""Adolat" sosial-demokratik partiya Siyosiy Kengashi raisi"

Yangiliklar (239)
Мягкая сила Империи
❕Австрия Фанлар академияси Эроншунослик институти тадқиқотчиси Улфатбек Абдурасуловнинг
«Мягкая сила Империи: Тюркоязычная канцелярия Московских царей в XVII столетии» номли маърузасида иштирок этишга таклиф қиламиз.
⏱Сана: 2023 йил 1 декабрь
?Соат: 15:00
?Zoom орқали кирадиганлар учун ҳавола:
https://us06web.zoom.us/j/9786363729?pwd=Z2JDNVV5V0pWVnpOajlpbDhqUlc4UT09&omn=83385391400
?Идентификатор конференции: 978 636 3729
⌨️Код доступа: 12345
? Қўшимча маълумот ва мурожаат учун: @akbaridiyev
Avstriya Fanlar akademiyasi, Eronshunoslik institute tadqiqotchisi U.Abdurasulov bilan “Bilimkent” seminari doirasida ilmiy suhbat uyushtirildi.
O‘zR FA Abu Rayhon Beruniy nomidagi Sharqshunoslik instituti tomonidan Avstriya Fanlar akademiyasi, Eronshunoslik instituti tadqiqotchisi, tarix fanlari nomzodi Ulfatbek Abdurasulov bilan joriy yilning 1-dekabr kuni ilmiy seminar o‘tkazildi.
Ushbu seminar mavzusi “Imperiyaning yumshoq kuchi: XVII asr Moskva hukmdorlarining turkiy tilli devonxonasi” deb nomlanib, unda ma’ruzachi tomonidan Moskva hukmdorlariga daxldor diplomatik hujjat turlari, ularda turkey tilning o‘rni borasida atroflicha ma’lumot berildi. So‘ngra, tadbir tinglovchilari tomonidan ushbu ma’ruza borasida iliq fikrlar bildirilib, mavzu doirasida savollar berilib, ularga tegishli javob berildi. Ilmiy seminar so‘ngida ma’ruzachi bilan hamkorlikni davom ettirish yuzasidan takliflar berildi.
Ёш тасаввуфшунос олимнинг меҳнати эътироф топмоқда
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими, шарқшунос, манбашунос, тарих фанлари доктори, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг илмий-эксперт кенгаши аъзоси Комилжон Раҳимов қаламига мансуб китоблар, таржима асарлар нафақат юртимиз, балки Туркия, Миср, Эрон, Тожикистон, Қозоғистон каби давлатларда ҳам алоҳида эътироф этилган.
Бухорода давом этаётган зиёрат туризми ҳафталиги доирасидаги тадбирлар чоғида миллий ва диний қадриятларимизнинг фаол тарғиботчиси саналган ёш тасаввуфшунос меҳнатига яна бир карра юқори баҳо берилди. У Шимолий Кавказ (Россия Федерацияси) мусулмонлари мувофиқлаштириш маркази томонидан “За утверждение духовных сенностей” (“Маънавий қадриятларни ўрнатишдаги хизматлари учун”) ордени билан тақдирланди. Унга Россия Фанлар академияси шарқшунослик институти ва Ставропол ўлкаси мусулмонлари идорасининг ҳамда Россия Федерацияси мусулмонлар диний бошқармаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи, Москва ислом институти ректори, Санкт-Петербург давлат университети ислом тадқиқотлари институти директори Мулла Дамир Мухетдинов томонидан имзоланган ташаккурномалар ҳам топширилди.
Ёш олим икки давлат ўртасидаги илмий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун ана шундай эътирофга сазовор бўлди. Бунга қадар изланувчан юртдошимиз диний-ахлоқий қадриятларни ўрганиш, уларни замондошларимиз онгу шуурига сингдириш, халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш борасидаги меҳнатлари учун Россия мусулмонлари Марказий диний идорасининг “Вера и чест” ордени билан тақдирланган эди.
