"ADOLAT" SOSIAL-DEMOKRATIK PARTIYASI

Monday, 13 April 2026 04:14

Ислом цивилизацияси марказида халқаро анжуман: Темурийлар мероси глобал мулоқот марказида

Rate this item
(0 votes)

Ислом цивилизацияси марказида нуфузли халқаро анжуманнинг тантанали очилиш маросими юқори савияда ташкил этилди. Мазкур тадбирда давлат ва жамоат арбоблари, етакчи олимлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, дипломатик корпус аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар. Анжуман илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тарихий меросни чуқур ўрганиш ва унинг глобал аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг анжуман иштирокчиларига йўллаган табрик мурожаатини ўқиб эшиттириш билан бошланди. Ушбу табрикни Президент маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султонов ўқиб берди. Табрик сўзида юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, миллий тарих ва маданий меросни тиклаш ҳамда уни жаҳон ҳамжамиятига танитишга қаратилган саъй-ҳаракатлар алоҳида таъкидланди.

–Янги Ўзбекистонда Амир Темур ва темурийлар меросининг умумбашарий цивилизация тарихидаги ўрни ва аҳамиятини ўрганиш, уни юртимиз ва чет элларда кенг оммалаштириш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Амир Темурнинг 690 йиллиги муносабати билан алоҳида қарор қабул қилинди. Ушбу ҳужжатга биноан ҳар йилнинг апрель ойи мамлакатимизда Амир Темур ойлиги деб эълон қилиниши, маҳаллий ва халқаро миқёсда илмий-амалий конференциялар, маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилиши белгилаб қўйилди. Бугунги анжуман ҳам ана шу йўлдаги яна бир амалий қадам бўлиб, биз Ўзбекистоннинг ҳақиқий дўстлари бўлган сизлар каби заҳматкаш олим ва тадқиқотчилар билан темурийлар Ренессансини, умуман, бой меросимизни чуқур ўрганиш, мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-маънавий ислоҳотлар билан жаҳон жамоатчилигини янада кенг таништириш борасидаги ҳамкорликни изчил давом эттирамиз, - дейилди табрикда.

Очилиш маросимида сўзга чиққанлар Амир Темур шахси ва фаолиятига кенг тўхталиб, унинг давлатчилик анъаналари, адолат тамойиллари ва кучли марказлашган бошқарув тизимини шакллантиришдаги беқиёс ҳиссасини қайд этдилар. Таъкидланганидек, Темурийлар даври нафақат Марказий Осиё, балки бутун жаҳон цивилизацияси тараққиётида муҳим ўрин тутган.
Анжуман доирасида ташкил этилган ялпи мажлисга Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов модераторлик қилди. Мажлис давомида Марказ фаолиятига бағишланган кенг қамровли тақдимот ўтказилди. Унда марказнинг илмий-тадқиқот, экспозиция ва маданий-маърифий йўналишлардаги ишлари, шунингдек, халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳақида батафсил маълумот берилди.

- Аввало, сиз азизларни бугунги тарихий сана – Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги билан самимий қутлайман ва қимматли вақтингизни аямай, ушбу нуфузли халқаро анжуманда иштирок этаётганингиз учун чуқур миннатдорлик билдираман.  Бугун халқаро анжуман ўз ишини бошлаётган айни дақиқаларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида пойтахтимиздаги Амир Темур ҳайкали пойига гул қўйиш маросими ўтказилмоқда. Жорий йилда Соҳибқироннинг 690 йиллигига пухта ва ҳар томонлама тайёргарлик кўрилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Темурийлар тарихи давлат музейида кенг кўламли реконструкция ишлари амалга оширилди. Музей янгича қиёфада халқимизга туҳфа қилинди, - деди марказ директори.

