"ADOLAT" SOSIAL-DEMOKRATIK PARTIYASI
“Янги Ўзбекистон” газетасининг 2022 йил, 29 март сонида Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, тарих фанлари доктори, профессор Баҳром Абдуҳалимовнинг “Боболаримизнинг илмий мероси қардош халқни ҳам баҳраманд этмоқда” номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.
“Янги Ўзбекистон” газетасининг 2022 йил, 29 март сонида Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, тарих фанлари доктори, профессор Баҳром Абдуҳалимовнинг “Боболаримизнинг илмий мероси қардош халқни ҳам баҳраманд этмоқда” номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.
Марказий Осиё алломалари ўрта асрларда илм-фаннинг турли соҳаларига оид кўплаб муҳим асарлар битган. Бу асарлар ўзининг юксак илмий савияси ва қиймати билан жаҳон илм-фани ривожига катта таъсир кўрсатиб, башарият тараққиётининг юқори босқичи ҳисобланган ҳамда илмий адабиётларда Ренессанс деб эътироф этилган ижтимоий ҳодисани юзага келтирган. Юртимиз кутубхона ва қўлёзма фондларида сақланаётган 100 мингдан ортиқ асарлар бунга ёрқин мисол бўла олади.
Айни кунларда аждодларимизнинг ушбу бетакрор тарихий ва маънавий меросини асраб-авайлаш ҳамда илмий истифодага киритиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Жумладан, Президентимизнинг бу йил 10 февралдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазкур масалалар ечимига йўналтирилгани билан алоҳида аҳамиятга эга.
Қарор юртимизда Шарқ қўлёзмаларини сақлаш, таъмирлаш, бойитиш ва муайян тизимга келтириш, араб ёзувидаги ёзма ёдгорликлар, эпиграфика намуналарини тадқиқ қилиш, уларни асл ҳолида ҳамда ўзбек ва хорижий тилларда илмий изоҳлар, таржималар билан нашр этиш, илмий муомалага киритиш ишларини тамоман янги босқичга олиб чиқади. Шунингдек, меъёрий ҳужжатда юртимиздан етишиб чиққан алломаларнинг хорижий давлатларда сақланаётган асарларини излаб топиш ва каталогларини тузиш борасида янги вазифалар белгиланди.
Даврлар ўтиб, асрлар силсиласида юртимиз алломалари битган асарлар турли мамлакатларга олиб кетилган ва бугунгача сақлаб келинмоқда. Аллома боболаримизнинг кўплаб асарлари сақланаётган шундай мамлакатлардан бири Туркия Республикасидир. Кейинги йилларда мазкур давлат билан ҳамкорликнинг истиқболли ривожланиш палласига қадам қўйилмоқда. Хусусан, Президентимиз 2020 йили 20 февраль куни Анқара шаҳрида Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Халқ кутубхонасининг очилиш маросимида иштирок этди. Давлатимиз раҳбари юртимизда сақланаётган Усмон Мусҳафининг ўзбек хаттотлари кўчирган нусхаси, Жалолиддин Румийнинг машҳур “Маснавийи маънавий” ҳамда Абу Бакр Розийнинг “Касалликлар тарихи” номли асарларининг ноёб қўлёзмалари факсимиле нусхалари, “Алишер Навоий асарларининг Истанбул кутубхоналаридаги тасвирий нусхалари” номли китобальбом, XIII асрда яшаб ўтган турк шоири Юнус Эмро шеърларининг ўзбек тилига таржимаси жамланган “Ўлмас кўнгул” номли китобни янги кутубхонага туҳфа қилди.
Мутахассислар Туркияда 300 минг жилд атрофида қўлёзма асарлар борлигини тахмин қилмоқда. Уларнинг 160 мингдан ортиғи арабий, 70 мингга яқини туркий ва 13 минг жилддан ортиғи форсий тилларда битилган. Юнонча, сурёнийча қўлёзмалар ҳам бор. Биз учун аҳамиятли жиҳати шундаки, улар орасида марказий осиёлик олимларнинг асарлари қўлёзмалари ҳам кўплаб учрайди. Бироқ мазкур алломаларнинг Туркияда сақланаётган асарлари хусусида махсус каталоглар тузилмагани туфайли уларнинг сони, муаллифлари, қайси кутубхона ёки музейларда сақланаётгани ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмасмиз. Бизнингча, буларни аниқлаш учун махсус археографик экспедициялар уюштириш мақсадга мувофиқ. Бу қўлёзмаларнинг аксариятини юртимиздан етишиб чиққан Абу Райҳон Беруний, Имом Бухорий, Ҳаким Термизий, Имом Термизий, Муҳаммад Хоразмий, Маҳмуд Замахшарий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Алишер Навоий, Шарофиддин Илоқий, Бурҳониддин Марғиноний, Мирзо Улуғбек, Қозизода Румий ва бошқа алломалар асарлари ташкил этади.
