ЎзР Фанлар академияси Шарқшунослик институти “Тарихий ҳужжатларни тадқиқ ва нашр қилиш” бўлими 2025 йилда Қозоғистонинг М.Қўзибоев номидаги Шимолий Қозоғистон университети олимлари билан ҳамкорликда Қозоқ хонлигига тегишли тарихий ҳужжатлар устида илмий изланишлар олиб борди. Проф. З.К. Картова раҳбарлигидаги бир гуруҳ олимлар “XV–XVIII асрлар Қозоқ хонлиги ҳукмдорлари нарратив манбаларининг матншунослик тадқиқи ва манбашунослик таҳлили” номли илмий лойиҳанинг 2025 йилги ишлари бевосита қозоқ хонлар сарой девонхонаси, уларнинг номидан чиқарилган мактублар ҳамда қонунчилик актлари тадқиқига қаратилган. Жумладан, Шарқшунослик институти бош илмий ходими т.ф.д., проф. Ў.А.Султонов лойиҳада қозоқ хонлари сарой девонхонаси фаолияти ҳамда Таваккалхон ва Турсун Муҳаммадхон номидан берилган ёрлиқлар устида олиб борган тадқиқоти билан иштирок этмоқда.
Лойиҳа доирасида 2024 йилда “Каталог писем и документов казахских правителей XV-XVIII вв.” (текстологический анализ)” номли 301 саҳифадан иборат каталог нашр этилган. 2025 йилда эса лойиҳа иштирокчилари томонидан “Нарративные документы правителей Казахского ханства XV-XVIII веков: изучение и интерпретация” номли коллектив монография нашр этиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, мазкур проект доирасидаги изланишлар 2023-2025 йилларда, Қозоғистон, Ўзбекистон, Россия, Хитой ва Туркия фондларидаги ёзма манбалар доирасида олиб борилган. Лойиҳа Қозоғистон Республикаси Фан ва олий таълим қўмитаси тарафидан молиялаштирилган (грант №AR19676930).

  

 
 
