Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Биринчи Ренессанс даври экспозицияси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Унда Италиянинг “Magister Art” компанияси вакиллари ва олимлар иштирокида экспозициясини жаҳон андозалари асосида ташкил этиш масалалари муҳокама этилди. Давра суҳбатида Марказ раҳбари Фирдавс Абдухолиқов Биринчи Ренессанс даври учун тайёрланаётган музей экспонатлари, иммерсив шоу ва ундаги артефактлар ҳақида маълумотлар берди:
— Марказ экспозицияси дунё бўйлаб маданий ва маърифий тадбирлар ва кўплаб халқаро кўргазмаларни ташкил этган Италиянинг нуфузли компаниясига топширилган. Дастлабки таклифлар ва уларнинг лойиҳалари маҳаллий олимлар, соҳа мутахассислари томонидан илиқ қабул қилинди. Биринчи Ренессанс даври экспозициясида экспонатлар турли ўлчамларда, турли хил кўринишларда бўлиши режалаштирилган. Масалан, “Нилометр”, “Жарқўрғон" минораси, Минораи Калоннинг муҳташам ва маҳобатли макети ясалади, экспозицияга ўша давр маърифий руҳини берувчи Хоразм Маъмун академиясининг китоблар билан тўлдирилган кичик варианти ясалади. Марказ экспозициясини бу каби кўплаб ноодатий экспонатлар билан бойитиш бўйича муҳокамалар давом этмоқда.
Давра суҳбтида “Magister Art” компанияси креатив директори Алессандра Костантин экспозиция бўйича тайёрлаган лойиҳаларини тақдимот қилди ва йиғилганларга экспозиция дизайни бўйича қилинаётган ижодий жараёнлар ҳақида сўзлаб берди:
—
Экспозицияни бойитиш бўйича изланишларимиз масъулларга ва маҳаллий олимларга маъқул келди. Италияга қайтиб, билдирилган фикр ва тавсиялар асосида ишчи гуруҳимиз билан жараённи қолган жойидан давом эттирамиз. Ишларимизни янада мукаммаллаштириш учун хорижнинг машҳур музейларига боришга, Туркия, Россия ва шу каби давлатларнинг тажрибаларини ҳам ўрганишга тўғри келмоқда.
“Magister Art” компаниясининг тажрибали архитектори Лаура Перетти марказ экспозицияси бўлимларининг жойлашуви, шакли, интерьери ва мазмуни ҳақида фикрларини баён этди:
—
Экспозицияни мукаммал ва жаҳон стандартларига мос тарзда ташкил этишда ўзбекистонлик олимларнинг ҳам фикрлари биз учун муҳим. Марказни янги сегментлар билан бойитиш бўйича муҳокамалар ҳали якунига етгани йўқ. Лекин биз дастлабки ўрганишларимиз жараёнларида шундай хулосага келдикки, экспозицияни бойитиш учун Ўзбекистон тарихига оид экспонатлар етарли. Музокаралар жараёнида биз уларни кенгроқ таҳлил қилдик, ўрганганларимиз асосида мамлакат тарихига оид энг сара ва муносибларини экспозиция доирасида йирик "план"ларга чиқаришга келишиб олдик.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати