"ADOLAT" SOSIAL-DEMOKRATIK PARTIYASI

Wednesday, 10 September 2025 17:01

Иорданияда Мовароуннаҳр тарихига оид дарслик нашр этилди

Rate this item
(0 votes)

Куни кеча Иордания пойтахти Амман шаҳрида нуфузли “Хутут ва зилол” нашриёт-матбаа уйида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти етакчи  илмий ходими Комилжон Раҳимов муаллифлигида тасаввуф тарихи бўйича 470 бетдан иборат “Мовароуннаҳр тасаввуфи илдизлари (тарихи):таълимотнинг шаклланиши ва тизимлаштирилиши (VIII – XI асрлар)” сарлавҳали дарслик-монография чоп этилди. Эътиборли жиҳати, Иорданиядаги Аҳли Байт университети билан ҳамкорликда тайёрланган мазкур қўлланмадан дарслик сифатидан ҳам фойдаланилади.

Қадимий Мовароуннаҳр тасаввуф вужудга келган ва кенг илдиз отган ўлкалардан бири ҳисобланади. Марказий Осиё тасаввуфи тарихининг XII асргача, яъни сўфийлик тариқати пайдо бўлгунга қадар кечган даври мазкур таълимот ривожида муҳим ўрин эгаллаб, соҳанинг умумий тараққиётига мустаҳкам замин яратган. Сўфий аждодларимиз айни йўналишдаги пойдевор асарларида ўша даврда тарқоқ шакл касб этган таълимотни ягона тизимга солишга эришган. IX асрда Ҳаким Термизий бошлаб берган тасаввуфни тизимлаштириш X аср охири-XI аср бошида Калободий Бухорий ва Мустамлий Бухорийлар томонидан ниҳоясига етказилди. Бу иш XII асрдан бошлаб ислом дунёсининг турли ўлкалари, жумладан қадимий Мовароуннаҳрда вужудга кела бошлаган сўфийлик тариқати шаклланиши учун назарий асос бўлиб хизмат қилди.

Сўзбошида Иордания Аҳли Байт университети профессори, доктор Амин Юсуф Авда ҳамда Миср Араб Республикаси Искандария университети профессори, доктор Саъд Абдулғаффор дарсликка шундай таъриф берган:

Шарқшунос, манбашунос, битикшунос, исломшунос-тасаввуфшунос, тарих фанлари доктори (DsC) Комилжон Раҳимовнинг мазкур монографиясида Марказий Осиё тасаввуфига доир сўфийликкача бўлган даврнинг ушбу йўналиш билан боғлиқ муҳим хусусиятлари, асосий ғоялари тадқиқ этилган. Тариқатнинг йирик намояндалари, шунингдек Калободий Бухорий битган “Ат-Таъарруф” ва Мустамлий Бухорий қаламига мансуб “Шарҳ ат-Таъарруф” асарларининг сўфийлик манбалари орасидаги ўрни, муҳим асар сифатидаги беқиёс аҳамияти ҳамда бу қўлланмаларнинг кейинги тасаввуф манбаларига таъсири очиб берилган.

Айтиш жоиз, шу пайтгача жаҳон шарқшунослигида тасаввуф тарихи ва таълимоти кенг ўрганилган бўлса-да, турли мамлакатлар тадқиқотчилари мавзуга ўз давлати ёхуд тегишли илмий-маданий ёки мафкуравий доирага маъқул келадиган қарашдан келиб чиқиб ёндашган. Шу боис тасаввуфнинг тарихи ва босқичлари, сўфийликнинг таълимоти ва таркибий унсурлари, йўналишга оид мавжуд мактаб, оқим ва тариқатлар борасида турли-туман хулосалар пайдо бўлган. Аниқроғи, аксарият хорижлик шарқшунослар ислом дунёсининг бошқа минтақалари қаторида Марказий Осиёда ҳам турфа мактаблардан алоҳида тасаввуф мактаби шакллангани ва йўналиш тараққиётида муҳим ўрин тутганига эътибор бермаган. Ўзбек тасаввуфшунослигида эса IX-X асрларда яшаб ўтган Ҳаким Термизий ижодига бағишланган алоҳида тадқиқотни айтмаганда, ўлкамиз тасаввуфи тарихи асосан XII асрдан – Яссавия ва Ҳожагон-Нақшбандия тариқатлари вужудга келган даврдан бошлаб ўрганилган. Аввалги давр, деярли, тадқиқ қилинмаган.

Ёш ўзбек тасаввуфшуноси Комилжон Раҳимов ушбу монографик тадқиқотидаги бўшлиқни тўлдириш – ўлкамиз тасаввуфининг ҳануз эътибордан четда қолиб келган муҳим даври – VIII-XI асрларга доир тарихини, умумий тарзда бўлса-да, ёритишга уринган. Энг муҳим, шу даврда бошқа минтақавий тасаввуф мактабларидан мустақил Марказий Осиё тасаввуф мактаби шакллангани ва ривожланганини исботлашга эришган.

Марказий Осиё тасаввуфи илмий-назарий табиатга эга бўлгани – сўфий аждодларимиз фақат амалиёт билан шуғулланмасдан, тасаввуфга бағишланган асарлар яратиш орқали йўналишга илмий-назарий тус беришга улкан ҳисса қўшгани кўрсатиб берилгани мазкур асарнинг яна бир муҳим хусусиятидир.

Ушбу тадқиқот нафақат Марказий Осиё тасаввуфи тарихининг бизга яхши маълум бўлмаган даврини ёритиш, балки айнан ўша босқич XII асрдан бошлаб вужудга кела бошлаган тариқатлар, хусусан Хожагон-Нақшбандия тариқати шаклланиши учун асос бўлиб хизмат қилганини кўрсатиб бергани билан алоҳида аҳамият касб этади.

Умуман, Комилжон Раҳимов тадқиқотлари хорижий мамлакатларда кенг эътироф этилмоқда. Масалан, унинг “Мовароуннаҳр тасаввуфи тарихи: таълимотнинг шаклланиши ва тизимлаштирилиши (VIII-XI асрлар)” монографияси (Тошкент, 2021) шу кунга қадар Россия, Тожикистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Туркия ва Иорданияда рус, тожик, қозоқ, озарбойжон, турк ва араб тилларига, “Ҳожагон-Нақшбандия тариқати ва етти пир” (Тошкент, “Ўзбекистон”, 2020) монографияси Россия, Туркия ва Эронда рус, турк ва форс тилларига, “Хожагон-Нақшбандия тариқати ва иқтисодиёт” (Тошкент, 2022) монографияси эса Россия ва Туркияда рус ва турк тилларига таржима қилиниб, нашр этилди.

Айни мавзудаги сўнгги тадқиқот мисолида эса Марказий Осиё тасаввуфи тарихини ўрганишга нисбатан янгича ёндашув вужудга келганини англаш мумкин. Бундай ёндашув янгидан-янги изланиш ва тадқиқотлар учун туртки бериши, жумладан ўлкамиз тасаввуфи тарихининг чуқур ўрганилмаган даври, таълимот вакилларининг ҳаёти ва ижодийй фаолияти, шу йўналишдаги мавжуд асарлар ҳам ҳар томонлама, яхлит, тизимли ва теран тадқиқот объектига айлантирилишидан умидвормиз.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА

Read 15 times Last modified on Wednesday, 10 September 2025 17:07
More in this category: « Tasavvuf tarixi Жараён »

BIZ BILAN BOG'LANISH

Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…