"ADOLAT" SOSIAL-DEMOKRATIK PARTIYASI
Бугун Президент “Шарқшунослик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Унда Тошкент давлат шарқшунослик институти негизида Тошкент давлат шарқшунослик университети ташкил этилиши белгиланган.
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Университетга ўқишга қабул қилишда шарқ тилларидан (турк, араб, форс, дари, ҳинд, урду, хитой, корейс, уйғур, япон тиллари) топшириладиган кўп балли тизим бўйича имтиҳонлар ўрнига тест синовлари ўтказилиши йўлга қўйилади.
Шунингдек, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ушбу тажриба бошқа тиллар (испан, итальян, тожик, қозоқ, туркман, қирғиз тиллари ва бошқалар) бўйича республикадаги барча давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда жорий этилади.
Қарорда белгиланган яна бир янгилик 2020 йил 1 августга қадар Наманган ва Хива шаҳарларида ташкил этилаётган шарқ тиллари бўйича техникумларнинг шарқ тилларини ўқитишга мослаштирилишидир.
Университет тузилмасида юридик шахс мақомига эга Синхрон таржима лабораторияси, Мультимедиа маркази ҳамдамюридик шахс мақомига эга бўлмаган Шарқ маданияти ва меросини тадқиқ этиш илмий-тадқиқот маркази ҳамда Шарқ мамлакатларининг ривожланишини тадқиқ этиш илмий-таҳлил маркази ҳам фаолият бошлайди.
https://human.uz/site/inner/2629
XXI асрда Шарқнинг дунёдаги энг муҳим нуқтага айланиб бораётгани, геосиёсий жараёнлар, иқтисодий-сиёсий муносабатларда жаҳонда ўзига хос ўрин эгаллаётгани ҳеч биримизга сир эмас. Бу жараёнда шарқ мамлакатларини ҳар томонлама ўрганиб, илмий тадқиқ этиш ёш тадқиқотчиларимиз учун муҳим аҳамиятга эга.
Президентимиз 16 апрель куни имзолаган “Шарқшунослик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор мамлакатимизда бу йўналишни ривожлантиришда яна бир муҳим қадам бўлди.
Айниқса, қарор асосида Тошкент давлат шарқшунослик институти негизида Тошкент давлат шарқшунослик университетининг ташкил этилиши мазкур олий ўқув юрти жамоасини ниҳоятда қувонтирди. Ушбу юксак эътирофга лойиқ бўлишга ундайдиган янги мақсадлар, аниқ режалар тузишга илҳомлантирди.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори, аввало, олий таълимни ривожлантириш, қолаверса, шарқшунослик соҳасига берилаётган катта эътиборнинг самараси, деб биламан. Унда белгиланган ҳар бир банд университет жамоаси зиммасига Ўзбекистоннинг шарқ мамлакатлари билан икки ва кўп томонлама сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилувчи, шарқ тиллари бўйича малакали мутахассислар, жаҳонда рўй бераётган жараёнларни тўғри талқин қила оладиган таҳлилй тафаккурга эга кадрларни тайёрлаш, уларга бўлган эҳтиёжни таъминлаш сингари масъулиятли вазифаларни юклайди.
Шарқшунос мутахассис шарқ мамлакатларининг тиллари, тарихи, маданияти, моддий ва маънавий мероси, иқтисодиёти, сиёсати, халқаро майдондаги нуфузини ўрганиш учун ҳар томонлама билимга эга бўлиши лозим. Шу жиҳатдан, қарорда халқаро стандартларга мувофиқ комплекс билимларга эга малакали, замонавий билимларни эгаллаган, меҳнат бозори учун рақобатбардош бўлган кадрларни тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш, илм-фанни жадал ривожлантириш, профессор-ўқитувчиларнинг салоҳияти, педагогик маҳоратини узлуксиз ошириб бориш, талаба-ёшларни шарқона қадриятлар асосида тарбиялашни такомиллаштириш бўйича аниқ топшириқ ва фаолият йўналишлари белгилаб берилди. Шунингдек, шарқ мамлакатларининг ривожланиш омиллари, улардаги замонавий, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий жараёнлар, шарқ маданияти мероси, қадимий ёдгорлик ва қўлёзмаларни илмий жиҳатдан ўрганиш, мазкур йўналишда илмий ходимлар, педагоглари тайёрлаш ҳамда маҳаллий ва хорижий ҳамкорлар билан биргаликда илмий-тадқиқотлар олиб бориш бўйича бир қатор вазифалар қўйилди.
Дунё мамлакатларининг тобора тараққий этиб бораётгани барча соҳалар қатори таълим тизимида ҳам ўқитишнинг илғор, янгича, таъсирчан усулларидан фойдаланиш, дарс амалиётларига замонавий технологияларни жорий этишни тақозо қилмоқда. Шу нуқтаи назардан, қарорда университетда замонавий таълим технологиялари, талабалар билимини баҳоловчи илғор методикалар, шарқ мамлакатларини ўрганиш бўйича замонавий медиамаҳсулотлар ва электрон адабиётларни ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга тадбиқ этиш масаласи бўйича алоҳида банд киритилган.
