“Ибн Сино” жамоат фонди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 6 январда қабул қилинган фармони асосида ташкил этилган бўлиб, сўнгги 5 йилда мамлакатимизнинг 8 та ва хорижий 15 та мукофотга сазовор бўлди.
Эрон Ислом Республикаси Президенти Сайид Иброҳимнинг 2022 йил 14-15 сентябрь кунлари Ўзбекистонга ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнингжорий йил 18 июнда Эронга амалгаоширган икки томонлама расмий ташрифлари давомида қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар қабул қилинди, Ўзбекистон-Эрон ўртасидаги муносабатлар ва амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Жумладан, 2022 йилда Самарқандда Ўзбекистоннинг “Ибн Сино” жамоат фонди ва Эроннинг Абу Али ибн Сино номидаги илмий-маданий жамғармаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ушбу меморандумда биргаликда Абу Али ибн Сино асарлари ва меросини ўрганиш, икки мамлакат ҳудудида кенг кўламли тадбирларни ўтказиш бўйича Ўзбекистон ва Эрон халқаро илмий-маданий ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган.
Ўз навбатида, “Ибн Сино” жамоат фонди халқаро майдонда Ўзбекистоннинг сиёсий имижини янада тарғиб қилиш, илмий тадқиқот институтлари ва эронлик олимлар ўртасида ишбилармонлик, илмий , кутубхоналардан, асл қўлёзмалардан фойдаланиш, нусха олиш, лингвистика таржималари ва илмий-тадқиқот фаолиятини ташкиллаштириш, Абу Али ибн Сино шахсияти ва мероси, унинг дафн қилинган жойи тўғрисида ҳужжатли фильм суратга олиш мақсадида Эронга биринчи илмий экспедицияни ташкил этиш ташаббуси билан чиқди.
Унга кўра, фонд томонидан Ўзбекистон Фанлар академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Маданий мероса агентлиги, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти олимлари ҳамда МТРК вакилларидан иборат гуруҳ шакллантирилди.
Биринчи илмий экспедиция “Ибн Сино” жамоат фонди, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан ташкиллаштирилди.
Жорий йилнинг 14 июль куни мамлакатимизнинг расмий делегацияси Теҳронга учиб кетди. Делегация аъзоларини Теҳрондаги Имом Хомейн номидаги аэропортда мамлакатимизнинг Эрондаги элчиси Б. Абдуллаев ва Эроннинг Абу Али ибн Сино номидаги Илмий-маданий жамғарма вакиллари кутиб олишди.
Дастлаб Ўзбекистон Республикасининг Эрон Ислом Республикасидаги элчихонасида амалий учрашув ташкил этилди. Унда Абу Али ибн Синонинг бой илмий-маданий меросини ўрганиш бўйича биринчи илмий экспедицияни ташкиллаштириш ва ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
Шундан сўнг делегация аъзолари Эрон Миллий кутубхонасига ташриф буюрди. Бу ерда давра суҳбати бўлиб ўтди. Мамлакатимиз делегацияси ноёб ва асл қўлёзмалар сақланадиган махсус кутубхона бўлими билан яқиндан танишдилар.
Шунингдек, ташриф доирасида илмий ходимлар Исфахон университетида ҳам бўлди. У ерда университет раҳбарияти ва мутахассислари, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, Ибн Сино меросини ўрганувчи олимлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.
Исфахон университетига “Ибн Сино” жамоат фондининг Абу Али ибн Сино мукофоти ва эсдалик совғаси топширилди. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Исфахон шаҳрининг тарихий диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштирилди.
Шунингдек, ташриф доирасида делегация вакиллари Абу Али ибн Сино номидаги Ҳамадон университети, Маданий мерос маркази ҳамда Абу Али ибн Сино дафн этилган мажмуада ҳам бўлдилар. У ерда буюк аллома ҳақига Қуръон тиловат қилинди.
Шундан сўнг мазкур мажмуа ҳудудида жойлашган музей, кутубхона ва Эрон жамғармаси билан танишилди.
Экспедиция доирасида Али ибн Сино номидаги илмий-маданий жамғармага ташриф ҳам ташкиллаштирилди. Унда биринчи экспедициянинг фаолияти якунлари сарҳисоб қилиниб, Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги илмий-маданий ҳамкорлик истиқболлари белгиланди.
Қайд этиш жоизки, Экспедиция иши доирасида МТРК журналистлари томонидан 12 соатлик фото ва видео материаллар суратга олинди. “Ўзбекистон тарихи” давлат телеканалида Эронда ташкил этилган ҳар бир тадбир бўйича “NoComment” ва “Mobilreportaj” форматларида 17 та мавзуга оид видео материал тайёрланиб, эфирга узатилди. Экспедициямиз фаолияти Эрон ОАВ да ҳам кенг ёритилди.
“Ибн Сино” жамоат фонди Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги илмий-маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг октябрь ойида Бухоро шаҳрида “Абу Али ибн Сино ва Цивилизация” мавзуида XII халқаро илмий-амалий анжуманни ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Ўз навбатида эронлик мутахассислар ушбу йирик учрашувга катта қизиқиш билдиришди.
Н.Маҳмудов,
“Ибн Сино” жамоат фонди раиси
https://uza.uz/uz/posts/ibn-sinoning-ilmiy-madaniy-merosini-organish-boyicha-eronga-uyushtirilgan-ilk-ekspediciya-natizhalarga-boy-boldi_507180