SJ News II - шаблон joomla Авто

""Adolat" sosial-demokratik partiya Siyosiy Kengashi raisi"

Tuesday, 08 November 2022 17:27

Халқаро фестиваль доирасида Абу Райҳон Беруний асарларининг VII жилдлик қайта нашрлари тақдимоти бўлиб ўтди

Rate this item
(0 votes)

03.11.2022 15:11:17

Хабарингиз бор, куни кеча пойтахтимизда жойлашган «Ўзекспомарказ»да Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг ташаббуси билан анъанавий ўтказиладиган “Tashkent Book Fest” III Тошкент халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси ўз ишини бошлади.

 

 

Эътиборлиси қатор хориж ва қўшни давлатлар, жумладан, Арманистон, Беларус, Буюк Британия, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия Федерацияси, Тожикистон, Озарбайжон, Туркия, Ҳиндистон давлатларидан соҳа мутасаддилари, етакчи нашриётлар, китоб савдо ташкилотлари вакиллари, қолаверса юртимизда фаолият олиб бораётган сиёсий партиялар етакчилари, хусусан, Ўзбекистон «Адолат»социал- демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти, тарих фанлари доктори, профессор Баxром Абдуҳалимов ва партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари А.Раҳмонов, шунингдек, маҳаллий матбаа ва ноширлик корхоналари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва кенг жамоатчилик иштирок этаётган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг бир гуруҳ олимлари томонидан олиб борилган узоқ йиллик меҳнатлар самараси ўлароқ бугун кенг китобхонлар оммасига тақдим этилаётган буюк қомусий олим Абу Райҳон Беруний асарларининг ўзбек тилидаги қайта нашрига бағишланган тақдимот ҳам ўтказилди.

 

 

 

 

Тақдим этилаётган ушбу нодир китоблар Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш тўғрисида» қароридаги вазифаларни (8 банди) бажариш мақсадида, алломанинг ХХ асрни 50 йилларидан бошлаб нашр қилинган еттита жилддан иборат бўлган Абу Райҳон Беруний «Танланган асарлар»и туркумига кирувчи асарларининг қайта нашридир.

 

 

 

 

Таъкидлаш жоизки, профессор Ашраф Аҳмедов ўз шогирдлари (Б. Абдуллаев, М. Хандамова, У. Куранбаева) билан биргаликда Абу Райҳон Беруний «Танланган асарлар»ининг ўзбек тилидаги қайта нашри – 8 та жилдини чоп этишга тайёрлади. Қувонарлиси шуки, 2018 йилда, олдин чоп этилмаган, Берунийнинг «Танланган асарлар» туркумига кирмаган учта асари – кичик рисолалари («Картография», «Ўтишлар», «Зижлар сараси») 8-жилд сифатида рус ва ўзбек тилларида фан тарихчилари, шарқшунослар ва умуман китобхонлар оммасига тақдим этилди.

 

 

 

 

Шунингдек, олимларимиз олдидаги кейинги вазифа Беруний асарларининг еттита жилдини ўзбек тилида қайта нашр этиш бўлди. Бу мақсадга эришиш йўлида эса қанча изланишлар ва тадқиқотлар амалга оширилди. Жумладан, биринчи, иккинчи, учинчи, тўртинчи, бешинчи, олтинчи ва еттинчи жилдлар «ЎЗБEКИСТОН» нашриётида чоп этишга шай ҳолатга келтирилди. Марҳум академик У.Каримов томонидан нашр этилган тўртинчи жилд «Сайдана» асарини ўзбекчалаштириш устида профессор С.Каримова олиб бораётган иш ҳали ниҳоясига етмаганлиги сабабли бешинчи жилднинг биринчи китобини Берунийнинг «Танланган асарлар» туркумида тўртинчи жилд қилиб, иккинчи китобини эса бешинчи жилд қилиб нашр этишга қарор қилинди.

 

 

 

 

Тақдимотда қуйидаги асарлар ташриф буюрувчиларга тақдим этилди:

1. Абу Райҳон Беруний. «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар». Танланган асарлар. I жилд.

2. Абу Райҳон Беруний. «Ҳиндистон». Танланган асарлар. I жилд.

3. Абу Райҳон Беруний. «Геодезия». Танланган асарлар. III жилд.

4. Абу Райҳон Беруний. «Қонуни Масъудий». Танланган асарлар. IV жилд.

5. Абу Райҳон Беруний. «Қонуни Масъудий». Танланган асарлар. V жилд.

6. Абу Райҳон Беруний. «Тафҳим». Танланган асарлар. VI жилд.

7. Абу Райҳон Беруний. Математик ва астрономик рисолалар. Танланган асарлар. VII жилд.

Шундай қилиб, юқорида зикр этилган нашрлар 2023 йилда нишонланадиган буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллик юбилейига шубҳасиз муносиб совға бўлди дейиш мумкин.

Read 26 times Last modified on Tuesday, 08 November 2022 17:32

BIZ BILAN BOG'LANISH

Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…