Марказий осиёлик алломаларнинг асарлари Туркиянинг Маданият ва туризм вазирлигига қарашли кутубхоналар ҳамда нашрлар бош бошқармаси, маданий ёдгорликлар ва музейлар бош бошқармаси, университетлар кутубхоналари, оммавий кутубхоналар, вақфлар бош бошқармасига қарашли кутубхоналар, шунингдек, шахсий коллекцияларда мавжуд.
Сулаймония қўлёзма асарлар кутубхонасида 155 та коллекция мавжуд бўлиб, унда жами тўқсон минг жилд қўлёзма ва етмиш минг жилдга яқин араб ёзувидаги босма асар мавжуд. Кутубхона таркибида усмоний подшоҳлар ва ҳомийлар жамлаган асарлар ҳам бор. Унда Аё София, Бағдодли Веҳби, Жоруллоҳ, Домод Иброҳим, Асад Афанди, Фотиҳ, Ҳожи Маҳмуд, Ҳомидия, Қилич Али, Лалели, Раисул куттоб, Сулаймония, Шаҳид Али ва Йени коллекцияларидаги нодир асарлар жамланган. Албатта, Сулаймония кутубхонасининг беназир ва беқиёслиги фақат рақамларда ифодаланмайди. Бу ерда қадимий, муаллифлар ўзи қўли билан ёзган, яъни автограф, миниатюра ва дунёда ягона нусха ёки султонларга ҳадя қилинган жуда қимматли қўлёзмалар ҳам сақланади. Ушбу кутубхона улуғ ватандошимиз, буюк қомусий олим Абу Али ибн Синонинг бизгача етиб келган асарларидан кўпини ўзида жамлаган дунёдаги ягона кутубхона ҳисобланади. Буюк табиб бобомизнинг у ерда сақланаётган асарлари орасида XI асрга оидлари ҳам бор. Улар каллиграфия, миниатюра, расм ва муқоваларининг нафислиги билан ҳам бебаҳо. Кутубхонада ибн Сино асарларининг 1484 та қўлёзмаси мавжуд. Алломанинг 140 га яқин рисоласини яхлит ўзида жамлаган мажмуа асарлари ҳам бор.
Абу Али ибн Синонинг Сулаймонияда сақланаётган асарлари фалсафа, мантиқ, дин фалсафаси, тасаввуф, тилшунослик, адабиёт, математика, физика, кимё, табобат, сиёсат, география, астрономия каби фанларга оид бўлиб, 1022–1728 йиллар оралиғида кўчирилган. Кутубхонада беназир ҳакимнинг кичик асарлари ҳам бўлиб, уларда муаллиф эпистемология, онтология, теология ва метафизикага оид қарашларини баён қилган. Алломанинг Абу Райҳон Беруний билан ёзишмалари ҳам кутубхона мажмуасидан жой олган.
Сулаймонияда бобомизнинг “Китоб уш-шифо” асарининг 32 та нусхаси мавжуд. “Китоб ун-нажот”, “Ал-ишорот вал танбиҳот”, шунингдек, кичик фалсафий рисолалари ҳамда физика, мусиқага оид асарлари ҳам кутубхона фондидан ўрин олган.
Муаллифнинг табобатга оид асарларига келсак, Сулаймонияда “Тиб қонунлари” асарининг 58 та нусхаси мавжуд. Беш итобдан иборат бу асарнинг усмонли турк тилига қилинган таржималари ҳам бор. Холид Афанди коллекциясидаги 750-қўлёзма “Тиб қонунлари”нинг муаллифлик, яъни автограф нусхаси ҳисобланади.
Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ва Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг анъанавий ҳамкорлиги натижасида “Абу Али ибн Сино асарлари қўлёзмалари Туркия кутубхоналарида” номли китобальбом нашр этилгани ҳар икки мамлакат олимларининг бу борадаги ўзаро ҳамкорлиги дебочаси бўлди.
