ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида 2015-2017 йилларда “Термизлик алломалар илмий меросини тадқиқ этиш, асарларининг таржима ва нашрини амалга ошириш” амалий лойиҳаси доирасида термизлик ислом алломалари асарларини илмий изоҳли нашрини тайёрлаб нашр қилиш ишлари олиб борилди. Мазкур давр мобайнида ислом илмларининг турли йўналишлари, ҳамда тарих ва адабиётга оид ўндан ортиқ асарларнинг араб ва форс тилларидан ўзбек тилига илмий-изоҳли таржималари амалга оширилди. Бу асарларнинг деярли барчаси ўзбек исломшунослиги ва шарқшунослиги соҳасида илк бор илмий муоамлага киритилди.
Лойиҳа фаолиятининг ижобий натижаларидан яна бири лойиҳа доирасида шарқ тилларидан ўрта аср манбаларини ўзбек тилига илмий изоҳли нашрлари тайёрлаш борасида малака ва тажриба тўплаган кадрлар ҳам тайёрланди. Муайян маънода ЎзР ФА Шарқшунослик институтида оид ислом илмларига оид ўрта асрларда яратилган манбаларни илмий муомалага киритиш борасида мактаб шаклланди десак муболаға бўлмайди.
Ўтган даврда бошланган бу эзгу амал бугуни кунда ҳам Шарқшунослик институтининг “Исломшунослик ва ижтимоий фикр тарихи” бўлимида давом эттирилиб ривожлантирилмоқда.
Қуйида лойиҳа доирасида яратилган нашрларининг айримлари ҳақидаги маълумотлар билан танишиш мумкин.
- Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг “Қуръондаги маънодош сузлар” (“Таҳсил назаир ал-Қуръон”), асари илмий-изоҳли таржимаси ва матни. Араб тилидан ўзбек тилига таржима, изоҳлар ва кўрсаткичлар муаллифлари О. Қориев ва Ҳ. Аминов. (2017 й. 200 б.).
Асар 80дан ортиқ арабча сўз ва ибораларнинг Қуръони карим оятларида турли маъноларда келиши мавзусига бағишланган. Бирор бир сўз ёки ибора турли маъноларда келиши изоҳланар экан уларнинг араб тилидаги бу сўзнинг қайси ўзакдан олинганлиги ва мазкур маънони ифода этилишининг грамматик қонуниятлар ҳақила фикр юритилади. Шу нуқтаи назардан асар нафақат диний, маънавий-маърифий, балки тилшунослик сохаси учун ҳам алоҳида аҳамиятлидир.