SJ News II - шаблон joomla Авто

"ADOLAT" SOSIAL-DEMOKRATIK PARTIYASI

Monday, 13 November 2023 16:47

БАЙРАМ ТАБРИГИ

Rate this item
(0 votes)

(ЎзР Фанлар академиясининг  Шарқшунослик институтига 1943 йилда асос солинган эди. Бугун институт ЎзР ФА си билан биргаликда 80 йиллик тўйини нишонламоқда.)

Бир маскан бор шаҳри азимда,
Хазинадан дур сочиб турар.
Кеча -кундуз инсон қалбига,
Маърифатдан нур сочиб турар.

Шарқшунослик илмгоҳи бу,
Шарқшуносга муқаддас макон.
Боболардан қолган меросга,
Бошдан-оёқ бамисоли кон.

Унда бордир улкан хазина,
Ичи тўла марвариду дур.
Илм излаб  кирса ҳар кимга,
Зиёсидан етказар ҳузур.

Унда мавжуд ҳар бир қўлёзма,
Шарқшуносга тинмай айтар роз.
Кимки унга меҳрини қўйса.
Эл ичида топади эъзоз.

Зимдан агар ташласак назар,
Илмгоҳда руҳлар намоён.
Тилга олсак улар номини,
Шодликларга тўлар бегумон.

Бугун бунда  улуғвор байрам,
Ўтганлар ҳам  барчаси ҳозир.
Анжуманда бундоқ қарасам,
Амир Темур экандир нозир.

Ал-Бухорий кўтариб ҳадис,.
Муҳаддислар ичида турар.
Ён-верида олти муҳаддис,
Китобини кўзига сурар.

Ал-Хоразмий ал-Фаргонийлар.
Улуғбекка  қотмоқдалар  сўз.
Али Қушчи Қозизодага,
Қараб турар узолмайин кўз.

Ибни Сино билан  Беруний,
Китоблардан сўзлашмоқдадир.
Янги -янги  асар ёзмоқни,
Ҳар иккови кўзлашмоқдадир.

Қараб турсам, улуғ Навоий,
Тутмоқдадир Жомий қўлини.
Бу икки дўст хақ гапни айтсам,
Забт этгандир илм мўлини.

Илмгоҳга келса ҳар одам,
Кутиб олар Сабоҳат опа.
Бизлар билан қадамма -қадам,
Яшамоқда саломат опа.

Узоқ йиллар Музаффар ака,
Раҳбарликда бўлди музаффар.
Форобийнинг фалсафасидан,.
Фан кўкида тополди зафар.

Илмгоҳга файз бағишлаб,
Убайдуллоҳ мағрур турмоқда.
Ибни Сино, Беруний ёнда,
Розий билан суҳбат қурмоқда.

Булгаковни ким ҳам билмайди,
Шарқ фанига қўшди кўп ҳисса.
Арендсдек улуг олим хам,
Ном қозонди бунда алқисса.

Асомиддин чекиб кўп заҳмат,
Тадқиқ қилди Жомий хатини.
"Икки денгиз" ичига шунғиб,
Оча олди тарих қатини.

Исматуллоҳ Абдуллаевни,
Бугун тилга олмасак бўлмас.
Саолабий дунесин  очиб,
Қолдиролди асарлар ўлмас.

Ҳамидулла Ҳикматуллаев,
Қўлларидан тушмайин   қалам.
"Касалликлар тарихи"н очиб,
Розий учун чекди кўп алам.

Қувомиддин ака Муниров,
Кўп йил бўлди Хазинага бош.
Қўлёзиани жонидек асраб,
Топа олди ўзида бардош.

Бунда ўтган қанчалаб олим,
Ҳаммасидан қолгандир асар.
Барчасини санамоқ қийин,
Ҳаммасига шуҳрат муяссар.

Бугун бизда қўшалоқ байрам,
Академия ҳамда илмгоҳ.
Саксон эмас, минг йиллар яшаб,
Олимларга кўрсатолсин роҳ.

Омон бўлсин раҳбарлари ҳам,
Илм учун бермоқда ривож.
Ўзбек илми жаҳон халқининг,
Боши узра бўлсин дейди тож.

Раҳмат деймиз Баҳромжон учун,
Тўғри йўлга йўллаб турибди.
Сурайёхон илм аҳлини,
Кеча- кундуз  қўллаб турибди.

Тилагимиз шуки, илмгоҳ,
Шуҳрат билан бор бўлаверсин.
Шарқшунослар  аҳлига доим,
Ғалабалар  ёр бўлаверсин.

Тарих фанлари доктори
Маҳмуд ҲАСАНИЙ

Read 345 times

BIZ BILAN BOG'LANISH

Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…