Туркия кутубхоналарида сақланаётган эски ўзбек ёзувида битилган ва бугунгача етиб келган энг қадимги манбалардан “Ўрхун битиклари”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” (Саодатга элтувчи билим) ва Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” (Туркий тиллар девони) асарларини ҳам зикр этиш мумкин.
Абу Али ибн Синонинг замондоши Абу Райҳон Беруний аниқ ва табиий фанларга оид фундаментал асарлар ёзган қомусий олим ҳисобланади. Аллома ўзидан йирик илмий мерос қолдирди. Унинг 182 китобидан 18 таси астрономияга, 15 таси географияга, 5 таси астрономик ускуналар ва улардан фойдаланишга, 4 таси ёруғлик нурини кузатишга, 5 таси вақтни ҳисоблаш ва аниқлашга, 5 таси юлдузларга, 7 таси астрологияга, 14 таси оптика фанига оид. Ҳозир Туркия кутубхоналарида аллома асарларининг уч юзга яқин қўлёзмаси мавжуд. Бу Берунийнинг дунёдаги бошқа кутубхоналарда сақланаётган асарлари сонига қараганда анча кўп. Улар орасида бобомиз ҳаётлигида кўчирилганлари ҳам борлиги ҳайратланарли ва қувонарли ҳол, албатта.
Илмий доираларда айтилишича, Тўпқопи саройининг музей кутубхонасида Муҳаммад Шайбонийхоннинг ягона нусхадаги девони, темурийлар билан ёзишмалари сақланмоқда. Айнан шу кутубхонанинг “Реван” коллекциясида Навоийнинг “Куллиёт” асари сақланади. Яна, Алишер Навоийнинг форсийда ёзган ғазалларидан парчалар, Абу Али ибн Сино ва Бухоро хони Имомқулихонга ишланган миниатюралар ўрин олган.
Туркия қўлёзма асарлар ташкилоти бошқармасига қарашли Кўнё кутубхонасида ҳам арабий, форсий, арман, сурёний, курд, усмоний ва чиғатой тилларида битилган қўлёзмалар мавжуд. Ушбу жамланмадан Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари”, Жалолиддин Румий ва Ибн ал-Арабийнинг китоблари ҳам жой олган.
Боболаримизнинг Туркия кутубхоналарида сақланаётган салмоқли илмий мероси мамлакатимиз тамаддуни ютуқларидан қардош Туркия халқи ҳам баҳраманд бўлаётганини таъкидлайди. Бу эса давлатлар ўртасидаги илмий-маърифий ҳамкорликнинг бугунги ривожига тамал тоши анча аввал қўйилганидан гувоҳлик беради.
https://yuz.uz/news/bobolarimizning-ilmiy-merosi--qardosh-xalqni-ham-bahramand-etmoqda
Улашова Севинч Улаш қизининг “XIII-XV асрлар форсий манбаларида Мовароуннаҳрдаги этник жараёнлар” мавзусидаги 07.00.08 – Тарихшунослик, манбашунослик ва тарихий тадқиқот усуллари, 07.00.03 – Жаҳон тарихи ихтисосликлари бўйича тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасининг ҳимояси ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ҳузуридаги илмий даражалар берувчи DSc.02/30.12.2019.Tar.44.01 рақамли Илмий кенгашнинг 2022 йил 24 март куни соат 14:30 даги мажлисида бўлиб ўтади.
Манзил: 100170, Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Мирзо Улуғбек кўчаси, 79-уй.
Тел.: (+99871) 262-54-61
e-mail: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
XIII-XV асрлар форсий манбаларида Мовароуннаҳрдаги этник жараёнлар
Назирова Ҳилола Баҳодировнанинг тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертация иши ҳимояси тўғрисида
“Қўнғиротлар сулоласи тарихнавислигида Муҳаммадризо Огаҳийнинг “Зубдат ут-таворих” асари” мавзусида
Назирова Ҳилола Баҳодировнанинг “Қўнғиротлар сулоласи тарихнавислигида Муҳаммадризо Огаҳийнинг “Зубдат ут-таворих” асари” мавзусидаги 07.00.08 – Тарихшунослик, манбашунослик ва тарихий тадқиқот усуллари ихтисослиги бўйича тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасининг ҳимояси ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ҳузуридаги илмий даражалар берувчи DSc.02/30.12.2019.Tar.44.01 рақамли Илмий кенгашнинг 2022 йил 24 февраль куни соат 14:30 даги мажлисида бўлиб ўтади.