Қарорда университетдаги таълим жараёнларини замонавийлаштириш ва дунёдаги шарқшунослик мактабларида амалга оширилаётган ишлардан ёшларни бохабар этиш ва бу янги илмларни таълим жараёнларига олиб киришни жадаллаштириш маъносида академик мустақиллик бериш масаласи ҳам кўзда тутилган. Бу билан университетга таълим стандартларини ишлаб чиқиш, малака талаблари, ўқув режалари ва дастурларини, талабаларнинг билимини баҳолаш, хориж тажрибаси асосида ўқув жараёнининг амалиёт билан интеграциялашувини таъминлаш тизимини яратиш, уларни тасдиқлаш ҳуқуқи ҳам берилди. Шу билан бирга, янги ўқув йилидан бошлаб таълим жараёни босқичма-босқич кредит-модуль тизими асосида амалга оширилиши белгиланди. Хорижий ҳамкорлар билан амалга ошириладиган қўшма дастурларнинг ўқув режалари, фан дастурларининг мустақил тасдиқланиши университет жамоасига билдирилган катта ишончдан далолат.
Қарор асосида университетга шарқ тиллари ўқитиладиган таълим муассасалари ўқитувчилари учун доимий фаолият юритувчи қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг ташкил этилиши ҳам шу тилларда дарс бериб келаётган педагог кадрлар учун катта имкониятдир. Чунки шу пайтгача мамлакатимизда шарқ тиллари ўқитиладиган таълим муассасалари педагог ходимларининг малака ошириши ва ўз соҳалари бўйича замонавий билимларга эга бўлишини ҳам мониторинг қилиш, ҳам уларнинг салоҳиятларини кучайтириб боришни таъминлайдиган алоҳида марказ бўлмаган. Янги марказда ўтиладиган ўқув курслари якунида педагогларга белгиланган намунадаги сертификат берилиши ҳам кадрлар салоҳиятини баҳолашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Етук мутахассисларни тайёрлашда моддий-техник база, илмий методик, ўқув-услубий таъминотнинг етарлича бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Ана шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда, қарорда шарқ тиллари бўйича малакали таржимонларнинг ўқув жараёни ва амалиётни уйғун олиб боришига имкон яратадиган синхрон тажриба лабораторияси ҳамда талабаларнинг мустақил таълим компетенциялари, шарқ тиллари бўйича электрон таълим ресурсларини шакллантиришга хизмат қиладиган замонавий техник воситалар билан жиҳозланган замонавий мультимедиа марказининг ташкил этилиши белгиланди. Мазкур лаборатория ва марказ фаолиятининг йўлга қўйилиши ёшларда ўз соҳаларига бўлган қизиқишни кучайтириш билан бирга, дунёдаги шарқшуносликка оид илмий манбалар, замонавий билимларни кўпроқ ва кенгроқ ўрганишлари учун имкониятлар яратади.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда узлуксиз таълим тизимида кадрлар тайёрлаш, ёшларнинг касб танлаш билимлари, кўникмаларини қуйи таълим босқичларидаёқ йўлга қўйиш мақсадида, айниқса, профессионал таълимни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, қарор билан 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб Наманган ва Хива шаҳарларида шарқ тиллари ўқитиладиган техникумларни ташкил этиш бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириши, шубҳасиз.
Шунигдек, қарорда илмий тадқиқотларни ривожлантириш мақсадида университет ҳузурида Шарқ маданияти ва меросини тадқиқ этиш илмий-тадқиқот маркази ҳамда Шарқ мамлакатларининг ривожланишини тадқиқ этиш илмий-таҳлил марказини очиш белгиланди. Мазкур марказлар қисқа вақтда шарқ халқлари маданияти, шарқ тилларидаги адабий, тарихий, фалсафий манбаларни чуқур ўрганишга йўналтирилган илмий тадқиқотлар олиб бориш, юртимиз қадриятлари, миллий меросимизни дунёга тарғиб этиш, шарқ мамлакатларининг тарихи, ривожланиш босқичи, иқтисодий-сиёсий тараққиёт хусусиятларини комплекс тадқиқ этиш, айниқса, Ўзбекистоннинг шарқ халқлари билан ўзаро муносабатларини ривожлантиришда асосий илмий масканларга айланишига ишонаман.
Бугун Президентимиз олий таълимда фаолият юритаётган барча мутахассислар олдига мазкур тизимни такомиллаштириш, замон талабларига мослаштириш ва бу орқали Ўзбекиситон олий таълим муассасаларини Марказий Осиёдаги алоҳида “хаб”га айлантиришдек улкан вазифа қўйди. Хусусан, миллий университетларимизнинг жаҳондаги нуфузли олий ўқув юртлари рейтингидан муносиб жой эгаллашига эришишимиз лозим. Биз ана шу тизимнинг бир қисми сифатида юқоридаги қарорда белгиланган барча вазифаларни амалга ошириб, юқори натижаларга эриша олсак, албатта, кўзланган маррага етамиз. Президентимизнинг Тошкент давлат шарқшунослик университети профессор-ўқитувчилари, илмий жамоаси, талаба-ёшлари, умуман, шарқшунослик соҳаси ривожига билдирган катта ишончларини оқлашга бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз.
