SJ News II - шаблон joomla Авто

"ADOLAT" SOSIAL-DEMOKRATIK PARTIYASI

Tuesday, 04 September 2018 03:20

Ўзбекистон – ислом тамаддуни маркази

Rate this item
(0 votes)
Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида 3 сентябрь куни мисрлик таниқли олимлар Аҳмад Тарабик, Аҳмад Ражаб Муҳаммад Али Ризқ ва Магда Махлуф муаллифлигидаги юртимиз тарихи ва бой маданий мероси ҳақида ҳикоя қилувчи китоблар тақдимоти ўтказилди.
 
Унда мисрлик олимлар, шунингдек, ЎзФА илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, академиклар, тадқиқотчилар қатнашди.
 
Аҳмад Тарабик Қоҳира университетининг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича етакчи мутахассиси сифатида Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий жараёнлардан яхши хабардор. У мамлакатимизда барқарорликни таъминлашга қаратилган сиёсий ислоҳотлар, иқтисодий, ижтимоий янгиланишларни қўллаб-қувватлашга қаратилган илмий маърузалари билан маълум. Олим ўзининг Ўрта асрларда ислом таълимоти, маданияти ва илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшган алломаларимиз ҳақидаги изланишлари, оммабоп мақола ва рисолалари билан Шарқ жамоатчилиги орасида кенг танилган.
 
Аҳмад Тарабикнинг "Ўзбекистон: ислом тамаддуни манбаи" китобида мамлакатимиз тарихи, маданияти, илм-фан ривожи ҳақида ҳикоя қилинади.
 
Мазкур китоб 2017 йили Мисрда араб тилида чоп этилган. Ушбу фундаментал тадқиқот икки қисмдан иборат. Биринчи қисмда мамлакатимиз тарихи, географик жойлашуви, иқтисодиёти, аҳолиси, тили, араб дунёси билан тарихий алоқалари, шунингдек, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Термиз, Хоразм ва Насаф шаҳарлари ҳақида маълумотлар келтирилади. Ислом тамаддуни ривожига ҳисса қўшган буюк мутафаккирлар тилга олинган иккинчи қисмдан Имом Бухорий, Ҳаким ат-Термизий, Маҳмуд аз-Замахшарий каби юртимиздан етишиб чиққан кўплаб алломалар ҳаётига оид маълумотлар ўрин олган.
 
Мисрлик тарихчи, археолог олим Аҳмад Ражаб Муҳаммад Али Ризқ ҳам ўз ҳаётини Шарқ диёри, хусусан, мамлакатимиз номоддий маданий меросини тадқиқ қилишга бағишлаган. Унинг маданий, тарихий мавзуларга бағишланган йигирмага яқин китоблари, кўплаб оммабоп мақолалари бугунги кунда илмий изланишлар учун манба бўлиб хизмат қилмоқда.
 
Тадбирда муаллифнинг 2017 йилда нашрдан чиққан "Ёдгорликлар ва Бухоро ислом маданияти" номли икки жилдли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур китоб ўн йиллик изланишларнинг маҳсули сифатида яратилган.
 
"Ушбу заминдан етишиб чиққан машҳур қомусий олимлар Шарқ уйғониш даврининг илмий-маданий юксалишида муносиб ҳисса қўшган", дея қайд этади муаллиф китоб муқаддимасида.
 
Икки бўлимдан иборат асарнинг биринчи қисмида Бухоро маданий ёдгорликлари, диний тамойил ва мазҳаблар ҳақида батафсил ҳикоя қилинса, маданий ёдгорликлардаги ёзувлар, деворий тасвирлар ва нақшлар бўйича изланишлар баёни асосий бўлимдан ўрин олган.
 
Таниқли олима Магда Махлуф туркий тилдан таржима қилган "Бобурнома" 20 йиллик меҳнат самараси ўлароқ, араб тилида чоп этилди.
 
Таъкидланганидек, китоб Марказий Осиё, Афғонистон, Ҳиндистон халқларининг XV-XVI асрга оид тарихий-этнографик, адабий ҳаёти ҳақидаги маълумотларни жамлаган. Буюк давлат арбоби, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур фаолияти ҳақида кўплаб маълумот беради.
 
Тақдимотда китобларнинг Марказий Осиёдан етишиб чиққан қомусий олимларнинг дунё илм-фани ривожига қўшган ҳиссасини очиб беришдаги аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
 

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА
Read 4102 times Last modified on Tuesday, 04 September 2018 03:36

BIZ BILAN BOG'LANISH

Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…