— Юртимиз, жумладан, Бухоро қадимдан маънавият ва маърифат гўшаси бўлиб келган, — дейди у. — Тадқиқотларимиз кўрсатмоқдаки, шаҳарда, унинг ташқарисида ва туманларда жуда кўплаб мадрасалар фаолият кўрсатган. Абу Ҳафс Кабир мадрасаси Бухородаги энг қадимий олий ўқув юрти саналади. Унга 800—810-йиллар атрофида асос солинган.Бу даргоҳда йирик таниқли олимлар, хусусан, машҳур имом Бухорий ҳазратлари таҳсил олганлар. Умуман эса биз аниқлаган 12 та мадрасадан ташқари яна йигирмага яқин олий билим даргоҳи фаолият кўрсатган. Уларнинг деярли барчасида шўро инқилобига қадар дарс ўтилган. Шу нуқтаи назардан давлатимиз раҳбарининг Мир Араб мадрасаси 500-йиллигини нишонлаш борасидаги ташаббуси айни муддао бўлди.
Шу ўринда “Мовароуннаҳр тасаввуфи тарихи”, “Хожагон-нақшбандия тариқати ва етти пир”, “Бухоро: Қуббатул-ислом шаҳри” деб номланган асарлари муаллифи саналган, шунингдек, Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг “Хатмул авлиё”, Ғиёсиддин Хондамирнинг “Макорим ул-ахлоқ”, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг “Васиятнома”, Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарийнинг “Орифнома”, Хожа Али Ромитанийнинг “Рисолаи Ҳазрати Азизон” китобларини таржима қилиб, халқимиз маънавий хазинасини бойитган олимнинг таржимаи ҳоли ҳақида қисқача тўхталиб ўтиш фойдадан холи эмас.
Комилжон Раҳимов Бухорода туғилган. Дастлаб куни кеча 500-йиллиги кенг нишонланган қадимий Мир Араб мадрасасида таҳсил олган. Кейин эса Бухоро давлат университетининг филология факультетида ўқиган. Миср Араб Республикасининг Қоҳира университетида билимларини мустаҳкамлаган. Миллий ва диний қадриятларимизга бағишланган нуфузли анжуманларнинг фаол иштирокчиси саналган ёш замондошимизнинг хаттотлик, эпиграфика, миниатюра санъатлари тарихига оид мақолалари ҳам илмий доираларда алоҳида эътироф этиляпти.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Маънавий қадрият: тарғибот учун берилган мукофот
Бухорода Мир араб олий мадрасаси ташкил топганининг 500 йиллигига бағишланган “Боқий Бухоронинг ислом цивилизациясидаги ўрни” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Президентимиз ташаббуси билан ўтказилган нуфузли анжуман доирасида буюк аждодлардан қолган илмий-маънавий мероснинг ўрганилиши ва тарғиб этилиши ҳамда маънавий қадриятларнинг тикланишига муносиб ҳисса қўшган бир қатор юртдошларимизга халқаро мукофотлар топширилди.
Жумладан, Россиядаги нуфузли мусулмон ташкилотларидан бири Шимолий Кавказ мусулмонлари мувофиқлаштириш маркази (ШКМММ) раиси, Муфтий шайх Исмоил Бердиевнинг фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими, “Нақшбандия” журнали бош муҳаррири ўринбосари, тарих фанлари доктори Комилжон Раҳимов “За утверждение духовных ценностей” (“Маънавий қадриятларни ўрнатишдаги хизматлари учун”) ордени билан тақдирланди.
