Ўзбекистонда педагогика фанининг шаклланиши ва ривожида ўчмас из қолдирган олимлар бор. Улар орасида академик Рисбой Хайдарович Джураев алоҳида ўрин тутади. Унинг ҳаёт йўли, илмий фаолияти ва устозлик мактаби мамлакатимиз таълим тизимида барқарорлик, узлуксизлик ва янгиланиш ғоялари билан чамбарчас боғлиқ.
1946 йилда Сирдарё вилоятида туғилган Рисбой Джураев ўз меҳнат фаолиятини муҳандислик соҳасидан бошлаган. 1968 йилда Тошкент политехника институтини муҳандис-гидроэнергетик мутахассислиги бўйича тамомлаган бўлса-да, унинг илмий қизиқишлари ва ҳаётий танлови кейинчалик педагогика фани билан боғланди. Бу танлов тасодифий эмас эди: у таълим ва тарбия масалаларига тизимли, илмий ва инновацион ёндашув зарурлигини эрта англаган олимлардан бири бўлди.
Педагогика фанлари доктори, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги сифатида Рисбой Джураев кўп йиллар давомида педагогика фанининг назарий асосларини ривожлантириш, таълим мазмуни ва методларини замон талабларига мослаштиришга хизмат қилди. Айниқса, унинг Ўзбекистон Педагогика фанлари илмий-тадқиқот институтига раҳбарлик қилган йиллари институт тарихида янги босқич сифатида баҳоланади. Ушбу даврда илмий муҳит мустаҳкамланди, ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш тизими шаклланди, педагогика фанининг нуфузи ошди.
Рисбой Джураевнинг илмий фаолиятида устоз-шогирд анъаналари алоҳида аҳамиятга эга. Унинг раҳбарлигида шаклланган илмий мактаб бугунги кунда юртимиздаги энг самарали педагогик мактаблардан бири ҳисобланади. Қирқ беш нафардан ортиқ шогирдлар унинг бевосита раҳбарлигида илмий тадқиқотлар олиб бориб, муваффақиятли ҳимоя қилган. Улар орасида фан докторлари, фалсафа докторлари (PhD) ва таълим амалиётида етакчи мутахассислар бор. Бу эса олимнинг фақат тадқиқотчи эмас, балки ҳақиқий маънодаги устоз эканини тасдиқлайди.
Академик Рисбой Джураевнинг илмий мероси ҳажми ва қамрови жиҳатидан ҳам салмоқли. Унинг муаллифлиги ва ҳаммуаллифлигида 25 та монография, 900 дан ортиқ илмий мақолалар чоп этилган. Ушбу ишлар педагогика назарияси, таълим тарихи, таълимни бошқариш ва замонавий ўқитиш технологияларини қамраб олади. Шунингдек, унинг қатор тадқиқотлари хорижий нуфузли илмий нашрларда эълон қилиниб, ўзбек педагогика илмининг халқаро миқёсда танилишига хизмат қилган.
Олимнинг фаолиятида таълимни рақамлаштириш ва инновация алоҳида ўрин тутади. Унинг раҳбарлигидақатор фанлар бўйича электрон дарсликлар, мультимедиа ўқув қўлланмалари яратилди. Таълим жараёни учун дастлабки электрон доскаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишдаги ташаббуслари эса ўз вақтида илғор инновацион ечим сифатида эътироф этилди. Бу йўналишда яратилган дастурий маҳсулотлар бўйича патентлар унинг илмий-амалий салоҳиятини яққол намоён этади.
Бугунги кунда академик Рисбой Джураев Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институтида фаолият юритиб, миллий тарбия, таълим жараёнларини ташкил этиш ва бошқариш масалалари бўйича илмий тадқиқотларга раҳбарлик қилмоқда. Инклюзив таълим, уй таълими ва талабаларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган амалий лойиҳалар орқали у таълим-тарбия соҳасидаги долзарб муаммоларга ечим таклиф этмоқда.
Академикнинг илмий-ташкилий фаолияти ҳимоя кенгашлари, давлат илмий-техника дастурлари ва халқаро лойиҳалар доирасида ҳам изчил давом этмоқда. Шунингдек, у “Uzluksiz ta’lim” илмий-услубий журнали бош муҳаррири сифатида мамлакат таълим тизимида узлуксизлик ғоясини илмий жиҳатдан тарғиб қилиб келмоқда.
Кўп йиллик самарали меҳнати давлатимиз томонидан юксак баҳоланиб, орден ва медаллар билан тақдирланган академик Рисбой Джураев бугун ҳам илмий изланишдан тўхтамайди. Унинг ҳаёт йўли ва фаолияти замонавий ўзбек педагогикасининг ривожланиш тарихи билан узвий боғлиқ бўлиб, келгуси авлодлар учун ҳам илҳом манбаи бўлиб қолаверади.

Баҳром Абдуҳалимов
Фанлар академияси вице-президенти,
тарих фанлари доктори, профессор.
