TUZILMA
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг янгидан ташкил этилган илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 20-сон, 371-модда)
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тузилмасига берилган ҳамда унинг таркибида янгидан ташкил этилган илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини ташкил этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 17 февралдаги ПҚ-2789-сон қарори билан Тарих институти Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси (кейинги ўринларда Фанлар академияси деб аталади) таркибига ўтказилганлиги, шунингдек В.И.Романовский номидаги Математика институти, Ядро физикаси институти, У.А.Орифов номидаги Ион-плазма ва лазер технологиялари институти, М.Т. Ўрозбоев номидаги Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти, Полимерлар кимёси ва физикаси институти, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Я. Ғуломов номидаги Археологик тадқиқотлар институти, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ҳамда Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи (кейинги ўринларда янгидан ташкил этилган илмий-тадқиқот муассасалари деб аталади) янгидан ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
- Қуйидагилар:
археологик ва этнологик тадқиқотларнинг назарий ва методологик жиҳатларини ишлаб чиқиш, XIX асрнинг иккинчи ярми — ХХ аср боши Ўзбекистон тарихини тизимли ўрганишни ташкил этиш, холисона ёндашув асосида ўзбек халқининг давлатчилиги тарихи бўйича тадқиқотларни амалга ошириш, ўтмишнинг сохталаштирилишига йўл қўймаслик, жаҳоннинг цивилизацион ривожланиши билан боғлиқликда Ўзбекистоннинг янги ва энг янги тарихи билан боғлиқ масалаларни ҳар томонлама ва чуқур тадқиқ этиш — Фанлар академияси Тарих институтининг;
математика фанлари: алгебра ва функционал анализ, дифференциал тенглама ва математик физика, динамик тизимлар назарияси, геометрия ва топология, эҳтимоллик назарияси ва математик статистика, амалий математика ва математик моделлаштириш математика фанларининг устувор йўналишлари бўйича халқаро стандартлар даражасида илмий тадқиқотлар олиб бориш — Фанлар академияси В.И. Романовский номидаги Математика институтининг;
ядро физикаси, элементар зарралар ва амалий ядро физикаси, қаттиқ жисм радиацион физикаси ва наноматериаллар физикаси, ядро аналитикаси ва радиокимё, илмий приборсозлик ва амалий электрониканинг истиқболли йўналишларида тадқиқотлар олиб бориш — Фанлар академияси Ядро физикаси институтининг;
электроника, фотоника, молекуляр физика ва иссиқлик физикаси, ярим ўтказгичлар ва янги материаллар технологияси соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш, замонавий жаҳон тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда оригинал ион-плазма, лазер технологияларини ишлаб чиқиш — Фанлар академиясининг У.А. Орифов номидаги Ион-плазма ва лазер технологиялари институтининг;
деформацияланувчи қаттиқ жисм механикаси, грунтлар механикаси, суюқлик ва газ механикасининг илмий асосларини, экспериментал механика усулларини, механизмлар ва машиналар, конструкциялар динамикаси ва мустаҳкамлиги назарияларини ривожлантириш, иншоотларнинг сейсмик чидамлилиги муаммолари ва уларнинг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш, уларни фаол сейсмик ҳимоя қилиш усуллари бўйича тавсиялар тайёрлаш, ҳаётни таъминлаш тизимлари учун сейсмик таҳдидни пасайтириш стратегиясини ишлаб чиқиш — Фанлар академиясининг М.Т.Ўрозбоев номидаги Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институтининг;
табиий ва синтетик полимерлар, нанокомпазицион материаллар соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш, нанокимё, нанофизика, юқори молекуляр бирикмалар нанотехнологиялари соҳасидаги илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва чуқурлаштириш, полимер асосида учинчи авлод энергиянинг муқобил манбаларини яратиш, маҳаллий полимер препаратлар, материаллар ва технологияларни яратиш ҳамда иқтисодиёт тармоқларида жорий этиш — Фанлар академияси Полимерлар кимёси ва физикаси институтининг;
шарқ тилларидаги қадимги ва ўрта асрлар шарқ қўлёзмалари ва тарихий ҳужжатларни сақлаш, тизимлаштириш, реставрация қилиш, рақамлашни таъминлаш, Ўзбекистонда сақланаётган ноёб қўлёзмаларнинг электрон базасини яратиш ва жорий этиш, улар чуқур ўрганилишини ва илмий тавсифлари тузилишини ташкил этиш — Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг;
қадимги тош асридан бошлаб ривожланган ўрта асрларни ўз ичига олган Ўзбекистоннинг моддий ва маънавий маданияти тарихини ўрганиш, тадқиқ этиладиган даврлар маданиятлари хронологияси ва даврлаштирилишини ишлаб чиқиш, Ўзбекистон ҳудудининг ибтидоий одам томонидан ўзлаштирилиши, цивилизациянинг шакллантирилиши, илк шаҳарлар ва давлатчилик, қадимги жамиятлар дунёқараши, жаҳон динларининг пайдо бўлиши ва ривожланиши, ҳунармандчилик, металлургия ва кон иши, археологик ёдгорликларни аниқлаш, картага тушириш ва илмий муомалага киритиш — Фанлар академиясининг Я.Ғуломов номидаги Археологик тадқиқотлар институтининг;
ўзбек тили, адабиёти ва фольклорларининг тарихан шаклланган адабий, лингвистик мактаблари ва таълимотларини тадқиқ этиш, ўзбек тилининг базавий академик ва ўқув грамматикаларини яратиш, ўзбек тилининг фонетик тизими бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш, ўзбек тили, адабиёти ва фольклорининг тарихий ривожланиши тамойилларини, шунингдек замонавий тил ва адабий жараёнлар қонунларини, миллий-адабий анъаналарнинг тил ва адабиётнинг ҳозирги ҳолатига таъсири масалаларини тадқиқ этиш, тиллар ва адабиётларнинг ўзаро алоқаси билан боғлиқликда ўзбек тили ва адабиётининг ўзига хослигини ўрганиш — Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг;
энг қадимги даврлардан бугунги кунгача бўлган экспозиция залларини яратиш, музей фондларини янги ҳужжатли материаллар, экспонатлар, ноёб топилмалар билан даврий тўлдириш, экскурсияларни ташкил этиш ва амалга ошириш йўли билан музейда сақланаётган маданий ва адабий ёдгорликлар ҳақида кенг жамоатчилик ва ёшлар орасида маърифий ишлар олиб бориш, шу асосида музей фондида сақланаётган ноёб қўлёзмалар факсимал нашрларининг халқаро илмий талабларини амалга ошириш — Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин.
