Мажмуада турк, озарбайжон, қозоқ, қирғиз ва туркман бадиий ижодиётига ҳам кенг ўрин ажратилган. Жумладан, Жалолиддин Румий, Юнус Эмро, Низомий Ганжавий, Насимий, Фузулий, Махтумқули, Мулланафас, Нозим Ҳикмат, Самад Вурғун, Абай, Мухтор Авезов, Собит Муқонов, Чингиз Айтматов, Тўлаган Қосимбеков, Мар Бойжиев, Отажон Тўғон каби мумтоз ва замонавий адабиётнинг 100 дан ортиқ намояндалари қаламига мансуб ноёб мерос жамланган. Таниқли венгер адибларининг асарларидан қилинган таржималар якунловчи жилд сифатида тақдим этилган.  

“Туркий адабиёт дурдоналари” тўпламини нашрга тайёрлаш жараёнида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташкилотчилигида қисқа муддатда катта меҳнат, залворли ижодий иш амалга оширилди. Мажмуа учун материал тўплаш мақсадида қардош давлатларга бир неча бор ижодий сафарлар уюштирилди. Энг малакали таржимонлар, адабиётшунос ва матншунос олимлар, адиблар, муҳаррир ва рассомлар мажмуани тайёрлаш ва чоп этиш ишларига кенг жалб этилди.      

Ғоят синчковлик ва катта масъулият талаб қиладиган бундай кенг қамровли ижодий жараёнда шу кунга қадар амалга оширилган таржималар орасидан энг саралари, таржима санъатининг мумтоз намуналари сифатида эътироф этилган етук асарлар танлаб олинди. Мазкур ижодий лойиҳада Ғафур Ғулом, Мирзакалон Исмоилий, Миртемир, Носир Фозилов, Пиримқул Қодиров сингари устоз адиблар билан бир қаторда бадиий таржима соҳасининг бугунги маҳоратли намояндаларининг ижодий ишларига ҳам алоҳида ўрин ажратилди.  

– “Туркий адабиёт дурдоналари” тўплами нашр этилгани учун Озарбайжон давлати номидан Президент Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз, – деди тақдимотда сўзга чиққан Тошкентдаги Озарбайжон маданият маркази директори, Озарбайжон Республикасининг юртимиздаги элчихонаси биринчи котиби Самир Аббосов. – Бу ғоят муҳим тарихий воқеадир. Эндиликда китобхонлар туркий мамлакатларнинг ёзувчи ва шоирлари асарларини ўз она тилларида ўқиш имконига эга бўлдилар. Адабиёт – ҳаёт кўзгуси. Ҳар бир халқ ўз адабиёти, маданияти орқали дунёга танилади. Ҳозир ҳам адабиёт халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашда муҳим воситадир. Биз ушбу тўплам ҳақида Озарбайжон оммавий ахборот воситаларига маълумот юбордик. Бу воқелик Озарбайжонда катта қизиқиш уйғотди. Айни пайтда, мазкур мажмуа Шавкат Мирзиёевнинг туркий адабиёт ривожига қўшган улкан ҳиссаси сифатида юксак баҳоланмоқда.  

– Туркий давлатлар ўртасидаги алоқалар изчил ривожланмоқда, – деди Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси маданият масалалари бўйича атташеси Айжамал Қарамурзаева. – Бунда маданий ҳамкорликка катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Туркий адабиёт дурдоналари” тўпламини нашр этишга оид ташаббуси улкан лойиҳа саналади. У туркий давлатлар ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларнинг ривожига муносиб ҳисса қўшади. Мазкур тўпламни тайёрлашда меҳнат қилган таржимон ва ижодкорларга миннатдорлик билдирмоқчиман.  

– Очиғини айтганда, Президентимизнинг таклифи тушганда, қисқа вақт ичида бундай улкан лойиҳани бажариб улгурамизми, деган савол туғилганди, – деди “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, таниқли журналист ва таржимон Аҳмаджон Мелибоев. – Мажмуани тайёрлашда Ёзувчилар уюшмаси масъуллари, олимлар, ноширлар, журналистлар биргалашиб ишладик. Мажмуа мисолида туркий тилли давлатлар адабиётининг босиб ўтган ижодий йўлини кўрсатиб беришга ҳаракат қилдик. Шу билан бирга, мазкур тўпламни тайёрлашда қардош мамлакатлар адабиётида қандай жараёнлар кечаётганини ҳам англадик. “Туркий адабиёт дурдоналари” тўпламининг нашр этилиши Янги Ўзбекистоннинг маънавий қиёфасини кўрсатадиган беқиёс лойиҳа бўлди.

Тақдимот маросимида сўзга чиққанлар ушбу адабий дурдонанинг нашр этилиши қардош халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик ва биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.  

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Одил Абдураҳмонов иштирок этди.  

Назокат УСМОНОВА, ЎзА мухбири

 

https://uza.uz/uz/posts/100-zhildlik-muhtasham-mazhmua_428304

Read 466 times

BIZ BILAN BOG'LANISH

Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…