Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти янги биносининг расмий очилиш маросими ва “Ёзма ёдгорликларни тадқиқ этишнинг долзарб вазифалари ва замонавий услублари” мавзуидаги халқаро конференция ҳақи
Тадбирларнинг жойи ва вақти –Тошкент шаҳри, 2018 йил 15 март.
Ташкилотчилар: ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти; Ўмон Султонлигининг Ўзбекистондаги элчихонаси; ЮНЕСКО ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси.
2017 йилда ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Ўмон Султонлигининг беғараз молиявий кўмаги билан қурилган янги бинога кўчиб ўтди. Аввал Шарқшунослик институти 1967 йилда қурилган ва бугунги кунда қўлёзмалар фондини сақлаш талабларига жавоб бермайдиган бинода жойлашган эди. Шу боис, 2009 йил 5 октябрда Масқатда Ўзбекистон Республикаси билан Ўмон Султонлиги ҳукуматлари ўртасида имзоланган Битимга биноан Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтига янги бино қурилди ва 2018 йил 15 мартда унинг расмий очилиш маросими ўтказилди.
Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири А.Н.Арипов, ЮНЕСКО ташкилоти ва араб давлатлари элчихоналарининг вакиллари, республикамизнинг ихтисослашган ОЎЮ, архив ва илмий муассасалари раҳбарлари иштирок этдилар.
Ўмон тарафидан Султонликнинг Мерос ва маданият вазири Сайид Ҳайсам бин Тариқ ал-Саъид зоти олийлари бошчилигидаги нуфузли делегация ташриф буюрди. Делегация таркибида Вақф ва дин ишлари вазири Шайх Абдулла бин Муҳаммад бин Абдулла ас-Салимий жаноби олийлари, Ўмон Султонлиги Ташқи ишлар вазирлигининг Бош котиби Сайид Бадр бин Ҳамад бин Ҳамуд ал-Бусаъидий жаноби олийлари, Архив ва ҳужжатларни сақлаш бўйича Миллий бошқарма бошлиғи профессор Ҳамид бин Муҳаммад ал-Давяний; Ўмон Султонлигининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Саид ал-Лаватий жаноблари ва бошқа олий мартабали меҳмонлар келдилар. Ўмон делегациясидан ташқари очилиш маросими ва халқаро конференцияда қатнашиш учун Европа ва Осиёнинг қатор мамлакатларидан олим ва журналистлар ҳам ташриф буюрдилар.
Тадбирнинг расмий қисмидан аввал иштирокчилар учун Институт янги биноси бўйлаб экскурсия уюштирилди. Меҳмонлар Институтнинг бой қўлёзмалар фонди фаолияти билан танишдилар; реставраторлар ва қўлёзмаларнинг электрон нусхаларини тайёрловчи мутахассисларнинг иш жараёнини кузатдилар; қўлёзмалар фондидаги нодир манбалар, тошбосма китоблар, миниатюралар, хаттотлик намуналари ва тарихий ҳужжатлар коллекцияларининг энг яхши намуналари қўйилган кўргазмани томоша қилдилар.
Шундан сўнг янги бинонинг мажлислар залида тадбир иштирокчилари учун британиялик журналистлар С.Галлимор, П.Вью ва Р.Ашдаунлар томонидан ишланган Институт ҳақидаги ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Тадбирнинг расмий қисмида Ўзбекистон Фанлар академияси президенти академик Б.С.Йўлдош, Ўмон Султонлиги Диний ишлар вазири Шайх Абдураҳмон ал-Салимий жаноблари ҳамда ЮНЕСКО ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили Бардач Дендев жаноблари сўзга чиқдилар.
Тушлик танаффусидан сўнг Институтнинг мажлислар залида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда ташкил этилган “Ёзма ёдгорликларни тадқиқ этишнинг долзарб вазифалари ва замонавий услублари” мавзуидаги халқаро конференция ўз ишини бошлади. Унда хорижлик ва ўзбекистонлик олимларнинг маърузалари тингланди. Жумладан, ЎзР ФА Шарқшунослик институти директори Б.Абдуҳалимов институтнинг илмий ва ташкилий фаолияти билан боғлиқ истиқболли режалар ҳақида гапирди. Академик Д.Юсупова ўрта аср тарихий-географик асарларни Марказий Осиё тарихи бўйича манба сифатида тақдим этди. Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази (ОИТМ) директори Фарҳан Низомий ЎзР ФА Шарқшунослик институти билан ОИТМ ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари тўғрисида маъруза қилди. Булардан ташқари, бир нечта маърузаларда тарих, манбашунослик ва матншунослик тадқиқотларидаги методология масалалари, шунингдек, Шарқ миниатюрасининг ўзига хос жиҳатлари таҳлил қилинади (Ш.Мустафоев – Озарбайжон, Ш.Акинер – Буюк Британия, Жак Легран – Франция, Али Нажи Диебила – мусулмон меъморчилиги мутахассиси, Хала Торабулли – Франция, Ж.Малагарис – Греция, Ч.Мелвилл – Буюк Британия). Грециялик олим Ж.Малагарис маърузасида буюк олим Абу Райҳон Беруний ҳаёти ва фаолиятига бағишланган монография тайёрлаётгани ҳақида маълум қилди.
Конференция якунида маърузаларда билдирилган хулосавий фикрлар асосида ёзма ёдгорликларни сақлаш, тизимлаштириш, илмий тавсиф ва нашр қилиш ишларини ҳамкорликда ташкил қилиш борасидаги келажак вазифа ва янги йўналишлар белгилаб олинди.
Ушбу конференция республикамиз илмий ҳаётида муҳим воқеа бўлди.