Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими, шарқшунос, манбашунос, тарих фанлари доктори, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг илмий-эксперт кенгаши аъзоси Комилжон Раҳимов қаламига мансуб китоблар, таржима асарлар нафақат юртимиз, балки Туркия, Миср, Эрон, Тожикистон, Қозоғистон каби давлатларда ҳам алоҳида эътироф этилган.
Бухорода давом этаётган зиёрат туризми ҳафталиги доирасидаги тадбирлар чоғида миллий ва диний қадриятларимизнинг фаол тарғиботчиси саналган ёш тасаввуфшунос меҳнатига яна бир карра юқори баҳо берилди. У Шимолий Кавказ (Россия Федерацияси) мусулмонлари мувофиқлаштириш маркази томонидан “За утверждение духовных сенностей” (“Маънавий қадриятларни ўрнатишдаги хизматлари учун”) ордени билан тақдирланди. Унга Россия Фанлар академияси шарқшунослик институти ва Ставропол ўлкаси мусулмонлари идорасининг ҳамда Россия Федерацияси мусулмонлар диний бошқармаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи, Москва ислом институти ректори, Санкт-Петербург давлат университети ислом тадқиқотлари институти директори Мулла Дамир Мухетдинов томонидан имзоланган ташаккурномалар ҳам топширилди.
Ёш олим икки давлат ўртасидаги илмий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун ана шундай эътирофга сазовор бўлди. Бунга қадар изланувчан юртдошимиз диний-ахлоқий қадриятларни ўрганиш, уларни замондошларимиз онгу шуурига сингдириш, халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш борасидаги меҳнатлари учун Россия мусулмонлари Марказий диний идорасининг “Вера и чест” ордени билан тақдирланган эди.
— Юртимиз, жумладан, Бухоро қадимдан маънавият ва маърифат гўшаси бўлиб келган, — дейди у. — Тадқиқотларимиз кўрсатмоқдаки, шаҳарда, унинг ташқарисида ва туманларда жуда кўплаб мадрасалар фаолият кўрсатган. Абу Ҳафс Кабир мадрасаси Бухородаги энг қадимий олий ўқув юрти саналади. Унга 800—810-йиллар атрофида асос солинган.Бу даргоҳда йирик таниқли олимлар, хусусан, машҳур имом Бухорий ҳазратлари таҳсил олганлар. Умуман эса биз аниқлаган 12 та мадрасадан ташқари яна йигирмага яқин олий билим даргоҳи фаолият кўрсатган. Уларнинг деярли барчасида шўро инқилобига қадар дарс ўтилган. Шу нуқтаи назардан давлатимиз раҳбарининг Мир Араб мадрасаси 500-йиллигини нишонлаш борасидаги ташаббуси айни муддао бўлди.
Шу ўринда “Мовароуннаҳр тасаввуфи тарихи”, “Хожагон-нақшбандия тариқати ва етти пир”, “Бухоро: Қуббатул-ислом шаҳри” деб номланган асарлари муаллифи саналган, шунингдек, Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг “Хатмул авлиё”, Ғиёсиддин Хондамирнинг “Макорим ул-ахлоқ”, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг “Васиятнома”, Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарийнинг “Орифнома”, Хожа Али Ромитанийнинг “Рисолаи Ҳазрати Азизон” китобларини таржима қилиб, халқимиз маънавий хазинасини бойитган олимнинг таржимаи ҳоли ҳақида қисқача тўхталиб ўтиш фойдадан холи эмас.
Комилжон Раҳимов Бухорода туғилган. Дастлаб куни кеча 500-йиллиги кенг нишонланган қадимий Мир Араб мадрасасида таҳсил олган. Кейин эса Бухоро давлат университетининг филология факультетида ўқиган. Миср Араб Республикасининг Қоҳира университетида билимларини мустаҳкамлаган. Миллий ва диний қадриятларимизга бағишланган нуфузли анжуманларнинг фаол иштирокчиси саналган ёш замондошимизнинг хаттотлик, эпиграфика, миниатюра санъатлари тарихига оид мақолалари ҳам илмий доираларда алоҳида эътироф этиляпти.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.