Манзил: 100170, Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Мирзо Улуғбек кўчаси, 79-уй.
Тел.: (+99871) 262-54-61
e-mail: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида Алишер Навоийнинг “Ҳамса” ва “Муҳокамат ал-луғатайн” асарларининг қозоқ тилига қилинган таржималари тақдимотига бағишланган тадбир ўтказилди.
Маълумки, Навоий ўз “Ҳамса” асари билан дунё адабиётининг энг ноёб ва муҳташам намунасини ўзбек тилида яратиш мумкин эканлигини исботлаган бўлса, “Муҳокамт ал-луғатайн” орқали ўзбек тили жаҳоннинг энг бой ва гўзал тилларидан бўлган – форс тилидан ҳеч бир жиҳатдан ортда қолмаслиги, билакс бу тилда ҳам муҳташам асарлар яратиш мумкинлигини тилшунослик нуқтаи назаридан асослаб берди. Ҳар икки асарнинг қардош қозоқ тилига таржима қилиниши ҳазрат Навоийнинг биродар қозоқ халқига яна бир карра яқин қилди.
Мазкур тадбир Ўзбекитон Республикаси Президентининг “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилди. Қарорга мувофиқ бу йил Алишер Навоийнинг 580 йиллиги мамлакатимизда катта тантана билан нишонланди. Навоий шаҳрида дунёнинг 60 га яқин мамлакатларидан келган олимлар иштирокида халқаро анжуман, Алишер Навоий театрида эса хорижлик меҳмонлар иштирокида адабий тадбир бўлиб ўтди. Бундан ташқари, кўплаб адабий учрашувлар ва анжуманлар ташкил этилди. Бир сўз билан айтганда, бу йил Навоий йили бўлди.
Навоийнинг ижодий мероси нафақат юртимизда, балки хорижий мамлакатларда ҳам тарғиб этилмоқда. Зотан, адибнинг барҳаёт асарлари қардош халқлар ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашда олтин кўприк бўлиб хизмат қилади.
Навоий асарларини ўзбек тилидан қозоқ тилига Қозоғистон давлат мукофоти совриндори, таниқли қозоқ шоири Несипбек Аитули таржима қилган. Тадбир аввалида ушбу асарлар кўргазмаси жамоат арбоблари, олимлар ва тадқиқотчиларнинг эътборини тортди.
Тақдимотни кириш сўзи билан очган Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов яқинда амалга оширилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикаси расмий ташрифи ҳақида фикр билдирди. Ташрифдан сўнг икки давлат ўртасидаги алоқалар янги даражага кўтарилиб, ўзаро муносабатлар иттифоқчилик муносабатларига айланганини таъкидлади. “Биз ҳар томонлама яқин давлатлармиз. Навоий асарларининг қозоқ тилига таржимаси илм-фан оламидаги йирик воқеадир” дея қайд этди Б.Абдуҳалимов.
Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси маслаҳатчиси Руслан Дуйсенов сўнгги йилларда икки мамлакат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари туфайли барча соҳаларда дўстона алоқалар ривожланаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид “Адабий дўстлик – абадий дўстлик” шиори остида олиб борилаётган фаолият ҳақида тўхталиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси, проф. Нурбой Жабборов Навоий асарларининг қозоқ тилига таржимасининг муваффақиятли чиққанидан мисоллар келтирди. Қозоқ тилига катта муҳаббат ила ўгирилган сатрлар халқлар ўртасидаги илиқликни ифодалашини таъкидлади.
Адабиётшунос олим Турсинали Аҳмедов асарлар таржимаси амалий қадам ва ёрқин ютуқ эканлигини, аслиятдаги маъно жозибадорлиги таржимада ҳам сақланиб қолганини эътироф этди.
Филология фанлари докторлари, профессор Низомиддин Маҳмудов ва Жаббор Эшонқулов Ўзбекистонда навоийшунослик анъаналари, ҳозирда амалга оширилаётган тадқиқотлар, уларнинг истиқболлари ҳақида батафсил тўхтаб, адабиётшунослар томонидан Алишер Навоийга “туркий адабиётнинг пойтахти” дея таъриф берилишини эслатиб ўтди.
Тадбир сўнгида Қозоқ миллий маданият маркази вакилларининг бадиий чиқишлари намойиш этилди.