Ялпи мажлисда Темурийлар даврининг илмий мероси, унинг замонавий тадқиқотлардаги аҳамияти ва истиқболлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Иккинчи ялпи мажлисда халқаро даражадаги нуфузли олимлар ва экспертлар иштирок этдилар. Жумладан, IСESCO минтақавий директори Анар Каримов, ЎзФА акдемиги Акмал Саидов ва IRCICA директори Маҳмуд Эрол Қилич ўз маърузаларида Темурийлар даврининг жаҳон цивилизациясидаги ўрни, унинг маданий, маънавий ва илмий меросини комплекс ўрганиш зарурати ҳақида сўз юритдилар. 

Мажлис давомида Россия мусулмонлари диний бошқармаси раиси ўринбосари Дамир Мухитдинов, Россия Фанлар академияси вакили Ирина Попова ҳам маърузалар билан иштирок этиб, Темур тузуклари каби ноёб манбаларнинг илмий аҳамияти, Темурийлар давлат бошқарув тизими ва унинг тарихий мероси ҳақида фикр билдирдилар.

Анжуман доирасида яна бир муҳим воқеа сифатида ТУРКСОЙ томонидан Марказ таркибида фаолият юритаётган Ислом цивилизацияси тарихи музейи “Туркий дунёдаги энг яхши музей” деб эътироф этилди. Мазкур нуфузли сертификат ташкилот бош котиби томонидан тантанали равишда тақдим этилди. Бу эътироф Марказнинг қисқа вақт ичида халқаро майдонда юқори баҳоланаётганини кўрсатади.

Анжуманда Туркия, Франция, Италия, Германия, АҚШ, Буюк Британия, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Эрон ва Қозоғистон каби қатор давлатлардан келган етакчи олимлар иштирок этмоқда. Улар Темурийлар даври тарихи, сиёсий тизими, шаҳарсозлик анъаналари, илм-фан ва маданият ривожи каби йўналишларда ўз илмий тадқиқот натижаларини тақдим этмоқдалар.

Хорижий иштирокчилар ўз чиқишларида Темурийлар меросининг глобал аҳамиятини, унинг Европа ва Осиё цивилизациялари ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашдаги ўрнини алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, бундай халқаро анжуманлар илмий мулоқотни ривожлантириш, тажриба алмашиш ва янги тадқиқот йўналишларини белгилашда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Мазкур анжуман Темурийлар даврининг бой илмий ва маданий меросини чуқур ўрганиш, унинг жаҳон цивилизацияси тараққиётидаги ўрнини янада кенг ёритиш ҳамда ушбу бебаҳо меросни келажак авлодларга етказиш йўлида муҳим қадам бўлди.

Султон Раев, ТУРКСОЙ ташкилоти Бош котиби:

— Тарихдан яхши маълумки, Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон замини азалдан юксак цивилизация ва маданият бешикларидан бири бўлиб келган. Ўтмишда бу ерда иккита буюк Ренессансга асос солингани ҳам бу тупроқлар қанчалар табаррук, ўзбек халқи қанчалар донишманд эканини яққол тасдиқлайди. Туркий халқларнинг буюк фарзанди Соҳибқирон Амир Темурни англаш аслида бизни ягона тарих ва маданият атрофида бирлаштирган илдизларни қайтадан кашф этиш демакдир. Анжуман ана шу эзгу мақсадга хизмат қилади. 

ТУРКСОЙ ташкилоти ҳам темурийлар даврига оид асарларни илмий нашрлар орқали дунёга танитиш, китоблар чоп этишни қўллаб-қувватлаш ва бу меросни рақамлаштириш борасидаги лойиҳаларга ҳар томонлама ҳисса қўшишга тайёр. Шу ўринда эътироф этишни истардимки, Ўзбекистон халқи ўзининг доно етакчиси, замонамизнинг буюк давлат арбоби Шавкат Миромонович бошчилигида фақат тарих билан фахрланиб қолаётани йўқ, аксинча аждодларга муносиб бўлишга интилмоқда. Мамлакат ўз олдига Учинчи Ренессансга асос солишдек буюк мақсадни қўйган. Бу йўлда амалий қадамлар билан келажакка дадил интилмоқда.

