"ADOLAT" SOSIAL-DEMOKRATIK PARTIYASI

Friday, 21 August 2026 04:19

"MAVƏRAÜNNƏHR TƏSƏVVÜFÜNÜN KÖKLƏRİ: TƏSƏVVÜF TƏLİMİNİN TƏŞƏKKÜLÜ VƏ SİSTEMLƏŞDİRİLMƏSİ (VIII–XI ƏSRLƏR)" kitobi chop etildi.

Rate this item
(0 votes)

Озарбайжон Илоҳиёт Институти ва Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ҳамкорлигида ЎзР ФА Шарқшунослик институти катта илмий ходими, тарих фанлари доктори, шарқшунос, манбашунос, профессор Комилжон Раҳимов муаллифлигидаги "MAVƏRAÜNNƏHR TƏSƏVVÜFÜNÜN KÖKLƏRİ: TƏSƏVVÜF TƏLİMİNİN TƏŞƏKKÜLÜ VƏ SİSTEMLƏŞDİRİLMƏSİ (VIII–XI ƏSRLƏR)" китоби чоп этилди.

Мовароуннаҳр - тасаввуф вужудга келган ва кенг илдиз отган ўлкалардан ҳисобланади. Марказий Осиё тасаввуфи тарихининг XII асргача, яъни сўфийлик тариқатлари пайдо бўлгунига қадар кечган даври тасаввуф ривожида муҳим ўрин тутиб, унинг кейинги тараққиёти учун мустаҳкам замин ҳозирлади. Сўфий аждодларимиз ўзларининг тасаввуфга бағишланган фундаментал асарларида шу даврга қадар тарқоқ ҳолда кўзга ташланган ушбу таълимотни бир тизимга солишга эришишди. IX асрда Ҳаким Термизий томонидан бошлаб берилган тасаввуф таълимотини тизимлаштириш X аср охирлари – XI аср бошларида Калободий Бухорий ва Мустамлий Бухорийлар томонидан ниҳоясига етказилди. Бу эса XII асрдан бошлаб ислом дунёсининг турли ўлкалари, жумладан, қадимий Мовароуннаҳрда вужудга кела бошлаган сўфийлик тариқатларининг шаклланиши учун назарий асос бўлиб хизмат қилди.

Шарқшунос, манбашунос ва тасаввуфшунос, тарих фанлари доктори, профессор Комилжон Раҳимовнинг мазкур монографиясида Марказий Осиё тасаввуфининг сўфийлик тариқатларигача бўлган даври муҳим хусусиятлари, асосий ғоялари, йирик намояндалари ва Калободий Бухорий битган «Ат-Таъарруф» ва Мустамлий Бухорий қаламига мансуб «Шарҳ ат-Таъарруф» асарларининг сўфийлик манбалари орасидаги ўрни, «Шарҳ ат-Таъарруф» асарининг тасаввуфга оид муҳим асар сифатидаги аҳамияти ҳамда унинг ўзидан кейинги тасаввуф манбаларига таъсири тадқиқ этилган.

Айтиш лозимки, шу пайтгача жаҳон шарқшунослигида тасаввуф тарихи ва таълимоти бир қадар кенг ўрганилган бўлса-да, турли мамлакатлар тадқиқотчилари ўз давлатлари ёхуд ўзлари тегишли бўлган илмий-маданий ёки мафкуравий доираларда ҳоким бўлган қарашлардан келиб чиққан ҳолда, тасаввуф тарихи ва унинг даврлари, сўфийлик таълимоти ва унинг таркибий унсурлари, сўфийлик мактаблари, оқимлари ва тариқатлари борасида турлича хулосаларга келишган. Жумладан, аксарият хорижлик шарқшунослар ислом дунёсининг бошқа минтақалари қаторида Марказий Осиёда ҳам бошқа тасаввуф мактабларидан алоҳида тасаввуф мактаби шаклланганлиги ва унинг тасаввуф тараққиётида муҳим ўрин тутганлигига эътибор беришмаган.

Ўзбек тасаввуфшунослигида эса, IX–X асрлар чегарасида яшаб ўтган Ҳаким Термизий ижоди борасида амалга оширилган алоҳида тадқиқотларни айтмаганда, ўлкамиз тасаввуфи тарихи асосан XII асрдан – яссавия ва хожагон-нақшбандия тариқатлари вужудга келган даврдан бошлаб ўрганилар экан, унинг ушбу давргача бўлган тарихи деярли тадқиқ этилмаган.

Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази бош илмий ходими, тасаввуфшунос, тарих фанлари доктори, профессор Комилжон Раҳимов ўзининг ушбу монографик тадқиқотида ўзбек тасаввуфшунослигидаги мазкур бўшлиқни тўлдиришга – ўлкамиз тасаввуфи тарихининг ҳанузгача эътибордан четда қолиб кетган муҳим босқичи бўлган VIII–XI асрларда, яъни хожагон-нақшбандия тариқати вужудга келгунига қадар кечган даврини, умумий тарзда бўлса-да ёритиб беришга, шунинг баробарида, бу даврда бошқа минтақавий тасаввуф мактабларидан мустақил бўлган Марказий Осиё тасаввуф мактаби шаклланганлиги ва ривожланганлигини исботлаб беришга эришган.


Қўлингиздаги тадқиқот мисолида Марказий Осиё тасаввуфи тарихини ўрганишга бўлган янгича ёндашувнинг вужудга келганлигини кўрмоқдамиз. Биз мазкур ёндашув асосида янгидан-янги изланишлар ва тадқиқотларнинг амалга ошишига, жумладан, ўлкамиз тасаввуфи тарихининг шу пайтга қадар яхши ўрганилмаган бошқа даврлари, вакиллари ва асарлари ҳам ана шундай ҳар тарафлама, яхлит, тизимли ва теран тадқиқотлар объектига айлантирилишига умид қилиб қоламиз.

 

 

 

 

 

Read 2 times Last modified on Friday, 21 August 2026 04:23

BIZ BILAN BOG'LANISH

Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…