Айтиб ўтиш лозимки, бу орден Комилжон Раҳимовга Россия мусулмонлар жамоатчилиги томонидан тақдим этилаётган биринчи мукофот эмас. Россия мусулмонлари Марказий диний идораси раёсатининг 2023 йил 14 февралдаги қарори ва ушбу идора раиси, олий муфтий Шайхулислом Талъат Сафо Тожиддиннинг фармонига асосан Комилжон Раҳимов бутун постсовет маконида диний-ахлоқий қадриятларни изчил ўрнатишдаги муносиб ҳиссаси, диний-ахлоқий уйғонишни ривожлантиришдаги роли, Россия ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги тинчлик, дўстлик ва ўзаро тушунишни мустаҳкамлашдаги салмоқли ҳиссаси ва бошқа хизматлари учун “Вера и честь” ордени билан тақдирланган эди.
Комилжон Раҳимовни навбатдаги юксак ва фахрли хорижий мукофотга сазовор бўлгани билан табриклар эканмиз, ушбу ёш ўзбек олимининг ҳаёт йўли ва фаолиятига қисқача тўхталиб ўтишни лозим топдик.
Ўзбек тасаввуфшунослигининг ёш авлод вакили, ўз илмий изланишлари натижасида Марказий Осиё тасаввуфининг вужудга келиши ва ривожланиши тарихи, шунингдек, хожагон-нақшбандия тариқати тарихи ва таълимотини чуқур тадқиқотлар доирасига жалб этган истеъдодли ёш шарқшунос, манбашунос олим, моҳир таржимон ва жамоатчилик фаоли Комилжон Раҳимов 1982 йили Бухоро шаҳрида туғилган. У Бухородаги Мир Араб ислом мадрасаси (1995-1999 йиллари) ва Бухоро давлат университетининг ўзбек филологияси факультетида (2000-2007 йиллари) таҳсил олган, Миср Араб Республикасининг Қоҳира университети Араб филологияси ва Археология факультетларида (2006-2007 йиллари) малака оширган. 2017 йил Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Шарқшунослик институти аспирантурасини, 2021 йилда эса ушбу институт докторантурасини битирган.

Комилжон Раҳимов 2018 йили тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), 2022 йилда эса тарих фанлари бўйича фан доктори (DSc) илмий даражасини олган. Шу пайтга қадар Комилжон Раҳимовнинг Ўзбекистон ва 15 хорижий мамлакат нашрларида 250 дан ортиқ илмий мақоласи эълон қилинган. 30 та монографияси ва 2 та илмий тўплами нашр этилган. Бундан ташқари, у турли тўплам, луғат ва энциклопедияларда ҳам 77 та мақола чоп этган. Булардан ташқари, Ўзбекистондаги 41 та ва хорижий мамлакатлардаги 19 та илмий-амалий ва илмий-назарий анжуманларда ўз илмий маърузалари билан иштирок этган.
Комилжон Раҳимов хожагон-нақшбандия тариқати тадқиқотларидан ташқари, Бухоро шаҳрининг ислом илмлари ривожидаги тутган ўрнига бағишланган “Бухоро: Қуббат ул-ислом шаҳри” (Тошкент, 2021) ҳамда бухоролик буюк аллома Абу Ҳафс Кабир Бухорий (768-837) ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Бухорони Қуббат ул-ислом этган аллома” (Тошкент, 2021) монографияларини ҳам нашр эттирди.
Комилжон Раҳимов ўтмишда яшаб ўтган буюк аллома аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятига, ислом илмлари, жумладан, тасаввуфга, шунингдек, хаттотлик, миниатюра ва эпиграфика санъатларига бағишланган қомуслар, тўпламлар ва луғатларда ҳам ўз мақолалари билан фаол иштирок этиб келмоқда.
