Абулаббос Муҳаммад Толиб ибн Тожиддин Ҳасанхожа Ҳусайний Сиддиқийнинг форс тилидаги “Матлаб ут-толибин” (“Толиблар матлаби”) асари тахминан 1673 йили ёзиб тугатилган. Асар XVI–XVII асрларда Бухоро хонлигининг сиёсий, диний ва иқтисодий ҳаётида юқори мавқега эга бўлган машҳур Жўйбор шайхлари ёки хожалари хонадонининг бир неча авлоди фаолиятига бағишланган. Муаллиф ўзи ҳам ушбу хонадонга мансуб бўлгани туфайли, Жўйбор хожаларининг ҳаёт тарзи, молу мулклари, муридлари ва хизматкорлари, қурдирган иморатлари ҳамда Бухоро хонлари ва баъзи хорижий ўлкалар ҳукмдорлари билан муносабатлари ҳақида муфассал маълумотлар беради. Асарда ўша даврлар бошқарув тизими ва хўжалик ҳаётига оид қатор атамалар фаол қўлланилган. Шу сабабли “Матлаб ут-толибин” Марказий Осиёнинг XVI–XVII асрлардаги тарихига доир бирламчи ва мўътабар манбалар сирасига киради.
“Матлаб ут-толибин”нинг танқидий матнини тузиш учун асарнинг ЎзР ФА ШИ хазинасида сақланаётган 1133/1718 йили кўчирилган қўлёзмаси таянч нусха сифатида танлаб олинди, шунингдек, Ўзбекистонда ва хорижда сақланаётган бошқа бир қанча қўлёзмалардан ёрдамчи нусхалар тарзида фойдаланилди.
Ўзбекистон Республикаси ФА, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти; нашрга тайёрловчилар: Ғулом Каримий, Эркин Миркомилов; масъул муҳаррир Ҳалим Тўраев. – Тошкент: “Movarounnahr”, 2012. – Б.376.