- Тарих институти, В.И. Романовский номидаги Математика институти, Ядро физикаси институти, У.А. Орифов номидаги Ион-плазма ва лазер технологиялари институти, М.Т. Ўрозбоев номидаги Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти, Полимерлар кимёси ва физикаси институти, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Я. Ғуломов номидаги Археологик тадқиқотлар институти, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ҳамда Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейининг тузилмалари 1 — 10-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
Фанлар академияси президентига, зарурият бўлганда, илмий-тадқиқот муассасаларининг тасдиқланган тузилмаларига ходимларнинг умумий белгиланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
- Белгилансинки:
Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги томонидан ўтказиладиган танловлар натижалари бўйича ажратиладиган грантлар;
Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейини, шунингдек ноёб илмий объект сифатида янгидан ташкил этилган илмий-тадқиқот муассасаларининг алоҳида бўлинмаларини жорий сақлаб туриш учун ажратиладиган мақсадли бюджет маблағлари;
тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган тушумлар, халқаро молия институтлари ва бошқа институтларнинг, хорижий ҳукумат ташкилотларининг грантлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Фанлар академиясининг янгидан ташкил этилган илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади.
- Фанлар академияси икки ой муддатда:
янгидан ташкил этилган илмий-тадқиқот муассасаларининг уставлари ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини ва улар давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
янгидан ташкил этилган илмий-тадқиқот муассасаларини юқори малакали илмий кадрлар ва истиқболли ёш мутахассислар билан бутлашни таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги билан биргаликда янгидан ташкил этилган илмий муассасаларнинг илмий тадқиқотлари мавзуларини, уларнинг замонавий талабларга ва жаҳон илмий ютуқлари даражасига мувофиқлигини, шунингдек иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг илм-фанни кўплаб талаб этадиган технологияларга реал эҳтиёжидан келиб чиқиб ва амалга оширилаётган ислоҳотлар ва таркибий қайта ўзгартиришларни ҳисобга олиб танқидий таҳлил қилсин ва қайта кўриб чиқсин;
Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги Меҳнат вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда республика илмий-тадқиқот муассасаларининг ёрдамчи ходимларининг намунавий штатларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
- Фанлар академиясининг Ядро физикаси институтида олиб борилаётган илмий тадқиқотларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Молия вазирлигининг Фанлар академиясининг Ядро физикаси институтининг ВВР-СМ тадқиқотчилик ядро реактори фаолият кўрсатишини давом эттириши тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
- Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармаси тўғрисидаги Низом 11-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
- Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 12-иловага* мувофиқ рўйхат бўйича бинолар ва иншоотларни оператив бошқариш ҳуқуқи билан белгиланган тартибда берсин, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси эса қабул қилиб олсин.
* 12-илова рус тилидаги матнда берилган.
- Бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан:
Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ҳамда Фанлар академиясининг Тарих институти Тошкент шаҳри, Шаҳрисабз кўчаси, 5-уй манзилида;
Фанлар академиясининг Микробиология институти Тошкент шаҳри, А.Қодирий кўчаси, 7б-уй манзилида жойлаштирилсин.
- Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Фан ва технологиялар агентлиги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тугатилаётган илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий-техник лойиҳалари, асбоб-ускуналари, моддий бойликлари ва бошқа мол-мулкини, шу жумладан автотранспорт воситалари ва ёқилғи-мойлаш материаллари лимитларини бир ой муддатда тўлиқ хатловдан ўтказсинлар, уларни Фанлар академиясининг янгидан ташкил этилган илмий-тадқиқот муассасаларига берсинлар.
- Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу қарор қоидаларидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2017 йил учун тасдиқланган харажатлари рўйхатига тегишли ўзгартиришлар киритсин.
- Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 13-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.
- Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва илм-фан масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 18 май,
292-сон