Гулчеҳра Рихсиева,
Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори,
филология фанлари номзоди, доцент
Prezidentimizning 16-apreldagi “Sharqshunoslik sohasida kadrlar tayyorlash tizimini tubdan takomillashtirish va ilmiy salohiyatni oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qarori bilan Toshkent davlat sharqshunoslik institutiga universitet maqomi berilishi muhim tarixiy voqelik biri boʻldi.
Bu quvonchli xabar koʻpchilik qatori meni ham toʻlqinlantirdi. Mazkur taʼlim dargohida tahsil olgan yoshlardan biri sifatida qaror va unda belgilangan vazifalar yangi maqomdagi Toshkent davlat sharqshunoslik universitetining ilmiy salohiyatini yana-da oshirish, tarixda yashab oʻtgan buyuk sharq olim va mutafakkirlari qoldirgan asarlar, qoʻlyozmalarni oʻrganib, ularning boy merosini bugungi avlodga kitoblar, qoʻllanmalar holida taqdim eta oladigan yetuk sharqshunos mutaxassislarni tayyorlashda muhim omil boʻlib xizmat qilishini chuqur his etib turibman.
Qaror asosida universitetda yangi kafedralar tashkil etish, xorij universitetlari bilan aloqalar oʻrnatib, hamkorlik qilish, sharqshunoslik sohasida taʼlim va ilm yoʻnalishlarining oʻzaro uzviyligini, oʻquv jarayonining amaliyot bilan integratsiyalashuvini taʼminlash, taʼlim jarayonlariga yetuk sharqshunos olimlarni jalb etish kabi keng koʻlamli ishlar kelajakda oʻz samarasini berishiga ishonamiz.
Faoliyatimni olis yurtlarda davom ettirayotganimga qaramay, oʻzim tahsil olgan mazkur taʼlim dargohi jamoasi, mendan oʻz bilim va maslahatlarini ayamaydigan qadrdon ustozlarim bilan hech qachon aloqalarimiz uzilmagan va hamisha ular bilan sohadagi yangiliklar haqida oʻrtoqlashib turaman. Kelgusida bu hamkorlikni davom ettirib, universitet talabalariga onlayn kurslar, mahorat darslari oʻtishda oʻz hissamni qoʻshishga doim tayyorman. Toshkent davlat sharqshunoslik universiteti jamoasini tarixiy qaror bilan qutlab, zimmalariga yuklatilgan ishonch va masʼuliyatni toʻlaqonli ado etishlarida omad va muvaffaqiyatlar tilayman!
Aziza Shonazarova,
AQSHning Kolumbiya universiteti professori
“Шифокорингиз ҳузурига ташриф буюрганингизда, Ибн Синога шукурларни шивирлаб айтинг, чунки замонавий тиббиётнинг кўп асослари - тажрибада кузатишлар, холислиги ва мулоҳазакорлиги - минг йил аввал унинг улкан истеъдоди туфайли юзага чиқди. Ибн Синонинг бизнинг замонамизга бўлган алоқадорлиги ҳали тугагани йўқ”.
ТИББИЁТ ФАНЛАРИ ДОКТОРИ, “ШИФО БЕРУВЧИ СЎЗЛАР ВА БИР АҚЛ” КИТОБИНИНГ МУАЛЛИФИ ЛЭРРИ ДОССИ
Азиза Шоназарова пойтахтимизнинг Қорақамиш даҳасида вояга етиб, Тошкент шарқшунослик институтида, кейинчалик Польша ва АҚШдаги машҳур университетларда таълим олган. 32 ёшида тарих ва диншунослик йўналишида фан доктори бўлган. Куни кеча Президентимиз томонидан “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.
Тошкент давлат шарқшунослик институтида Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси ҳамкорлигида ўзбеклар орасида биринчи бор АҚШдаги Колумбия университети профессори бўлган ёш олима билан учрашув ташкил этилди.
Азиза илмий иш билан бирга чет эллик талабаларга дарс беради. Дастлаб Индиана университетида дарс бериш фаолиятини бошлаган, кейин Станфорд университетида лектор даражасида ўз фаолиятини давом эттирди. Оксфорд университети Исломшунослик марказининг илмий тадқиқотчиси ҳисобланиб, у ерда ҳам маърузалар ўқийди. АҚШ, Европа ва Осиё мамлакатларидаги бир қанча етакчи университетлар ва илмий марказлар билан ҳамкорлик қилади.
Учрашувда Азиза Шоназаровага Шарқшунослик институтининг фахрий профессори унвони берилди, шунингдек, кафедра мудири этиб тайинланди. Рус, инглиз, турк, араб, форс, немис, француз, поляк тилларини пухта эгаллаган ёш олима Ўзбекистонда кенг жамоатчилик вакиллари, олимлар, ёшлар билан учрашишни режалаштирган. Ёшларнинг илм-фанга меҳрини ошириш мақсадида Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернати ва Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати ўқувчилари билан ҳам суҳбат ўтказиши кутилмоқда.