"ADOLAT" SOSIAL-DEMOKRATIK PARTIYASI

Saturday, 29 November 2025 03:49

Ўзбек шарқшунос олимлари Эрондаги илмий анжуманда фаол иштирок этдилар

Rate this item
(0 votes)

2025 йил 15–18 ноябрь кунлари Эроннинг Теҳрон ва Шероз шаҳарларида Эрон Ислом Республикаси Маданият ва исломий алоқалар ташкилоти ва Эроншунослик фонди томонидан дунёнинг 22 та мамлакатидан келган 50 нафар олим, тадқиқотчи ва мутахассис иштирокида «Эроншунослик: ҳозирги Эрон тадқиқотлари, маданий дипломатия ва халқаро ҳамкорлик» мавзусидаги Биринчи халқаро эроншунослик конференцияси бўлиб ўтди. Мазкур халқаро илмий тадбирда Испания, Италия, Греция, Болгария, Сербия, Хитой, Туркия, Малайзия, Индонезия, Ҳиндистон, Покистон, Шри-Ланка, Ироқ, Уммон, Қатар, Тунис, Россия, Арманистон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон мамлакатлари қаторида Ўзбекистондан борган олимлар ҳам иштирок этишди.

«Эроншунослик: танқидий баҳолаш, муаммолар ва ёндашувлар», «Эроншунослик ва ҳозирги Эрон тўғрисидаги тадқиқотлар», «Эроншунослик: маданий дипломатия ва халқаро ҳамкорлик», «Эроншунослик ва янги технологиялар», «Эроншунослик ва туризм» ҳамда «Эроншунослик: Ҳофиз Эрон дунёси намояндаси» каби тематик йўналишларда бўлиб ўтган ушбу халқаро конференция доирасида Теҳрон университети, Теҳрондаги Шаҳид Беҳиштий, Аллома Таботабоий ҳамда Фан ва маданият университетлари, шунингдек Шероз университетида туризм, форс тили, технологиялар, Эрон маънавий мероси ва цивилизацияси мавзуларига бағишланган махсус сессиялар ўтказилди. Конференциянинг ёпилиш маросими Шероз шаҳрида бўлиб ўтди.

Конференциядан кўзда тутилган асосий мақсадлардан бири дунёдаги турли мамлакатлар эроншунослари ўртасида барқарор алоқа ўрнатиш ва Халқаро эроншунослар ассамблеясининг доимий котибиятини тузиш масалаларини муҳокама қилишдан иборат. Конференцияда ўқиладиган 100 та маъруза матни алоҳида китоб ҳолида нашр қилиниши режалаштирилган.

Конференциянинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Тарих институти директори, сенатор Азамат Зиё қутлов сўзи билан чиқиб, форсча манбаларнинг ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихини ўрганишдаги аҳамияти, Эрон тамаддунининг кишилик тарихидаги ўрни, ўзбек-эрон олимлари илмий ҳамкорлигини ривожлантириш масалаларига урғу берди. Бундан ташқари академик Азамат Зиё конференциянинг биринчи куни бўлиб ўтган «Эрон – глобализация жараёнидаги бир дунё» мавзусидаги махсус сессияда «Ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихини ўрганишда форс ёзма манбаларининг аҳамияти» мавзусидаги илмий маърузаси билан иштирок этди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими, Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти, «Нақшбандия» журналининг бош муҳаррир ўринбосари, шарқшунос, тасаввуфшунос ва манбашунос олим, моҳир таржимон ва жамоатчилик фаоли, тарих фанлари доктори Комилжон Раҳимов ҳам ушбу конференцияда фаол иштирок этди. Жумладан ушбу ўзбек олими мазкур конференцияда «Мовароуннаҳр хаттотлик мактаби ва унинг айрим вакиллари» мавзусида чиқиш қилиб, юртимиз хаттотлиги тарихи ва унинг машҳур намояндалари ижоди тўғрисидаги маълумотларни хорижий мутахассислар эътиборига ҳавола этди. Бундан ташқари, Комилжон Раҳимов конференция доирасида амалга оширилган интервьюлар ва бўлиб ўтган мунозараларда хорижлик тасаввуфшунослар диққатини Марказий Осиё тасаввуф мактаби ва унинг хусусиятлари, жумладан ушбу мактабнинг бошқа тасаввуф мактаблари, жумладан Хуросон тасаввуф мактабидан алоҳида мактаб бўлганлигига қаратди. Шунингдек, ўзбек шарқшуноси эронлик ҳамкасбларига Ўрта Осиё тарихини ўрганишда кенг илмий ҳамкорлик қилиш, жумладан Эронда сақланаётган юртимиз тарихига оид кўплаб манбалардан фойдаланишда кўмаклашишни таклиф этди.

Конференция иштирокчилари, шунингдек, Эронга ташриф давомида бу мамлакатнинг тарихий ёдгорликлари ва диққатга сазовор жойларини ҳам бориб кўрдилар. Жумладан, улар Теҳрон шаҳрида Қожорлар сулоласи (1789–1925) ҳукмронлиги замонида шоҳ саройи вазифасини ўтаган Гулистон саройи (XVIII–XIX а.) ва Теҳрон замонавий санъат музейини томоша қилишди ҳамда Эрон китобат санъати институти фаолияти билан танишишди.

Қадимий Шероз шаҳрида эса меҳмонларни Эроннинг қадимий ва ўрта асрлар тарихига катта экскурсия кутиб турарди. Бу ерда улар Аҳмонийлар империяси пойтахтларидан бири бўлган Тахти Жамшид (эр. ав. VI а.) шаҳри харобаларини, форс классик адабиётининг забардаст намояндалари Саъдий Шерозий (1203–1292) ва Ҳофиз Шерозий (1325–1388) мақбараларини, шунингдек Қожорлар сулоласи (XVIII–XX а.) ҳукмронлиги даврига оид Насирулмулк саройи ва Насирулмулк жоме масжидини бориб кўрдилар. 

Ўзбек олимларининг Эрондаги ушбу нуфузли илмий анжуманда фаол иштирок этишлари нафақат хорижлик мутахассисларни ватанимиз тарихи билан яқиндан таништириш имкониятини беради, балки бу соҳада халқаро ҳамкорлик қилиш имкониятларини ҳам кенгайтиради.

Read 48 times

BIZ BILAN BOG'LANISH

Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…