Комилжон Раҳимов халқимиз ва хорижликларни буюк тарихий, илмий, маданий ва маънавий меросимиз билан яқиндан таништиришга қаратилган кенг жамоатчилик фаолияти билан ҳам кенг шуғулланиб келмоқда. Жумладан, унинг ташаббуси билан 2008 йили Марказий Осиёда ягона “Нақшбандия” илмий-ирфоний, маънавий-маърифий журнали ташкил этилди. Комилжон Раҳимов ўша йилдан буён мазкур журналда бош муҳаррир ўринбосари сифатида ишлаб келмоқда. Шунингдек, у 1994 йилдан бошлаб ҳар йили сентябрь ойида Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси марказида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Нақшбандхонлик Республика илмий-амалий анжуманининг 2007 йилдан кейинги даврдаги доимий иштирокчиси ва ташкилотчиси ҳисобланади.
Бухорода ўтказилган I Халқаро зиёрат туризми форумининг асосий илмий маслаҳатчиларидан бири бўлди. Шунингдек, у Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2022 йил 22 апрелдаги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгаши аъзоси этиб тайинланди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу-Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ҳамда Бухоро давлат университетидаги Илмий кенгашларнинг аъзоси ҳисобланган Комилжон Раҳимов айни пайтда ислом даврининг бошларида Бухоро шаҳридаги таълим, фан ва маданият асосларининг қўйилиши ва ривожланиши тадқиқига бағишланган «VIII-XI асрларда Бухородаги таълим, фан ва маданият тараққиёти» номли монографик тадқиқот устида ишламоқда.
Илмий-маънавий меросимизни ўрганиш ва тарғиб этиш ишига катта ҳисса қўшиб келаётган ушбу сермаҳсул олим, моҳир таржимон ва жамоатчилик фаолининг келгусидаги фаолиятига улкан муваффақиятлар тилаб қоламиз.
Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ташкил этилганлигига 80 йил тўлди
Бугун Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида институт ташкил этилганлигининг 80 йиллик юбилейига бағишланган конференция бўлиб ўтди.
Тадбирда Фанлар академияси тизимидаги институт ва музейлар, бир нечта ОТМлар, бошқа бир қатор маҳаллий ва хорижий ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда раҳбарлари иштирок этди. ИРСИКА ташкилоти, Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази, Ҳиндистон маданият маркази, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази шулар жумласидандир.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти 1943 йил Ўзбекистон Давлат халқ кутубхонаси (ҳозирги Алишер Навоий номидаги Давлат кутубхонаси) нинг Шарқ бўлими асосида ташкил топган ва 1950 йилгача Шарқ қўлёзмаларини ўрганиш институти деб аталган. 1950 йилда эса Институтда олиб борилаётган илмий соҳалар қамровини ҳисобга олиб, Шарқшунослик институти деб номланган.
Ўмон Султонлигининг Ўзбекистондаги янги элчиси Вафа ал-Бусаидий хоним ЎзРФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтига ташриф
Ўмон Султонлигининг Ўзбекистондаги янги элчиси Вафа ал-Бусаидий хоним ЎзРФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтига ташриф буюриб, ушбу муассасанинг нодир қўлёзмалар фонди ва илмий фаолияти билан батафсил танишди.
Fanlar akademiyasi Sharqshunoslik instituti:yangi davr va yangi imkoniyatlar
Янгиликлар 24
Abu Rayhon Beruniy nomidagi Sharqshunoslik institutining 80 yilligiga bag‘ishlangan
More...
Abu Rayhon Beruniy nomidagi Sharqshunoslik institutining 80 yilligi
Abu Rayhon Beruniy nomidagi Sharqshunoslik institutining 80 yilligiga bag‘ishlangan anjuman bo‘lib o‘tdi.
БАЙРАМ ТАБРИГИ
(ЎзР Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтига 1943 йилда асос солинган эди. Бугун институт ЎзР ФА си билан биргаликда 80 йиллик тўйини нишонламоқда.)
Бир маскан бор шаҳри азимда,
Хазинадан дур сочиб турар.
Кеча -кундуз инсон қалбига,
Маърифатдан нур сочиб турар.
Шарқшунослик илмгоҳи бу,
Шарқшуносга муқаддас макон.