Фарҳан Низамий, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази директори:

— Менимча, мазкур ташаббус Марказий Осиёнинг нафақат минтақавий маданият ва цивилизацияга, балки жаҳон тарихига қўшган улкан ҳиссасини кенг жамоатчиликка яна бир бор эслатиши билан ниҳоятда аҳамиятлидир. Бу ерда инсонлар аждодларимизнинг илм-фан, адабиёт, меъморчилик ва бошқа соҳалардаги буюк ютуқлари ҳақида чуқурроқ тасаввурга эга бўладилар. Энг муҳими, ушбу ташаббус бугунги авлод учун илҳом ва рағбат манбаига айланиб, уларнинг ўзлигини англашига, тарихи ва келажак мақсадларини аниқ белгилашига хизмат қилади.

Маҳмуд Эрол Қилич. Ислом тарихи, мадания ва санъати тадқиотлари маркази – ИРСИКА директори:

— Бизнинг ташкилотимизга дунёнинг 57 давлати аъзо бўлган бўлса-да, Ўзбекистоннинг ўз ўрни бор. Чунки, Ўзбекистон Ислом оламининг энг буюк алломалари туғилган замин, мислсиз кашфиётлар, маданий ёдгорликлар, бой тарих ва улкан цивилизациялар маскани. Бугунги анжуман ҳам Ўзбекистон халқининг, раҳбариятининг буюк аждодлар мероси, тарих ва маданият тадқиқига қаратаётган улкан эътиборидан дарак беради. Биз Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан бир қатор лойиҳаларни амалга ошириб келяпмиз. Жумладан “Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан мутафаккирлар энциклопедияси” бўйича ишларимиз давом этмоқда. Бугунги анжуман доирасида ҳам Марказ билан бирга хаттотлик мусобақаларини ўтказиш, темурийлар меросининг ислом оламидаги ўрни масалаларига қаратилган қатор лойиҳалар муҳокама қилинди.

Гу Гоцин, Хитой Халқ Республикаси Кинематография қўмитаси халқаро алоқалар департаменти раҳбари:

Хитой ва Ўзбекистон халқларини узоқ асрлик маданий алоқалар боғлаб туради. Айниқса, темурийлар даврида дипломатик алоқалар янада мустаҳкамланди. Мирзо Улуғбек ва Шоҳрух элчиларининг Хитой импетори ҳузурига бориши, икки томондама манфаатли алоқаларнинг йўлга қўйилгани қатор тарихий манбаларда ўз аксини топган.Ўзбекистоннинг кўплаб тарихий шаҳарлари Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган. Бу эса, икки халқ ўртасидаги алоқалар тарихида катта ўрин тутади. Бугунги конференция давомида икки хал ўртасидаги тарихий алоқалар ҳақида маъруза қилдим. Икки томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унга асосан, келгусида Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликда бир қатор кинолойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Умид қиламизки бу ҳамкорлик келгусида ўз самарасини беради.

Актоты Раймқулова, Халқаро турк маданияти ва мероси фонди раҳбари:

Амир Темур ва темурийлар цивилизациясининг жаҳон тараққиётига қўшган улкан ҳиссасига бағишланган нуфузли илмий амалий конференция очилишининг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Ушбу анжуманда дунёнинг турли бурчакларидан етук олимлар ва тадқиқотчилар иштирок этмоқда. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда дунёнинг нуфузли ва маънавий жиҳатдан бой илмий масканларидан бирига айланган. Биз марказни кўздан кечирар эканмиз Амир Темурга бағишланган зал билан танишдик. Айниқса, темурийлар цивилизациясига бағишланган Иккинчи Ренессанс залининг мазмунан бой ва бадиий жиҳатдан юксак даражада яратилгани катта таассурот қолдирди.

Амир Темур ва темурийлар цивилизацияси мероси халқларимиз тараққиётида, бугунги мустақиллик ва равнақ йўлида муҳим ўрин тутади. Конференция иштирокчилари, олимлар ва тадқиқотчиларга улкан муваффақиятлар тилайман.

https://iccu.uz/ky/news/1380

Read 10 times Last modified on Monday, 13 April 2026 04:17

BIZ BILAN BOG'LANISH

Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…