Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга «Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори» мавзусидаги республика форуми иштирокчиларининг МУРОЖААТИ қабул қилинди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан ташкил этилган “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори” Форуми мамлакатимиз ижтимоий ва маданий-маърифий ҳаётида ёрқин из қолдирди.
Форумда юртимизнинг барча ҳудудларидан 500 дан ортиқ етук олимлар, фан арбоблари, экспертлар, ёш тадқиқотчилар, шунингдек, диний соҳа вакиллари иштирок этди. Улар 10 та шўъбага бўлинган ҳолда Ислом цивилизация марказининг илмий-тарихий концепцияси ҳамда унинг таркибидаги музей экспозициясини шакллантиришга бағишланган 50 дан ортиқ маърузаларни тинглаб, 600 га яқин таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга «Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори» мавзусидаги республика форуми иштирокчиларининг МУРОЖААТИ қабул қилинди.
Мурожаатда жумладан, шундай дейилади: “Юртимиз тарихида биринчи марта амалга оширилаётган ноёб мегалойиҳа сифатида баҳоланаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш тўғрисидаги ташаббусингиз муқаддас динимизнинг тинчлик, инсонпарварлик ва бағрикенглик ғояларини улуғлаш, халқимизнинг буюк тарихи, бой маданий-маърифий меросини тиклаш ва дунёга тарғиб этиш борасидаги доимий эътибор ва ғамхўрлигингизнинг юксак амалий намунаси сифатида айниқса таҳсинга сазовордир.”
Дарҳақиқат, ушбу марказ ўзбек халқининг улуғвор тарихи ва маданий мероси ҳамда диний қадриятларининг бетакрор тимсоли сифатида бунёд этилаётгани қайд этилиб, мурожаатда шундай фикрлар билдирилди: “Бугунги таҳликали даврда, хусусан, ислом номи билан амалга оширилаётган хуружлар авж олган бир шароитда, ушбу марказ ҳар қандай ёт ғояларга қарши илмий раддиялар орқали жавоб берадиган етакчи илмий-маърифий масканлардан бирига айланади. Шунингдек, бу ердаги барча музей экспозицияларида акс этадиган илмий-тадқиқот ишланмалари ёшларни Янги Ўзбекистонни барпо этишдек юксак вазифага етаклаб, буюк аждодларимиз тарихи ҳақидаги тўғри фикрни шакллантиришга хизмат қилади, деб ишонамиз.”
Мурожаат якунида: “Биз, Форум иштирокчилари Ислом цивилизацияси марказини илм ва маърифат, янги ғоялар ишлаб чиқадиган чинакам ақл марказига айлантириш йўлида Сизга ёрдамчи ва кўмакчи бўлиб, чин дилдан меҳнат қилишга, ўзимизнинг бор билим ва тажрибамиз, истеъдодимизни шундай улуғ ишга бағишлашга ваъда берамиз,”- деган сўзлар юртимиздаги барча олимлар, фан арбоблари, ёш тадқиқотчилар, турли соҳа вакилларининг дил изҳори сифатида янгради.
Анжуман якунида Ўзбекистондаги Ислом цивилизация марказининг илмий-маърифий фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг таркибидаги музей экспозицияси билан боғлиқ ишларни мувофиқлаштириш мақсадида Илмий кенгашни ташкил этиш бўйича форум иштирокчилари томонидан қарор қабул қилинди. Мазкур Илмий кенгашга форум доирасида билдирилган 600 дан ортиқ таклифларни таҳлил қилган ҳолда амалиётга жорий этиш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳамда ҳукуматга тақдим қилиш юзасидан вазифалар белгилаб берилди.