Тарихдан маълумки, туркий мамлакатлар билан қадимдан то бугунги кунга қадар алоқаларни кенгайтириб, мустаҳкамлаб келаётган давлатлар келажаги ҳамиша истиқболли ва манфаатли бўлган.
Яқинда Туркий академия томонидан “Покистон ва туркий дунё: миллий ўзлик, дипломатия ва стратегик ҳамкорлик” (Pakistan and the Turkic World: Identity, Diplomacy and Strategic Partnership) номли китоб нашр этилди.
Асарда Покистон Ислом Республикасининг туркий мамлакатлар билан қадимги даврдан то бугунги кунга қадар алоқалари ҳамда келажак истиқболлари тадқиқ этилган.

Китобда Покистоннинг Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Туркманистон ва Ўзбекистон билан узоқ тарихдан бошлаб, замонавий даврга қадар давом этган муносабатлари ёритилган. Асарнинг 220–240-саҳифаларини қамраб олган саккизинчи боб — “Ўзбекистон–Покистон алоқалари: тарихий ўзаро боғлиқликнинг тикланиши” деб номланган бўлиб, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, тарих фанлари доктори, профессор Баҳром Абдуҳалимов томонидан тайёрланган.
Мазкур бобда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги алоқалар кенг қамровли таҳлил этилган бўлиб, уларнинг илдизлари Буюк Ипак йўли даврига бориб тақалиши таъкидланади. Муаллиф Кушон подшоҳлиги, Темурийлар сулоласи ва Бобурийлар давридаги тарихий боғлиқликни замонавий ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор сифатида кўрсатади.
Тадқиқотда икки давлат муносабатларининг асосий йўналишлари таҳлил қилинган: жумладан, Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон темир йўли каби стратегик савдо йўлакларини ташкил этиш, Афғонистонда барқарорликка эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва маданий-гуманитар алмашинув масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Муаллиф хулосаларига кўра, икки томонлама сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳамкорликка таянган ҳолда Ўзбекистон ва Покистон нафақат ўзaro алоқаларни мустаҳкамламоқда, балки Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги минтақавий интеграция жараёнларига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Бу ҳамкорлик минтақа учун муҳим бўлган барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш салоҳиятига эга экани таъкидланади.
Шу билан бирга, унинг келгуси истиқболлари инфратузилмани ривожлантириш ҳамда хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликнинг изчил давом эттирилишига боғлиқ экани алоҳида қайд этилади.
А.РУСТАМОВ, ЎзА