Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида 2019 йил 15 апрелда анъанавий Ёш шарқшуносларнинг академик Убайдулла Каримов номидаги ХVI илмий-амалий конференцияси ўтказилди. Бу йил конференция Тошкентдаги Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштирув бўйича агентлиги (TIKA) билан ҳамкорликда ташкиллаштирилди.
Ушбу анжуманда шарқшуносликнинг турли соҳаларида илмий изланишлар олиб бораётган 150 га яқин магистрантлар, таянч докторантлар ва мустақил тадқиқотчилар иштирок этишди. Анжуманга бу йил 300 га яқин тезис келган, таҳрир ҳайъати қароридан сўнг 130 га яқини конференция материаллари тўпламида чоп этилди. Анжуманда 3 та шўъба бўйича: “Манбашунослик ва исломшунослик”, “Тарих ва тарихшунослик”, “Тил ва адабиёт” 50 дан ортиқ маърузалар тингланди. Ҳар бир шўъбада “Энг яхши маъруза” номинацияси бўйича 1, 2, 3-ўрин ғолиблари аниқланди. Шунингдек, анжуман материаллар тўпламига 9 та хорижий (Афғонистон: Қобул давлат университети; АҚШ: Стенфорд унверситети; Австралия: Квинсленд университети; Озарбайжон: Озарбайжон Миллий фанлар академияси Тарих институти; Тожикистон: Хужанд давлат университети; Қирғизистон: Қирғиз-турк “Манас” институти ва Қирғизистон давлат университети; Украина: Киев миллий педагогик университети) тадқиқотчиларнинг тезислари ҳам киритилган. Қирғизистон миллий университети ва Қирғиз-турк “Манас” университетининг тадқиқотчилари ҳам маърузалар билан иштирок этишди.
.
.
.