Бухорода Мир араб олий мадрасаси ташкил топганининг 500 йиллигига бағишланган “Боқий Бухоронинг ислом цивилизациясидаги ўрни” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Президентимиз ташаббуси билан ўтказилган нуфузли анжуман доирасида буюк аждодлардан қолган илмий-маънавий мероснинг ўрганилиши ва тарғиб этилиши ҳамда маънавий қадриятларнинг тикланишига муносиб ҳисса қўшган бир қатор юртдошларимизга халқаро мукофотлар топширилди.
Жумладан, Россиядаги нуфузли мусулмон ташкилотларидан бири Шимолий Кавказ мусулмонлари мувофиқлаштириш маркази (ШКМММ) раиси, Муфтий шайх Исмоил Бердиевнинг фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими, “Нақшбандия” журнали бош муҳаррири ўринбосари, тарих фанлари доктори Комилжон Раҳимов “За утверждение духовных ценностей” (“Маънавий қадриятларни ўрнатишдаги хизматлари учун”) ордени билан тақдирланди.
Айтиб ўтиш лозимки, бу орден Комилжон Раҳимовга Россия мусулмонлар жамоатчилиги томонидан тақдим этилаётган биринчи мукофот эмас. Россия мусулмонлари Марказий диний идораси раёсатининг 2023 йил 14 февралдаги қарори ва ушбу идора раиси, олий муфтий Шайхулислом Талъат Сафо Тожиддиннинг фармонига асосан Комилжон Раҳимов бутун постсовет маконида диний-ахлоқий қадриятларни изчил ўрнатишдаги муносиб ҳиссаси, диний-ахлоқий уйғонишни ривожлантиришдаги роли, Россия ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги тинчлик, дўстлик ва ўзаро тушунишни мустаҳкамлашдаги салмоқли ҳиссаси ва бошқа хизматлари учун “Вера и честь” ордени билан тақдирланган эди.
Комилжон Раҳимовни навбатдаги юксак ва фахрли хорижий мукофотга сазовор бўлгани билан табриклар эканмиз, ушбу ёш ўзбек олимининг ҳаёт йўли ва фаолиятига қисқача тўхталиб ўтишни лозим топдик.
Ўзбек тасаввуфшунослигининг ёш авлод вакили, ўз илмий изланишлари натижасида Марказий Осиё тасаввуфининг вужудга келиши ва ривожланиши тарихи, шунингдек, хожагон-нақшбандия тариқати тарихи ва таълимотини чуқур тадқиқотлар доирасига жалб этган истеъдодли ёш шарқшунос, манбашунос олим, моҳир таржимон ва жамоатчилик фаоли Комилжон Раҳимов 1982 йили Бухоро шаҳрида туғилган. У Бухородаги Мир Араб ислом мадрасаси (1995-1999 йиллари) ва Бухоро давлат университетининг ўзбек филологияси факультетида (2000-2007 йиллари) таҳсил олган, Миср Араб Республикасининг Қоҳира университети Араб филологияси ва Археология факультетларида (2006-2007 йиллари) малака оширган. 2017 йил Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Шарқшунослик институти аспирантурасини, 2021 йилда эса ушбу институт докторантурасини битирган.
Комилжон Раҳимов 2018 йили тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), 2022 йилда эса тарих фанлари бўйича фан доктори (DSc) илмий даражасини олган. Шу пайтга қадар Комилжон Раҳимовнинг Ўзбекистон ва 15 хорижий мамлакат нашрларида 250 дан ортиқ илмий мақоласи эълон қилинган. 30 та монографияси ва 2 та илмий тўплами нашр этилган. Бундан ташқари, у турли тўплам, луғат ва энциклопедияларда ҳам 77 та мақола чоп этган. Булардан ташқари, Ўзбекистондаги 41 та ва хорижий мамлакатлардаги 19 та илмий-амалий ва илмий-назарий анжуманларда ўз илмий маърузалари билан иштирок этган.
Комилжон Раҳимов хожагон-нақшбандия тариқати тадқиқотларидан ташқари, Бухоро шаҳрининг ислом илмлари ривожидаги тутган ўрнига бағишланган “Бухоро: Қуббат ул-ислом шаҳри” (Тошкент, 2021) ҳамда бухоролик буюк аллома Абу Ҳафс Кабир Бухорий (768-837) ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Бухорони Қуббат ул-ислом этган аллома” (Тошкент, 2021) монографияларини ҳам нашр эттирди.
Комилжон Раҳимов ўтмишда яшаб ўтган буюк аллома аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятига, ислом илмлари, жумладан, тасаввуфга, шунингдек, хаттотлик, миниатюра ва эпиграфика санъатларига бағишланган қомуслар, тўпламлар ва луғатларда ҳам ўз мақолалари билан фаол иштирок этиб келмоқда.
Комилжон Раҳимов халқимиз ва хорижликларни буюк тарихий, илмий, маданий ва маънавий меросимиз билан яқиндан таништиришга қаратилган кенг жамоатчилик фаолияти билан ҳам кенг шуғулланиб келмоқда. Жумладан, унинг ташаббуси билан 2008 йили Марказий Осиёда ягона “Нақшбандия” илмий-ирфоний, маънавий-маърифий журнали ташкил этилди. Комилжон Раҳимов ўша йилдан буён мазкур журналда бош муҳаррир ўринбосари сифатида ишлаб келмоқда. Шунингдек, у 1994 йилдан бошлаб ҳар йили сентябрь ойида Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси марказида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Нақшбандхонлик Республика илмий-амалий анжуманининг 2007 йилдан кейинги даврдаги доимий иштирокчиси ва ташкилотчиси ҳисобланади.
Бухорода ўтказилган I Халқаро зиёрат туризми форумининг асосий илмий маслаҳатчиларидан бири бўлди. Шунингдек, у Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2022 йил 22 апрелдаги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгаши аъзоси этиб тайинланди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу-Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ҳамда Бухоро давлат университетидаги Илмий кенгашларнинг аъзоси ҳисобланган Комилжон Раҳимов айни пайтда ислом даврининг бошларида Бухоро шаҳридаги таълим, фан ва маданият асосларининг қўйилиши ва ривожланиши тадқиқига бағишланган «VIII-XI асрларда Бухородаги таълим, фан ва маданият тараққиёти» номли монографик тадқиқот устида ишламоқда.
Илмий-маънавий меросимизни ўрганиш ва тарғиб этиш ишига катта ҳисса қўшиб келаётган ушбу сермаҳсул олим, моҳир таржимон ва жамоатчилик фаолининг келгусидаги фаолиятига улкан муваффақиятлар тилаб қоламиз.