Боболардан қолган меросга,
Бошдан-оёқ бамисоли кон.
Унда бордир улкан хазина,
Ичи тўла марвариду дур.
Илм излаб кирса ҳар кимга,
Зиёсидан етказар ҳузур.
Унда мавжуд ҳар бир қўлёзма,
Шарқшуносга тинмай айтар роз.
Кимки унга меҳрини қўйса.
Эл ичида топади эъзоз.
Зимдан агар ташласак назар,
Илмгоҳда руҳлар намоён.
Тилга олсак улар номини,
Шодликларга тўлар бегумон.
Бугун бунда улуғвор байрам,
Ўтганлар ҳам барчаси ҳозир.
Анжуманда бундоқ қарасам,
Амир Темур экандир нозир.
Ал-Бухорий кўтариб ҳадис,.
Муҳаддислар ичида турар.
Ён-верида олти муҳаддис,
Китобини кўзига сурар.
Ал-Хоразмий ал-Фаргонийлар.
Улуғбекка қотмоқдалар сўз.
Али Қушчи Қозизодага,
Қараб турар узолмайин кўз.
Ибни Сино билан Беруний,
Китоблардан сўзлашмоқдадир.
Янги -янги асар ёзмоқни,
Ҳар иккови кўзлашмоқдадир.
Қараб турсам, улуғ Навоий,
Тутмоқдадир Жомий қўлини.
Бу икки дўст хақ гапни айтсам,
Забт этгандир илм мўлини.
Илмгоҳга келса ҳар одам,
Кутиб олар Сабоҳат опа.
Бизлар билан қадамма -қадам,
Яшамоқда саломат опа.
Узоқ йиллар Музаффар ака,
Раҳбарликда бўлди музаффар.
Форобийнинг фалсафасидан,.
Фан кўкида тополди зафар.
Илмгоҳга файз бағишлаб,
Убайдуллоҳ мағрур турмоқда.
Ибни Сино, Беруний ёнда,
Розий билан суҳбат қурмоқда.
Булгаковни ким ҳам билмайди,
Шарқ фанига қўшди кўп ҳисса.
Арендсдек улуг олим хам,
Ном қозонди бунда алқисса.
Асомиддин чекиб кўп заҳмат,
Тадқиқ қилди Жомий хатини.
"Икки денгиз" ичига шунғиб,
Оча олди тарих қатини.
Исматуллоҳ Абдуллаевни,
Бугун тилга олмасак бўлмас.
Саолабий дунесин очиб,
Қолдиролди асарлар ўлмас.
Ҳамидулла Ҳикматуллаев,
Қўлларидан тушмайин қалам.
"Касалликлар тарихи"н очиб,
Розий учун чекди кўп алам.
Қувомиддин ака Муниров,
Кўп йил бўлди Хазинага бош.
Қўлёзиани жонидек асраб,
Топа олди ўзида бардош.
Бунда ўтган қанчалаб олим,
Ҳаммасидан қолгандир асар.
Барчасини санамоқ қийин,
Ҳаммасига шуҳрат муяссар.
Бугун бизда қўшалоқ байрам,
Академия ҳамда илмгоҳ.
Саксон эмас, минг йиллар яшаб,
Олимларга кўрсатолсин роҳ.
Омон бўлсин раҳбарлари ҳам,
Илм учун бермоқда ривож.
Ўзбек илми жаҳон халқининг,
Боши узра бўлсин дейди тож.
Раҳмат деймиз Баҳромжон учун,
Тўғри йўлга йўллаб турибди.
Сурайёхон илм аҳлини,
Кеча- кундуз қўллаб турибди.
Тилагимиз шуки, илмгоҳ,
Шуҳрат билан бор бўлаверсин.
Шарқшунослар аҳлига доим,
Ғалабалар ёр бўлаверсин.
Тарих фанлари доктори
Маҳмуд ҲАСАНИЙ