SJ News II - шаблон joomla Авто

"ADOLAT" SOSIAL-DEMOKRATIK PARTIYASI

Tuesday, 07 March 2023 11:30

ОҒИР ЖУДОЛИК

Rate this item
(0 votes)

Элмурадов Исроил Каримович
(1962 -2023)

 

 Илм-фан олами оғир жудоликка учради. 2023 йил 5 март куни ЎзР ФА Шарқшунослик институтининг иқтисод ва умумий масалалар бўйича директор ўринбосари, тарих фанлари номзоди Элмурадов Исроил Каримович боқий дунёга риҳлат қилди, Аллоҳ таборака ва таоло ул Зотни Ўз раҳматига олиб, жойларини жаннати наъим ва равзайи райоҳиндин айласин!

 

 

Элмурадов Исроил Каримович, руҳлари шод, охиратлари обод бўлсин, 1982-1988 йилларда Тошкент давлат университетида таҳсил олган. Меҳнат фаолиятини 1989 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ҳ.Сулаймонов номидаги собиқ Қўлёзмалар институтида стажёр-тадқиқотчи лавозимида бошлаган. 1992 йилдан то умрининг охирги дамигача Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида турли лавозимларда самарали фаолият олиб борган. Меҳнат фаолияти давомида оддий лаборантликдан ҳатто 2014-2015 йилларда (Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳузуридаги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази) директорнинг вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимигача кўтарилган. Институт янги биносининг қурилиши ва тантанали очилиши маросимларида бевосита иштирок этиб, ташкилий масалаларни ҳал этишда фаол иштирок этган.
У Институтдаги фаолияти давомида иқтисод ва умумий масалаларни ташкил қилишда иштирок фаол этди. Норматив ва бухгалтерия ҳужжатларининг ўрнатилган тартибда амалда юритилишини назорат қилди. Институтнинг молия-хўжалик фаолити билан боғлиқ ишларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлади.
Илмий йўналишда ўрта асрларда яшаб ижод этган машҳур араб олими Ёқут ал-Ҳамавийнинг “Муъжам ал-Удабо” асари асосида тадқиқотлар олиб борган ва 2002 йил ишини муваффақиятли якунлаб, “Ёқут ал-Ҳамавийнинг “Муъжам ал-Удабо” асари Х-ХII асрлар Хоразм илм-фан ва адабиёти тарихини ўрганишда муҳим манба” мавзусида номзодлик диссертасиясини ҳимоя қилган эди.
Элмурадов Исроил Каримович уч нафар қиз фарзандни тарбиялаб вояга етказган ота, дилкаш ва жаннатий инсон эди. Жамоада катта обрў-эътибор ва ҳурматга эга том маънодаги комил Инсон эди. Унинг ёрқин хотираси қалбларимизда бир умрга мангу муҳрланиб қолажак.

 

 

 

Read 538 times Last modified on Tuesday, 07 March 2023 11:40

BIZ BILAN BOG'LANISH

Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…