"ADOLAT" SOSIAL-DEMOKRATIK PARTIYASI
Халқимизнинг бебаҳо мулки ҳисобланган ёзма ва тошбосма меросни сақлаш, тадқиқ қилиш тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этиш замон талаби ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 май куни қабул қилинган «Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори айни йўналишдаги муҳим вазифаларни белгилаб берди. ЎзРФА Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институти директори, тарих фанлари доктори, профессор Баҳром АБДУҲАЛИМОВ билан соҳада амалга оширилаётган ишлар хусусида суҳбатлашдик.
– Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институтида асосан қандай ноёб манбаларни илмий тадқиқ этиш ва оммалаштиришга эътибор қаратилади?
– 1943 йилда ташкил топган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институти ўз тасарруфидаги қўлёзма, тошбосма ва тарихий ҳужжатлардан иборат манбалар хазинасидир. Ҳозирда 8 та илмий йўналиш бўйича фаолият олиб бораётган институтимизда асосан ноёб манбаларни илмий тадқиқ этиш ва оммалаштиришга эътибор қаратилади, – дейди Баҳром Абдуҳалимов. – Ундаги ёзма ёдгорликлар астрономия, тиббиёт, география, ислом илмлари ва шу каби бошқа фан соҳаларига оид бўлиб, IХ–ХХ аср бошларида араб, форс, туркий тилларда ёзилган. Бу фонд 2000 йил ЮНEСКОнинг «Жаҳон хотираси» рўйхатига олинган бўлиб, 2023 йилда фонддаги Жалолиддин Румий қўлёзмалари ҳам мазкур рўйхатга киритилган. Сўнгги уч йил мобайнида 154 та китоб, 783 та илмий мақола чоп этилган.
– Баъзан ОАВлардаги чиқишлар ва турли йиғилишларда «Шарқшунослик институти фондидаги манбалар ўрганилмай ётибди», деган эътирозларни эшитамиз. Мана шу масалага ўз муносабатингизни билдирсангиз....
– Бундай саволларнинг берилиши соҳага қай даражада алоқадорлик билан боғлиқ. Лекин фурсатдан фойдаланиб, уларнинг ҳар бирига батафсил тўхталиш мақсадга мувофиқ. Биринчидан, дунёдаги бирорта қўлёзма фонди охиригача ўрганилмаган. Ҳаттоки айримлари ҳали каталоглаштирилмаган ҳам. Иккинчидан, халқаро тажриба шуни кўрсатадики, бизникига ўхшаш бошқа фондлар ҳам ўзларига бундай мақсадни қўймайди. Зеро, қўлёзма асарлар биринчи навбатда муҳим илмий маълумотларни ўзида жамлаган тадқиқот объекти – олимлар учун архив ҳамда ноёб манба вазифасини ўтайди.
Бундан ташқари, ўрта аср манбаларидаги маълумотлар бугунги кунда уларга нисбатан алоҳида таҳлилий ёндашувни ва илмий-танқидий муносабатни талаб этади. Фондимиз аҳоли қўлидан сотиб олинадиган ёки бошқа жойлардан келиб тушган янги манбалар билан доимий тўлдириб борилади. Манбалар билан ишлаш қийин, сабр ва малака талаб қиладиган жараён. Шунинг учун салоҳиятли кадрлар ҳам саноқли. Манбани илмий муомалага киритишнинг биринчи босқичи уларни каталоглаштириш. Шундан келиб чиқиб, 26000 нусха қўлёзмани ўз ичига олган институтнинг асосий фонди тўлиқ илмий муомалага киритилган, деб айтишимиз мумкин. Чунки ундаги қўлёзмаларнинг бир неча шаклдаги каталоглари чиққан. Бундан ташқари, Германиянинг Герда Хенкел фонди кўмагида инглиз тилидаги тўлиқ электрон каталог ҳам яратилган, ундан бутун дунё олимлари фойдаланмоқда. Айтишим мумкинки, манбалар хазинамизда биронта қўл тегмаган, эътибордан четда қолган ёки ўрганилмаган манбанинг ўзи йўқ. Энди, уларнинг барчасини тўлиқ ҳолда нашр қилиш эса бошқа масала.
– Келажак авлодга ноёб қўлёзма манбаларни бус-бутун етказиш осон кечмайди. Бу борасида қандай муҳим ишлар амалга оширилмоқда?
– Маънавий хазинани келажак авлодга етказиш вазифасини бир қанча бўлимлар ва улардаги малакали мутахассислар жамоаси амалга оширади. Масалан, биринчи бўлим, бевосита сақловхона ҳисобланади. Бу ерда ноёб қўлёзма асарлар халқаро талабларга мувофиқ, ҳарорат, намлик, ёруғлик ва бошқа хавфсизлик чоралари кўрилган ҳолда сақланади. Бу уларни сақлашнинг энг муҳим омилларидан биридир.
Сақлашга хизмат қилувчи яна бир бўлим, Реставрация лабораториясидир. Ноёб асарлар фойдаланиш жараёнида ҳам маълум даражада зарарланиши мумкин. Реставраторлар томонидан зарарланишнинг олдини олишга доир консервация-реставрация амалиётлари бажарилади. Мазкур ходимларга ҳам қўйиладиган талаблар юқори. Улар нафақат қўлёзма манбаларни таъмирлашнинг турли услубларини бажара олиши лозим, қолаверса, улардан манбашуносликка доир қоғози, сиёҳи, хат тури, муқоваси каби маълумотларни, араб ва форс тилларини лозим даражада билиши ҳам талаб этилади. Бўлимнинг барча ходимлари олий маълумотли, магистр даражасига эга. Улар таъмирлаш амалиётлари билан бир қаторда ўрта аср китобат санъати мактабларини тиклаш борасида ҳам муҳим натижаларга эришмоқдалар. Яъни бўлимда миниатюра, наққошлик, хаттотлик, безакли муқова мактабларини тиклаш ишлари олиб борилмоқда.
Қўлёзмалар хазинасини янада бойитишга янги даврда қандай ҳисса қўшиляпти, соҳага муносиб кадрлар тайёрлаш масаласи... халқаро ҳамкорлик ва ўз ечимини кутаётган муаммолар...
Шу каби масалаларга қуйидаги ҳавола орқали жавоб топишингиз мумкин.
ЎзА мухбири
Абдулазиз РУСТАМОВ
суҳбатлашди.
https://uza.uz/uz/posts/tahlil-va-taklif-kelazhak-avlodga-noyob-qolyozma-manbalarini-bus-butun-etkazish-oson-kechmaydi-video_619871