Маърузани ЎзР ФА Шарқшунослик институти директори тарих фанлари доктори профессор Баҳром Абдуҳалимов ўқиди. Маъруза араб тилида бўлди. Олим маърузасида Ўзбекистон тарихининг минтақадаги ўрни ҳақида қимматли маълумотлар берди. Жумладан, араблар орқали кириб келган Ислом динининг мамлакат ва минтақа тарихидаги ўрни ҳақида ҳам гапириб, Ўрта Осиё етиштириб берган қомусий олимлар, дин уламоларининг дунё цивилизациясига қўшган ҳиссасини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон тарихининг хронологик ривожланиш босқичлари, унда ҳукм сурган давлатларнинг ривожланиш ва тараққиёт босқичлари ҳақида хорижлик меҳмонларга қимматли маълумотларни улашди.
Шунингдек, Шарқшунослик институтида сақланаётган қўлёзмалар фонди ҳамда Институтнинг Ўмон давлати билан олиб бораётган фаол ҳамкорлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
Маъруза сўнггида меҳмонлар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олди.
Маълумот ўрнида, Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фонди 1943 йилда, ўша пайтдаги халқ кутубхонаси (ҳозирги Миллий кутубхона)нинг Шарқ бўлими асосида ташкил этилган. Шундан бошлаб бу фондда қўлёзма манбаларни ўрганиш ишлари бошланган.
Фонд таркибида 26 минг жилд қўлёзма, 40 минг жилдга яқин қадимги тошбосма услубидаги китоблар сақланади. Бундан ташқари, 5 мингдан зиёд асл нусхадаги тарихий ҳужжатлар бор. Шунингдек, хориждаги фондларда сақланаётган китоблардан олинган микрофильм ва фотокопиялар фондларимиз ҳам бор.
Бу улкан мерос фаннинг турли соҳаларига оид. Хусусан, табобат, кимё, математика, тарих, ислом илмлари — аждодларимиз шуғулланган барча фан соҳаларига доир манбалар ўрин олган. Қўлёзма манбалар IX асрдан бошлаб ХХ асргача бўлган даврга оид бўлиб, араб, форс, қадимги туркий ва бошқа шарқ тилларида ёзилган, деб хабар беради Ўзбекистон фанлар академияси матбуот хизмати.